loader
Foto

Намознинг сифати

Сўнг, ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндиги остига қўяди. Аёл киши кўксига қўяди. Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади. Рукуъдан турганда ва икки ийднинг такбирлари орасида қўлларини қўйиб юборади.

Кейин сано ўқийди. «Важжаҳту важҳи»ни ўқи-майди.

Кейин, сано учун эмас, қироат учун «аъуузу биллааҳи»ни ўқийди. Буни намозга кеч қолган одам ҳам айтади. Уни имом икки ийднинг такбирларидан кейин айтади.

Кейин «Бисмиллаҳи»ни ўқийди. «Фотиҳа» билан зам суранинг орасида эмас. Буларнинг ҳаммасини ичида ўқийди.

Сўнгра «Фотиҳа»ни ўқийди ва иқтидо қилувчи каби, ичида «омийн»ни айтади.

Кейин такбир айтиб рукуъга боради ва икки қўли билан, панжаларини ёзган ҳолида, тиззаларини ушлайди. Белини текис тутади ва бошини кўтариб ҳам, тушириб ҳам юбормайди. Уч марта тасбиҳ айтади. Бу энг ози. Кейин бошини кўтаради ва «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтади. Имом шу билан кифояланади. Иқтидо қилувчи «Роббанаа ва лакал ҳамд»ни айтади. Якка намозхон иккисини жамлайди.

Сўнгра тўғриланиб тик туради. Кейин такбир айтиб саждага йиқилади. Бас, олдин икки тиззасини, кейин панжаларини жуфтлаган ҳолда икки қўлини қўяди. Кейин, чиғаноқларини керган ва қорнини икки сонидан ажратган ва оёқ панжаларини қиблага қаратган ҳолда, икки қўлининг орасига бошини қўяди. Уч марта тасбиҳ айтади.

Ҳажми бор ва устида пешонаси қарор топадиган ҳар бир нарса устига сажда қилса, жоиз. Шунингдек, издиҳомда намоз ўқиётган шахснинг орқасига ҳам. Аёл киши пасайиб қорнини икки сонига теккизади.

Кейин, намозхон такбир айтган ҳолида бошини саждадан кўтаради ва хотиржам ўтиради. Сўнг, такбир айтиб, хотиржам сажда қилади. Кейин, такбир айтиб, бошини, кейин икки қўлини, кейин икки тиззасини кўтаради. Ерга суянмайди.

Иккинчи ракъат биринчига ўхшайди. Лекин унда сано, «аъуузу» айтиш ва қўл кўтариш йўқ. Қачон уни тамом қилса, чап оёғини тагига қилиб, унинг устига ўтиради. Ўнг оёғини, панжаларини қиблага қаратган ҳолда, тик тутади. Икки қўлини ёзиб, панжаларини қиблага қаратган ҳолда икки сонига қўяди. Аёл киши икки оёғини ўнг тарафдан чиқариб думбаси ила ўтиради. Кейин, Ибн Масъудга ўхшаб ташаҳҳуд ўқийди. Унга ҳеч нарсани зиёда қилмайди.

Аввалги икки ракъатдан кейинги ракъатларда «Фотиҳа»ни овозини чиқармай қироат қилади. Агар тасбиҳ айтиб сукут сақласа ҳам, жоиз.

Сўнгра худди аввалгига ўхшаб ўтиради ва ташаҳҳуддан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтади. Кейин, одамлардан сўрамайдиган нарсалар ила дуо қилади ва ўша ердаги одам ҳамда малакларни ният қилиб ўнг ва чап тарафларига салом беради.

Иқтидо қилувчи ён тарафда бўлса, бирида, тўғрисида бўлса, иккисида ҳам имомни ният қилади.

Якка намозхон фақат малакни ният қилади.



Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи жуда усталик билан, оз иборалар ишлатиб, намозни қай тарзда ўқишни баён қилганлар. Аммо бу баёндаги ҳар бир сўзнинг ортида кўпгина шаръий далил ва ҳужжатлар турибди. Биз шарҳ давомида уларни қўлдан келганича ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Шу билан бирга, шариат аҳкомларини омма мусулмонларга осонлаштириб ва тартибга солиб беришда фақиҳларнинг беқиёс хизматларини ҳам ёдга олишимиз керак.

Намозхон намозни бошлашни ирода қилса, «ҳамза» ва «бо»ни чўзмасдан такбир айтиб, икки бош бармоғини қулоқларининг юмшоқ жойларига теккизади.

Намоз ўқишни ният қилган одам «Аллоҳу акбар!»нинг «Аллоҳ» ва «акбар» сўзларидаги «А»ни ва «акбар»даги «б»ни чўзмасдан такбир айтади. Такбирни, тик туриб, қиблага қараган ҳолда айтиш шарт. Ўтирган ҳолида айтиб, кейин тик турса, бўлмайди.

Келганда, имом рукуъда турган бўлса, у ҳам энгашиб олиб такбир айтса, бўлмайди. Аммо такбир айтаётганида қомати тик турганга яқин бўлса, бўлади.

Имом такбирни овоз чиқариб айтади.

Иқтидо қилувчининг такбири имомникидан олдин тугамаслиги лозим.

Такбир айтиш билан баробар икки қўлнинг бош бармоқлари учи қулоқларнинг юмшоқ жойларига теккизилади.

Бу амалларнинг ҳужжатлари қуйидагилар:

Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб қўлларини кўтариб қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўрганлари айтилган.

Тоҳовий, Дора Қутний ва Исҳоқ ибн Роҳовайҳ Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларининг бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.

Имом Ҳоким ва Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.

Қўллар кўтарилганда бармоқлар оддий ҳолатда тутилиб, ички тарафи қиблага қаратилади. Яъни, бармоқларнинг ораси ўта ёзиб ҳам юборилмайди ёки жуфт-лаб ҳам олинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шу нарса таъкидланган.

Аёл киши икки қўлини икки елкаси баробарида кўтаради.

Чунки, унинг учун шундоқ қилиш сатрлироқ.

Ҳар бир улуғлашга далолат қилувчи нарса ила, агар форсча бўлса ҳам, дуони қўшмаган ҳолда, намозни бошлаш жоиз.

Аммо уламолар, «Аллоҳу акбар»дан бошқа лафз ила намозни бошлаш макруҳ, деганлар. Юқоридаги фикр эса, шу маънодаги турли ибораларнинг жоизлигини билдириш учун айтиб қўйилган, холос. Унга ҳеч ким амал қилмаган ва қилмайди ҳам.

Форсча қироат қилиш жоиз эмас. Илло, узр бўлса, мустасно. Шунга фатво берилади.

Арабчани билмаган одам уни ўрганиб олгунича, ёки кифоя қиладиган даражада оятларни ёдлаб олгунича бош¬қа тилда оятларнинг маъносини ўқиб туришига рухсат берилган. Лекин бу масала ҳам олдингисига ўхшаб воқеъликда амал қилинмайдиган рухсат, холос.

Сўнг, ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб киндиги остига қўяди.

Бунинг далили қуйидагича:

Қабийса ибн Ҳулбдан у отаси розияллоҳу анҳудан  ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имомлик қилар, чап(қўл)ларини ўнг(қўл)лари билан ушлаб олар эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши:

«Суннат – намозда кафтни кафт устига қилиб, киндикнинг остига қўйиб туришдир», – деди».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ушбу ривоят Ҳанафий мазҳабида татбиқ қилинган. Буни бошқа кўпчилик уламолар ҳам қўллаганлар.

Аёл киши кўксига қўяди.

Шундоқ қилиш аёл киши учун мосдир.

Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади.

Шунинг учун, санода, қунутда ва жаноза намозида ҳам қўл боғланади.

Рукуъдан турганда ва икки ийднинг такбирлари орасида қўлларини қўйиб юборади.

Яъни, рукуъдан турганда то саждага кетгунча қўллари қўйиб юборилади. Икки ийднинг такбири зоидаларини айтаётганда ҳам ҳар такбирни айтгандан кейин қўлни ёнга тушириб, кейингисини айтаётганда қулоққа кўтарилади. Бу ҳукмга уламолар иттифоқ қилганлар.

