loader
Foto

Бандаларнинг ҳақлари Аллоҳнинг ҳақларидан афзаллиги ҳақида

Фарзи айн Ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлиб, бундаги сусткашликни Аллоҳ кечириши мумкин, аммо бандаларнинг ҳақларига алоқадор бўлган фарзи айн бунинг аксидир. Уламолар айтадилар: Аллоҳ таолонинг ҳақлари кенглик устига барпо бўлган бўлса, бандаларнинг ҳақлари танглик устига қурилгандир.

Масалан, ҳаж ҳам вожиб, қарзни тўлаш ҳам вожиб, лекин қарзни тўлаш ҳаждан аввал туради. Мусулмон инсон қарзини тўламай туриб, ҳақдор сўрамасдан ёки қарз муддати узун бўлиб, уни кейин тўлашга ишонгунича ҳажга бориши жоиз эмасдир.

Саҳиҳ ҳадисларда айтилишича, бандаларнинг ҳақлари хусусан, молиявий ҳақлари шу қадар муҳимки, ҳатто Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлишлик (ваҳоланки бу ҳар бир мусулмон Парвардигорига яқинлашиш учун истайдиган иш) у инсоннинг қарзини соқит қила олмайди.

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Шаҳиднинг қарзидан бўлак барча гуноҳлари кечирилади”.

Бир киши сўради: Ё Расулуллоҳ, агар мен Аллоҳнинг йўлида ўлдирилсам, менинг хатоларим каффорат қилинадими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сен ортга қайтмай, олдинга интилиб сабр қилган ҳолингда Аллоҳнинг йўлида ўлдирилсанг, ҳа”, дедилар сўнгра: “Нима дединг?”, деб сўрадилар. Ҳалиги киши саволини қайтаргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жавобини қайтардилар ва қўшимча қилиб дедилар: “Фақат қарзгагина каффорат бўлмайди. Жаброил менга шундай деди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу сўзлари бундан ҳам ажиб: “Субҳоналлоҳ, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида ўлдирилиб сўнгра тирилтирилса, яна ўлдирилиб яна тирилса, сўнгра яна ўлдирилса-ю, бўйнида қарзи бўлса, қарзини тўламагунча жаннатга кирмайди”.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади, айтади: Менга Умар мана бу воқеани айтиб берди: Хайбар жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нафар асҳоблари биз томонга келиб, фалончи шаҳид, фалончи шаҳид, дейишди. Бир кишининг олдидан ўтиб, уни ҳам, “фалончи шаҳид”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, Мен уни дўзахда бир чопонга ўраниб олганини кўрдим” деди ва: “Эй Ибнул Хаттоб, боргин, одамларга нидо қил, жаннатга фақат мўминларгина кирадилар”, дедилар.

Юқоридаги ҳадислар нимага далолат қилади? Улар бандаларнинг ҳақлари, хусусан, уларнинг молиявий ҳақлари улуғлигига далолат қилади, у ҳақлар хусусий бўладими, умумийми, фарқи йўқ. Демак бир инсон бошқа бир инсоннинг ҳақини беизн олиши, уни ноҳақ ейиши жоиз эмасдир, гарчи у арзимас бўлса ҳам. Чунки бошланиш муҳимдир. Чунки озни олишга журъат қилган киши кўпга ҳам журъат қилади. Кичик ишлар катта ишларга олиб боради, катта олов кичик учқундан пайдо бўлади.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси