Қозоғистонда 11 октябрь оқшомида 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларига номзодларни кўрсатиш якунланди. Ариза берувчилар рўйхатида 12 киши бор. Улар орасида Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам бор бўлиб, унинг номзоди ҳукмрон "Аманат" партияси ҳамда 30 дан ортиқ партия ва ташкилотлардан иборат "халқ коалицияси" томонидан кўрсатилган. Тўқаевга ким рақобат қилиши ҳақида Zakon.kz ёзади.
Мейрам Кажикен - "Аманат" касаба уюшмалари республика уюшмаси томонидан кўрсатилган "Астона" халқаро илмий мажмуаси Иқтисодий тадқиқотлар институти раҳбари;
Нурлан Ауесбаев - мухолифатдаги Миллий социал-демократик партия (МСДП) вакили, унинг пойтахтдаги бўлими раиси. Бу Қозоғистондаги президентлик сайловларида сўнгги 16 йил ичида биринчи мухолифат номзоди;
Жигули Дайрабоев – "Атамекен" НПП Президиуми Агросаноат мажмуаси қўмитаси раиси, "Ауыл" Халқ демократик ватанпарварлик партиясидан номзод;
Каракат Абден — ижтимоий фаол, тўрт фарзанднинг онаси, Президент ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия аъзоси, «Миллий профессионал ижтимоий ишчилар альянси» томонидан номзоди кўрсатилган;
Жуматай Алиев - собиқ депутат, "Халқ демографияси" уюшмаси томонидан кўрсатилган. У 2019 йилги сайловларда номзод бўлишга ҳаракат қилган, бироқ Алиев қозоқ тили имтиҳонидан ўта олмагани учун МСК уни рўйхатдан ўтказмаган;
Талгат Ергалиев - Қозоғистон қурувчилар уюшмаси раиси;
Нуржан Алтаев - жамоат арбоби, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг собиқ ўринбосари;
Салтанат Турсинбекова - Астана жамоат кенгаши аъзоси, собиқ амалдор, аёллар ва болаларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оиладаги зўравонликка қарши кураш тарафдори;
Хайрулла Габжалилов - тарихчи, жамоат арбоби, миллий валютанинг биринчи дизайнини ишлаб чиқишда иштирок этган;
Бахит Жанабаев - "Қозоғистон футбол мухлислари лигаси"дан номзод, Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси департаментида ишлайди;
Фотима Бизакова - психолог, мураббий, Республика "Амалий психология" жамоат ташкилоти раҳбари.
Ҳозирча Қозоғистон МСК Тўқаев, Ауесбаев, Кажикен, Дайрабаев ва Абденни номзод сифатида рўйхатга олди, қолганларнинг ҳужжатлари текширилмоқда.
Даъвогар бўлиш учун ҳар бир номзод ⅔ вилоят сайловчиларининг камида 1 фоизи, яъни 118 мингдан ортиқ сайловчиларнинг имзосини тўплаши керак. Барча номзодлар туғилган жойи бўйича Қозоғистон фуқароси бўлиши, камида 40 ёшда бўлиши, мамлакатда сўнгги 15 йил яшаган, олий маълумотга эга бўлиши, давлат хизматида ёки сайланган лавозимларда иш тажрибасига эга бўлиши, фаол сайлов ҳуқуқига эга бўлиши ва сайловда давлат тилида эркин сўзлаша олиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари Тўқаевнинг ўзи ташаббуси билан 20 ноябрга белгиланган. Шу билан бирга, 1 сентябрь куни сўзга чиқиб, у давлат раҳбарининг ваколатлари муддатини етти йиллик бир муддат билан чеклашга чақирди. Парламент бу таклифни маъқуллади ва 17 сентябрь куни Тўқаев Конституцияга киритилган тузатишларни имзолади. Илгари Қозоғистон фуқаролари бир шахсни беш йиллик икки муддатга президент этиб сайлашлари мумкин эди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев 2019 йилда Нурсултон Назарбоев бу лавозимни тарк этгач, Қозоғистон президенти бўлган эди. Навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди. Агар Тўқаев уларни ютганида, 2029 йилгача мамлакатни бошқарган бўларди. Энди у 2022 йилги сайловларда ғалаба қозонса ҳам, унинг ваколат муддати 2029 йилда тугайди.