Кези келганда, матнда бўлмаса ҳам, оёқни қандоқ қўйиш ҳақида икки оғиз сўз айтиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Ҳанафий мазҳабида, қиёмда турганда оёқларнинг орасини тўрт энлик очиб туриш суннатдир, дейилган. Ана ўша хушуъга яқиндир.

Кейин сано ўқийди.

Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси қачон намозга турсалар, такбир айтар эдилар ва сўнгра:

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарока исмука ва таъаалаа жаддука ва лаа илааҳа ғойрука», –дер эдилар.

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Имом Термизий, ушбу ҳадис бу бобдаги энг машҳур ҳадисдир, деганлар.

Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари санога ушбу дуони ўқишни ихтиёр қилганлар. Дуонинг маъноси:

«Аллоҳим! Сенинг Ўзингни поклаб ёд этаман ва Сенга ҳамду сано айтаман. Исминг муборак бўлди. Шаънинг олий бўлди. Сендан бошқа илоҳу маъбуд йўқ».

Санони имом ҳам, муқтадий ҳам, якка намозхон ҳам айтади.

Имом рукуъда турганда келиб қўшилган одам такбири таҳримани айтади-ю, санони ўқимайди.

Имом саждада турганда ёки қаъдада ўтирганда келиб қўшилган одам такбир ҳам айтади ва сано ҳам ўқийди.

«Важжаҳту важҳи»ни ўқимайди.

Чунки, буни бошқа мазҳаб олган ва бир сано ўқигандан кейин бошқасини қўшиш дуруст эмас.

Кейин, сано учун эмас, қироат учун «аъуузу биллааҳи»ни ўқийди.

Буни фақат бир марта шу мақомда «Аъуузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўқиш билан амалга оширилади.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:

«Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин», деган (98-оят).

Яъни, аввал «Аъуузу биллааҳи минаш шайтонир рожий컬ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъуузу биллааҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китобини–Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужудини ва шуурини Аллоҳ таоло томон буради.

Буни намозга кеч қолган одам ҳам айтади.

Намозга кеч келиб қўшилган одам имом салом берганидан кейин туриб, ўзи етолмай қолган намозини ўқишни бошлаганда «Аъуузу биллааҳи»ни айтади.

Уни имом икки ийднинг такбирларидан кейин айтади.

Яъни, ийд намозига имомлик қиладиган шахс «Аъуузу биллааҳи»ни ийднинг биринчи ракъатидаги зоида такбирларни айтиб бўлганидан сўнг айтади. Чунки, ўшанда қироат бошланади.

Кейин «бисмиллаҳи»ни ўқийди. «Фотиҳа» билан зам суранинг орасида эмас.

Яъни, «Фотиҳа»дан олдин «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни айтади. Зам сурани ўқиш учун айтмайди. Бу фақат биринчи ракъатда бўлади, холос.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан очар эдилар».

Термизий, Ҳоким ва Дора Қутний ривоят қилишган.

Буларнинг ҳаммасини ичида ўқийди.

Яъни, сано, «Аъуузу биллааҳи» ва «Бисмиллаҳи»ларни ичида ўқийди, овозини чиқармайди.

Ибн Абу Шайба Иброҳийм ан-Нахаъийдан қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Имом тўрт нарсани: «аъуузу биллааҳи», «бисмиллаҳ», «субҳанакаллоҳумма» ва «омийн»ни махфий айтади», деганлар.

Имом Тоҳовий Абу Воилдан қилган ривоятда:

«Умар ва Али розияллоҳу анҳумо «Бисмиллаҳир роҳмаанир роҳийм»ни ҳам, «омийн»ни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.

Сўнгра «Фотиҳа»ни ўқийди ва иқтидо қилувчи каби, ичида «омийн»ни айтади.

Намознинг ҳар бир ракъатида «Фотиҳа» сурасини ўқиш вожиблигини ва унинг далилларини аввал ўрганиб ўтдик.

Энди «омийн»ни ичида айтишнинг далилларини ҳам ўрганиб қўяйлик.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Дора Қутний Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овозларини пастлатиб, омийн, дедилар», дейилган.

Ҳанафийлар ўз мазҳабларини қувватлаш учун ақлий далил ҳам келтирадилар. Улар, ҳаммамиз омийнни айтишга иттифоқ қилганимиздек, унинг дуо эканига ҳам иттифоқ қиламиз (маъноси–қабул эт). Биз ушбу дуони махфий қилишни ихтиёр қилдик. Чунки, дуони махфий қилиш ошкора қилишдан афзал эканига сиз ҳам, биз ҳам иттифоқмиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг», деган, дейдилар.

Кейин, такбир айтиб рукуъга боради ва икки қўли билан, панжаларини ёзган ҳолида, тиззаларини ушлайди.

Белини текис тутади ва бошини кўтариб ҳам, тушириб ҳам юбормайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг рукуъларида худди шундоқ қилганлар.

Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир тўпига:

«Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман. Мен, у зотни кўрдимки, қачон такбир айтсалар, икки қўлларини икки елкалари баробар кўтарар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар. Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар», – деди.

Бухорий ривоят қилган.

Яъни, маҳкам қисиб, тизза кўзлари ила кафтларини тўлдириб ушлар эдилар. Ҳамма шундоқ қилиши керак.

«Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар.»

Яъни, рукуъда орқаларини тўппа-тўғри қилар эдилар. Уламолар, идишда сув қўйса турадиган бўлиб, дейишади.

Уч марта тасбиҳ айтади. Бу энг ози.

«Қачонки «Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни рукуъларингизда қилинг», – дедилар.

Қачонки, «Саббиҳ исма Роббикал Аъло» нозил бўлганда, у зот:

«Буни саждаларингизда қилинг», – дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз рукуъ қилса-ю, сўнгра рукуъида «Субҳана Роббиял Азийм» деб уч марта айтса, батаҳқиқ, рукуъи батамом бўлади. Бу энг озидир.

Қачон сажда қилса-ю, сўнгра саждасида «Субҳана Роббиял Аъло» деб уч марта айтса, батаҳқиқ, саждаси батамом бўлади. Бу энг озидир», – дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Кейин бошини кўтаради ва «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтади. Имом шу билан кифояланади. Иқтидо қилувчи «Робанаа ва лакал ҳамд»ни айтади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон имом «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, бас, сизлар: «Аллоҳумма Роббанаа лакал ҳамду» денглар. Чунки, кимнинг айтгани фаришталарнинг айтганига мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Якка намозхон иккисини жамлайди.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» десалар, кейин «Аллоҳумма Роббанаа ва лакал ҳамду», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Сўнгра тўғриланиб тик туради.

Турганда барча бўғинлари жойига тушиб хотиржам бўлиши керак. Рукуъдан турганда қўлларини кўтармайди.

Абу Довуд, Тоҳовий ва Ибн Абу Шайба Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни бошлашга такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқларининг юмшоқ жойларигача кўтарар, сўнгра уни қайтармас эдилар», дейилган.

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг рукуъга кетаётганда ва ундан тураётганда икки қўлини кўтараётганини кўриб қолиб, унга, бундоқ қилма, бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин қилиб, ке¬йин тарк этган нарса, деганлар.

Тоҳовий Мужоҳиддан қилган ривоятда:

«Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг орқасидан намоз ўқиганман, у киши биринчи такбирдан бошқа жойда икки қўлини кўтармас эди», дейилган.

Шунингдек, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари икки қўлни кўтариш ҳақида ҳадис ривоят қилган бўлсалар-да, намозда қўлларини кўтармас эканлар.

Кейин такбир айтиб саждага йиқилади. Бас, олдин икки тиззасини, кейин панжаларини жуфтлаган ҳолда икки қўлини қўяди.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. Қачон турсалар, икки қўлларини икки тиззаларидан олдин кўтарар эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Кейин, чиғаноқларини керган ва қорнини икки сонидан ажратган ва оёқ панжаларини қиблага қаратган ҳолда, икки қўлининг орасига бошини қўяди.

