Iran International хабарига кўра, ўша куни полиция отряди Эроннинг норозилик намойишлари давом этаётган Ардабил шаҳридаги аёллар мактабларидан бирига келиб, талабалардан ҳукумат тарафдорлари митингида қатнашишни талаб қилган. Митинг иштирокчилари Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийни мадҳ этувчи тарғибот қўшиғини куйлашлари керак эди.
Ўқувчи-қизлар итоат қилишдан бош тортгач, полиция қизларни шафқатсизларча калтаклай бошлади. Калтаклаш натижасида 10 нафар ўқувчи қиз касалхонага ётқизилган; кейин улардан бири Асра Панаҳий вафот этди. Бундан ташқари, калтакланганидан кейин полиция бир неча қизни ҳибсга олиб, номаълум томонга олиб кетган.
Мактаб ўқувчисининг ўлдирилишидан сўнг Ардабилда норозилик намойишлари янги куч билан авж олди. 16 октябрь куни Твиттерда эълон қилинган видеода намойишчилар полициячиларга тош отгани ва автомобил шиналарини ёқиб юборганини кўриш мумкин. "Полковник! Бугун менинг қизим, эртага эса – сеники!", дея намойишчилардан бирининг сўзларини келтиради Iran International.
Эрон ўқитувчилар касаба уюшмаси полициянинг мамлакат мактабларида ўтказган қатор рейдлари ортидан аллақачон таълим вазирини истеъфога чиқишга чақирган.
Эронда норозилик намойишлари 22 ёшли Маҳса Амини 13 сентябрь куни ҳижобда "нотўғри" кийгани учун олиб кетилган полиция бўлимида ўлимидан сўнг бошланди. Ҳокимият сиёсатига норозилик белгиси сифатида эронлик аёллар ҳижобларини намойишкорона ёқиб юборишди, ўрта мактабларнинг юқори смеф ўқувчилари эса норозилик ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди. Кўча ҳаракатларини зўрлик билан бостиришга уринишлар натижасида, турли манбаларга кўра, 215 дан 233 гача одам ҳалок бўлган, улардан 27 нафари ўсмирлардир.