loader
Foto

Мен – пайғамбарларнинг охиргисиман

Шарҳ: Аллоҳ таоло Одам Атони яратиб ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юборишни ирода қилди. Бу таълимотларни одамларга етказиш ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ҳам ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳ таолонинг иродаси ила Одам Атонинг ўзлари бўлди. Кейин эса, бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошлади. Аста-секин вақт ўтиши билан пайғамбарларнинг силсиласи узайиб келиб, уларнинг охирги ҳалқаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда бу жараён худди бир кўркам чиройли бино қурилишига ўхшатилмоқда.

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди». Бу дунёнинг тузилиши бир кўрган кўзни қувонтирадиган кўркам бино бўлса, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган ҳар бир пайғамбар ўша бинонинг бир ғиштидек гап. Мазкур бинонинг бир ғишти қўйилганда унинг камоли томон бир қадам ташлангандек, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни юборганда рисолат ва нубувват биноси ҳам янги бир ғишт терилгандек камолот сари кўтарилиб бораверган. Бориб-бориб мазкур бино битай деб ҳам қолибди. Фақатгина бир ғишт терилса, битадиган ҳолига келибди.

«Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади». У бинони томоша қилганлар қойил қолишар, аммо урилмаган биргина ғиштнинг мулоҳазасини қилиб, қани энди шу ғишт ҳам ўз ўрнига қўйилсаю бино мукаммал ҳолига келса, деган орзуни қилар экан. Ўша бир ғиштсиз мазкур бино нуқсонли бўлар экан. Мазкур бинонинг баркамоллиги охирги ғиштга қараб қолган экан. Агар ўша охирги ғишт қўйилмаса бино битган ҳисобланмас, уни кўрган одам битмай қолганига афсус қилар экан. Ана ўша пайтда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юбориб, нубувват ва рисолат биносининг охирги ва энг муҳим, энг афзал ғиштини ҳам қўйди.

«Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман». Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ўша нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти эканларини, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган пайғамбарларининг хотими, яъни якунловчиси эканларини таъкидламоқдалар. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурилиш битади. Ундан кейин бошқа ғишт қўйилмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юборгандан ке¬йин пайғамбарлик ниҳоясига етди. Энди бошқа пай¬ғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсада Алийму Хобийр бўлган Аллоҳ таоло Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсониятни Ўзи юборган пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни Ўзи ихтиёр қилди. Бунинг учун аввало нубувват ва рисолат биносини бир бутун ва мустаҳкам пойдеворлик қилди. Яъни, ҳар бир пайғамбарга юборган диннинг асоси бўлмиш ақийдани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам Атодан бошлаб Муҳаммад мус¬тафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз умматларини бир хил ақийдага чақирдилар. Бу ақийда Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча айблардан холи эканига, қиёмат кунига, ҳисоб-китобга, дўзах ва жаннатга иймон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақийда қисми бир хил ва ўзгармай туриши матлуб бўлгани билан, уларнинг амалий қисми – шариатлар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Аксинча, шариатлар замон ва маконга, халқлар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб бориши керак эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло диннинг пойдевори бўлмиш ақийда устига ҳар набийга берган шариатни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб бирин-кетин қўйиб турди.

Одам Атонинг даврида инсон жамияти содда бўлгани учун, уларга содда шариат жорий қилди. Мисол учун, шароитдан келиб чиқиб ўша шариатда ака-сингилнинг оила қуришига изн берилди. Кейин эса инсоният ўсиб бориши билан шариатлар ҳам ривожланиб борди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда инсониятни аста-секин тарбиялаб келди. Охирига келиб, инсоният камолга етганида, унга энг мукаммал ва боқий шариат, шариати Муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг гўзал ва энг сўнгги ғиштини қўйди.

Энди қиёматгача бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шариати барча замонлар, барча маконлар ва барча халқлар учун қиёмат қоим бўлгунча кифоя қилади. Ана шунинг учун ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал пайғамбар ҳисобланадилар. Пайғамбарларнинг хотими-тугатувчиси ҳисобланадилар. Бундан улуғ фазл бўлиши мумкин эмас.

“Ҳадис ва Ҳаёт”, 19-жилд