Имом Муслим Маймуна розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, қўлларини кериб орани очиб қўяр эдилар. Агар қўзи ёки улоқча ўтмоқчи бўлса, икки қўллари орасидан ўта олар эди», дейилган.

Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир тўпига:

«Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман. Мен, у зотни кўрдимки, қачон такбир айтсалар, икки қўлларини икки елкалари баробар кўтарар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар. Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар. Бас, қачон (рукуъдан) бошларини кўтарсалар, ғоз туриб, токи умуртқа суякларнинг ҳар бири ўз жойига тушгунча тўғрилар эдилар. Бас, қачон сажда қилсалар, икки қўлларини ерга теккизмас ҳам ва (ёнларига) йиғиштириб ҳам олмас эдилар. Ҳамда оёқ бармоқлари учини қиблага қаратар эдилар. Қачон икки ракъатдан кейин ўтирсалар, чап оёқлари устига ўтириб, ўнг оёқларини тик қилар эдилар. Қачон охирги ракъатда ўтирсалар, чап оёқларини олдинга қилиб, бошқасини тик қилиб мақъадларига ўтирар эдилар», – деди.

Бухорий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саждада мўътадил бўлинглар. Бирортангиз ҳам чиғаноғини итга ўхшаб ёймасин», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ит икки кафти ва чиғаноқларини ерга қўйиб ётади. Намозхон ўшандоқ қилмаслиги керак. Кафтларини қўйиб, чиғаноқларини кўтариб туриши керак.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини очиб қўяр эдилар. Ҳатто, қўлтиқларининг оқи зоҳир бўлар эди».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда:

«Қачон намоз ўқисалар, қўлларини қочирар эдилар. Ҳатто, қўзичоқ қўллари орасидан ўтмоқчи бўлса, ўта олар эди», дейилган.

Бу ривоятда саждада турган одам чиғаноқларини қанчалик кўтариб туриши ҳақида сўз кетмоқда. Демак, у уларни ерга ҳам, қорнига ҳам яқин қилмай, кўтариб туриши лозим.

Уч марта тасбиҳ айтади. Бу энг ози

Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади:

«Қачонки «Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни рукуъларингизда қилинг», – дедилар.

Қачонки «Саббиҳ исма Роббикал Аъло» нозил бўлганда у зот:

«Буни саждаларингизда қилинг», – дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз рукуъ қилса-да, сўнгра рукуъида «Субҳана Роббиял Азийм» деб уч марта айтса, батаҳқиқ, рукуъи батамом бўлади. Бу энг озидир.

Қачон сажда қилса-да, сўнгра саждасида «субҳана Роббиял Аъло» деб уч марта айтса, батаҳқиқ, саждаси батамом бўлади. Бу энг озидир», – дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Имом, одамларга малол келмаслиги учун, учтадан оширмагани маъқул. Якка намозхон ўзи билади.

Фарз намозларнинг рукуъ ва саждаларида тасбиҳдан бошқа нарсани айтилмайди.

Ҳажми бор ва устида пешонаси қарор топадиган ҳар бир нарса устига сажда қилса, жоиз.

Албатта, мазкур нарса жамодот ёки наботот бўлиши мумкин, аммо ҳайвонот бўлмаслиги шарт. Шу билан бирга, сажда қилинган нарсада пешона қарор топиб турадиган бўлиши лозим.

Шунингдек, издиҳомда намоз ўқиётган шахснинг орқасига ҳам.

Бу, иложи бўлмаганда, зарурат юзасидан берилган рухсат.

Аёл киши пасайиб қорнини икки сонига теккизади.

Аёл киши, бошқа ҳолатлардаги каби, саждада ҳам йиғинчоқ бўлиши, барча тарафдан сатрнинг тадбирини қилиши яхшидир. Шунинг учун, саждада ҳам у эркак каби эмас, балки ўзига хос сажда қилади.

Кейин, намозхон такбир айтган ҳолида бошини саждадан кўтаради ва хотиржам ўтиради.

