Жиноят иши материалларига кўра, гап вилоят туманларидан биридаги масжиддаги қишлоқ имоми ҳақида боради. У, шунингдек, жабрланувчи 14 ёшли қизнинг ота-онасига ҳам хўжалик ишлари бўйича ёрдам бериб юрган. 2020 йил январида у қизнинг уйда ёлғиз эканлигидан фойдаланиб, уни зўрлаган. У гиёҳванд моддалар таъсирида бўлганлиги ҳам аниқланган.
Судда аниқланишича, шундан сўнг мулла қизни яна уч марта: ўтган йилнинг феврал март ва июн ойларида зўрлаган. Зўрлаш натижасида қиз ҳомиладор бўлган.
"Судланувчининг айбдорлиги исботланди. Жабрланувчи, унинг қонуний вакиллари, гувоҳлар судда сўроқ қилинди, ўтказилган текширишлар натижалари ва ишда тўпланган далиллар ўрганилди. Прокурор айбланувчини Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 120-моддаси 4-қисми ("Вояга етмаганларни зўрлаш") бўйича айбдор деб топиб, 20 йил қамоқ жазосини қўллашни сўради. Жабрланган томон прокурорнинг талабига рози бўлди", - дейилади Қарағанда вилояти СМУС матбуот хизмати хабарида.
Айбланувчи айбни фақат қисман тан олди. Унинг адвокати жазони енгиллатишга ҳаракат қилди.
Бу орада суд уни вояга етмаган кизни бир неча бор зўрлаганликда айбдор деб топди ва 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
У жазони фавқулодда хавфсизлик колониясида ўтайди. Шунингдек, у педагогик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан ҳам умрбод маҳрум қилинди.
Судда таъкидланганидек, унинг айбини енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар суд томонидан аниқланмаган.