Рус православ черкови патриархи Кирилл якшанба куни қилган ваъзида Украина билан урушда ўлим «барча гуноҳларни ювади» деди ва амалда сафарбар қилинган русларни Исо Масиҳ билан қиёслади.
Тегишли видео Россиянинг SOTA онлайн-нашри телеграм-каналида эълон қилинди.
«Черков биладики, агар кимдир бурч туйғуси, қасамёдни бажариш зарурати туфайли ўз даъватига содиқ қолса ва ҳарбий бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлса, у шубҳасиз қурбонликка тенг бўлган ҳаракатни қилади. У бошқалар учун ўзини қурбон қилади. Ва шунинг учун биз ишонамизки, бу қурбонлик инсон қилган барча гуноҳларни ювади», — деди Кирилл.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан сўнг, Рус православ черкови раҳбари Патриарх Кирилл амалда Россиянинг агрессиясини қўллаб-қувватлади ва тажовузкор мамлакат ҳарбийларига украиналикларни ўлдириш учун дуо қилди. Хусусан, апрель ойида Россия Федерацияси қуролли кучлари ибодатхонасида хизмат қилаётганда Кирилл рус аскарларини мақтаб, Украина мустақиллигини шубҳа остига қўйди.