«Аллоҳу акбар!» деб бошини саждадан кўтариб, ўтиради. Бу ўтиришни «икки сажда ўртасидаги ўтириш» дейилади. Унда ҳам намозхон бемалол, бўғинлари жойига тушадиган равишда ўтириши лозим. Икки сажда орасида суннат бўлган дуо йўқ.

Сўнг, такбир айтиб, хотиржам сажда қилади.

Бу иккинчи сажда бўлади. Бу саждани ҳам шошилмасдан, хотиржам ҳолда адо этилади.

Кейин, такбир айтиб, бошини, кейин икки қўлини, кейин икки тиззасини кўтаради. Ерга суянмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киши намозида тураётганда икки қўлига суянишидан наҳйи қилдилар».

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Иккинчи ракъат биринчига ўхшайди. Лекин унда сано, «аъуузу» айтиш ва қўл кўтариш йўқ.

Чунки, биринчи сано намозни бошлаш учун айтилган, ўшанинг ўзи кифоя қилади. «Аъуузу» эса, қироатни бошлаш учун айтилган. У ҳам, ўртада намозга ёт нарса содир бўлмагани учун, кифоя қилади. Қайтадан айтишнинг ҳожати йўқ. Қўл кўтариш такбири таҳримада бўлган ва ундан бошқа қўл қўтариш йўқлигига аввал далил келтирганмиз.

Қачон уни тамом қилса, чап оёғини тагига қилиб, унинг устига ўтиради. Ўнг оёғининг панжаларини қиблага қаратган ҳолда тик тутади. Икки қўлини ёзиб, панжаларини қиблага қаратган ҳолда икки сонига қўяди.

Бунинг далили қуйидагилар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва «Алҳамду лиллааҳи Роббил оламийн»ни қироат қилиш билан очар эдилар.

Қачон рукуъ қилсалар, бошларини кўтариб ҳам, пастга тушириб ҳам юбормас, лекин ўртача тутар эдилар.

Қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар, ғоз туриб олмагунларича сажда қилмас эдилар.

Қачон саждадан бошларини кўтарсалар, яхшилаб ўтириб олмагунларича яна сажда қилмас эдилар.

Ҳар икки ракъатда «Ат-таҳиййаату» ўқир эдилар.

Қачон ўтирсалар, чап оёқларига ўтирар ва ўнг оёқларини тик тутар эдилар. Шайтоннинг ақибидан ва йиртқичнинг ястанишидан наҳйу қилар эдилар.

Намозни салом бериш билан тамом қилар эдилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. Бас, қачон салом берсак, қўлларимиз билан, ас-салому алайкум, ас-салому алайкум, дер (ишора қилар) эдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга назар солдилар-да:

«Сизларга нима бўлди? Қўлларингиз ила худди отнинг қимирлаб турган думига ўхшатиб ишора қиляпсизлар? Қачон бирингиз салом берадиган бўлса, қўлини сони устига қўйсин ва биродарига ўнг ва чап тарафдан салом берсин», – дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Аёл киши икки оёғини ўнг тарафдан чиқариб, думбаси ила ўтиради.

Чунки, худди шу ҳолат унинг учун сатрлидир.

Кейин, Ибн Масъудга ўхшаб ташаҳҳуд ўқийди. Унга ҳеч нарсани зиёда қилмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кафтим икки кафтлари орасида турганда менга худди Қуръондан сура ўргатганлари каби ташаҳҳудни таълим бердилар:

«Ат-таҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййи-бату, ас-салааму алайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу, ас-салааму алайна ва алаа ибодиллааҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа Илаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу». Ул зот орамизда эканликларида шундай эди. Қабз қилинганларидан кейин «Ассалому» дедик. Яъни, алан Набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам».

Ташаҳҳуднинг маъноси:

«Табриклар Аллоҳ учундир, саловот ва барча гўзал сўзлар ҳам. Эй Набий! Сенга салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ, деб шаҳодат келтираман. Албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расули, деб шаҳодат келтираман».

