Исроил матбуоти хабарига кўра, фаластинлик деб тахмин қилинган жангари маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида Шуафат қочқинлар лагерига олиб борувчи назорат-ўтказиш пунктига яқинлашиб, постда турган исроиллик аскарларга қарата ўт очган.
Ўша кечада ЦАХАЛ аскари, 18 ёшли Ноа Лазар олган жароҳатларидан вафот этгани маълум бўлди.
Яна бир исроиллик аскар оғир яраланиб, Қуддусдаги Ҳадасса тиббиёт марказига етказилган, якшанба куни эса аскарнинг аҳволи оғирлигича қолаётгани маълум қилинган.
Шуафат қочқинлар лагеридан эканлиги тахмин қилинаётган ўқчини топиш учун катта ов бошланди.
Шуафат лагери халқ қўмитаси фаоли ва аъзоси Хедир ал-Диббснинг хабар беришича, лагерь ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳаёт Исроил блокадаси туфайли бутунлай "мажруҳ" қилинган.
Исроил кучлари ҳудудда қидирув рейдларини бошлагани сабабли шаҳар марказидан Исроил томонидан қурилган девори билан ажратилган лагерга кириш ва чиқишлар ёпилди. Диббснинг сўзларига кўра, лагерга юзлаб аскарлари бўлган камида бешта армия машинаси олиб келинган.
Лагернинг 100 мингга яқин аҳолиси "қамал қилинган", дея қўшимча қилди Диббс, ҳеч кимга, жумладан, шифокорлар ва ишчиларга ҳам кириш ёки чиқишга рухсат берилмаган, мактаблар ёпилган.
"Кечадан бери аҳвол дақиқа сайин ёмонлашмоқда", деди Диббс якшанба куни. "Армия томонидан бизга берилган бу жамоавий жазо билан вазият янада кучайиши мумкин."
Фаластин манбаларининг хабар беришича, Исроил кучлари лагерда кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар ишлатган, бир қанча уйларга бостириб кирган ва кўплаб одамлар ҳибсга олинган.
Исроил кучларига кўра, отишма содир этганликда гумон қилинган машинада бўлган уч фаластинлик, жумладан ҳайдовчи ҳибсга олинган. Ёши 20 дан ошган уч киши ҳужумга алоқадорлигини рад этди ёки ўқчининг нияти ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.
Шанба куни эрталаб Қуддуснинг Эски шаҳар ташқарисидаги Дамашқ дарвозаси яқинида Исроил қўшинлари Муҳаммад пайғамбарнинг таваллуд кунини нишонлаш учун йиғилган фаластинликларга ҳужум қилганидан сўнг кескинлик кучайган эди.
Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти маълум қилишича, Исроил кучлари оломонни тарқатиш учун резина қопланган ўқлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдалангани оқибатида камида 17 фаластинлик яраланган. Ўн киши касалхонага ётқизилган.
Камида 22 киши ҳибсга олинган.
Қалқиля ва Рамаллоҳ яқинларида яна икки вояга етмаган, жумладан 14 ёшли бир бола ўлдирилганидан бир неча соат ўтиб, шанба куни эрталаб Исроил кучлари ишғол остидаги Ғарбий Соҳилнинг Женин шаҳрида икки фаластинлик ўсмирни ҳам ўлдирди.
Диббс, зўравонликнинг кучайишига Исроил ишғоли айбдорлигини, қаршилик кўрсатишнинг оддий реакция эканлигини айтди.
"Биз Фаластин халқининг бир қисмимиз. Женин, Наблус, Хеврон, Тулкарм ва Фаластиннинг барча ҳудудларида содир бўлаётган воқеалар Шуафатда ҳам содир бўлмоқда".
Охирги ҳафталарда Исроил кучлари ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда вазият жиддийлашуви фонида Исроил нишонларига эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантиришдан сўнг огоҳлик даражасини оширди.
Жорий йилда Исроилликлар отган ўқлар оқибатида 160 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 50 нафари Ғазо секторида, камида 110 нафари Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда. Ғарбий Соҳилда ўлим даражаси 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткич қайд этилди.