Шу ерда, ташаҳҳудда бўладиган, аммо ҳанафий уламолар қилиш ёки қилмаслик ҳақида турли фикр айтган бир амални ҳам эслаб ўтмоғимиз яхши бўлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларига қўяр, панжаларини тугиб бош бармоқ ёнидаги бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонларига қўяр эдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда ташаҳҳудда ўтириш ва унда қилинадиган ишлар ҳақида сўз кетмоқда.

Ташаҳҳудда ўтирганда ўнг кафтни ўнг сонга, чап кафт-ни чап сонга қўйиб ўтириш. Панжаларни қиблага қаратиб ўтириш.

Ўнг бармоқ панжаларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги кўрсатгич бармоқ ила ишора қилиш.

Ўша бармоқни арабчада «саббоба» дейилади.

Шунинг учун, ташаҳҳудда қилинадиган ишорани ҳам «ишораи саббоба» дейилади.

«Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа» деганда «Лаа илааҳа»ни айтаётганда кўрсатгич бармоқни юқорига кўтариш ва «Иллаллоҳу»ни айтганда тушириш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқларни йиғиб олинади.

Баъзилар ушбу ривоятдаги «панжаларини тугиб»ни ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради, деб тушунганлар. Шунинг учун, аввалдан қўлларини муштга ўхшатиб ўтиришади ва «Лаа илааҳа»га келганда кўрсатгич бармоқларини юқорига кўтаришади. Панжаларини тугмасдан, бармоқларни оддий ҳолатда қиблага қаратиб, учларини тиззага етказиб ўтириш кўпроқ маъқул бўлган.

«Саббоба» сўкиш деганидир. Бинобарин, «ишораи саббоба» – «сўкиш ишораси» бўлади.

Ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа Иллаллоҳу»нинг «Лаа илааҳа»сида кўрсатгич бармоқни кўтариш шайтонни сўкиш бўлади. «Ишораи саббоба»ни қилиб бармоқни тушириш шайтонни темир қамчи билан уришдек гап, дейилади.

Ишорани қилгандан сўнг, намоз тамом бўлгунча ўша бармоққа қараб турилади. Ишораи саббоба пайтида тугилган панжа намоз охиригача ҳам ёзиб юборилмайди.

Баъзи уламоларимиз бу ишорани қилмасликни айтганлар. Аммо Ибн Ҳумом ва Али Қорий каби уламоларимиз, буни қилмаслик ривоят ва дироятга хилоф бўлади, деганлар.

Биз, устози ўргатганлар қилсин, ўргатмаганлар қилмасин, аммо ихтилоф бўлмасин, деймиз.

Унга ҳеч нарсани зиёда қилмайди.

Яъни, қаъдаи улаа–биринчи ўтиришда ташаҳҳудга ҳеч нарсани зиёда қилмайди. Уни ўқиб бўлиши билан учинчи ракъатга туриб кетаверади.

Имом Аҳмад Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ташаҳҳудни ўргатдилар. Бас, ўшани намознинг ўртасида ўтирганда ҳам, охирида ўтирганда ҳам «Ат-таҳиййаа-тудан «абдуҳу ва расулуҳу»гача айтар эди. Сўнгра, агар намознинг ўртасида бўлса, ташаҳҳуддан фориғ бўлганда турар эди. Агар охирида бўлса, ташаҳҳудидан кейин хоҳлаганича дуо қилар, сўнгра салом берар эди».

Аввалги икки ракъатдагидан кейинги ракъатларда «Фотиҳа»ни овозини чиқармай қироат қилади.

Пешин, Аср, Шом ва Хуфтон намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида фақат «Фотиҳа» сураси қироат қилинади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ва Асрнинг аввалги икки ракъатида китобнинг «Фотиҳа»си ила икки сурани, кейинги иккисида китобнинг «Фотиҳа»сини қироат қилар эдилар. Аҳёнда оятни эшиттириб қўяр эдилар. Биринчи ракъатида (қироатни) узоқ қилар, иккинчисида қисқа қилар эдилар. Бомдодда ҳам шундоқ қилар эдилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Агар тасбиҳ айтиб, сукут сақласа ҳам, жоиз.

Ҳамда намози дуруст бўлади.

Ибн Абу Шайба қилган ривоятда Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо:

«Аввалги икки ракъатда қироат қил. Кейинги икки ракъатда тасбиҳ айт», дейишган.

Сўнгра худди аввалгига ўхшаб ўтиради ва ташаҳҳуддан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтади.

Яъни, худди биринчи қаъдада ўтирганга ўхшаб ўтиради. Ўша охирги ўтиришда ҳам биринчи ўтиришдаги ташаҳҳуднинг худди ўзини ўқийди. Ташаҳҳудни ўқиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтади.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда:

«Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва алаа Оли Муҳаммадин. Камо соллайта алаа Иброҳийма ва Оли Иброҳима. Ва баарик алаа Муҳаммадин ва Оли Муҳаммадин камаа баарокта алаа Иброҳийма ва Оли Иброҳима. Иннака ҳамийдун мажийд», дер эдилар».

Бешовлари ва Шофеъий ривоят қилишган. Лафз ўша кишиники.

Ташаҳҳуддан кейин саловот айтиш суннатдир.

Саловатнинг сийғаси ҳам турли ҳадисларда турлича келган, ана ўшалардан бирисини айтилса, бўлади.

«Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин.»

«Аллоҳим! Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин.»

«Ва алаа Оли Муҳаммад.»

«Муҳаммаднинг оила аъзоларига ҳам.»

«Камо соллайта алаа Иброҳийма ва Оли Иброҳийма.»

«Худди, Иброҳимга ва Иброҳимнинг оила аъзоларига ўз раҳматингни нозил қилганингдек.»

«Ва борик алаа Муҳаммадин ва Оли Муҳаммадин.»

«Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига ўз баракангни нозил қил.»

«Камаа барокта алаа Иброҳийма ва Оли Иброҳийма».

«Худди, Иброҳимга ва Иброҳимнинг оила аъзоларига ўз баракангни нозил қилганингдек.»

«Иннака ҳамийдун мажийдун.»

«Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган зотсан.»

Кейин, одамлардан сўрамайдиган нарсалар ила дуо қилади ва ўша ердаги одам ҳамда малакларни ният қилиб ўнг ва чап тарафларига салом беради.

Намознинг ичидаги дуода одамлардан сўрайдиган нарсаларни тилаб дуо қилса, жоиз эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад келтирган ривоятда: «Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», деганлар».

Бизда Пайғамбар алайҳиссаломга саловотдан кейин «Аллоҳуммағфирлии» деб бошланадиган машҳур дуони ўқиш одатга айланган.

«Аллоҳим! Менга фалон нарсани ризқ қилиб бергин!» «Фистончини хотин қилиб бергин», каби дуолар ҳаромдир.

Намознинг ичидаги дуо албатта араб тилида бўлиши шартлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.

Саъд розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг тарафларига ва чап тарафларига салом беришларини кўрар эдим, у зотнинг ёноқларининг оқи кўринар эди».

Муслим ривоят қилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнгларига ва чапларига ёноқларининг оқи кўрингудек бўлиб салом берар ва:

«Ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ. Ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Муқтадий имомга эргашиб салом беради.

Намозга кеч қолган одам имомнинг саломини кутиб туриши ҳам суннатдир. Фақат, имом салом берганидан кейингина туриб, қолган намозини давом эттиради. Шундоқ қилганда, имом саҳв саждаси қиладиган бўлса, уни ҳам қилиш имкони бўлади.

Иқтидо қилувчи ён тарафда бўлса, саломнинг бирида, тўғрисида бўлса, иккисида ҳам имомни ният қилади.

Яъни, имомнинг ён тарафида намоз ўқиган одам фақат имом бор томонига салом берганда, унинг орқасида намоз ўқиган киши эса, икки саломида ҳам имомни ният қилади.

Якка намозхон фақат малакни ният қилади.

Чунки, у билан бирга фаришталардан бошқа ҳеч ким бўлмайди.

"Кифоя" китобидан, 1-жилд