loader
Foto

Конгрессда ким ҳукмронлик қилишидан қатъи назар, Украина қувватланади

Демократ сенатор Марк Воррнер, Сенатда Разведка қўмитаси раиси, "Америка Овози" билан суҳбатда дейдики, партиялар Украина юзасидан умуман олганда ҳамфикр ва унинг учун бирдек қайғуради.

Сайлов натижалари Вакиллар Палатаси республикачилар қўлига ўтишидан дарак бермоқда. Сенатда эса бундай аниқлик йўқ. Ворнернинг она штати Виржиниядан бугун Украинага катта миқдорда тиббий кўмак кетган.

Демократ сенатор Крис Кунс ва республикачи сенатор Роб Портман яқинда бирга Украинани айланиб келди. Киевга айтишганки, Вашингтон ёрдами партия танламайди.

Вакиллар - республикачи Адам Кинзингер ва Виктория Спартз, демократ Энди Левин ва Дейвид Прайс ҳам "Америка Овози" билан суҳбатларда бу борада қайд этган.

Президент Жо Байден уруш бошланганидан бери Киевга 20 миллиард долларга яқин миқдорга тенг қурол-аслаҳа ва гуманитар ёрдам жўнатган. Конгресс бунга қаршилик қилмаган.

Вакиллар палатасида спикерликка шайланаётган Кевин Маккарти Америка матбуоти билан мулоқотларда Украинага мадад қайта кўриб чиқилади, дея бот-бот таъкидламоқда.

Республикачилар партиясида Байденни Украинага "шартсиз" қувватлаётганликда айблайдиганлар кўп.

“Мен Украина тарафидаман албатта, лекин ёрдам бериш ва олишнинг ўз масъулияти бор. Маблағни аяб ишлатишимиз керак ва бу масала Конгрессда очиқ муҳокамада бўлиши лозим”, - дейди Маккарти.

Ҳозиргача берилган ёрдамнинг катта қисми Конгрессда фақат қўмиталарда кўриб чиқилган. Киевдан таҳлилчи Микола Давидюк дейдики, Украина огоҳ туриши керак.

“Биз бу партияларни танлай олмаймиз. Қувватловга ишонамиз. Биз нафақат дўстмиз, балки муштарак қадриятларга эга ҳамкорлармиз. Демократия тарафдоримиз. Автократия ва диктатурага қаршимиз", - дейди Давидюк.

Эксперт Володимир Фесенко республикачиларга шубҳа билан қарайди.

“Республикачилар Украина борасида Оқ уйни саволга тутиб, бюджетни рўкач қила бошлаши мумкин. Улар аллақачон айтишганки, ёрдам бериш жараёни таҳлил қилинади. Бу дегани тўсиқлар қўйилиши мумкин", - дейди Фесенко.

Россия сенатори Алексей Пушков назарида Конгрессда ҳар икки партия "Украинани мойлайверади".

"Бироқ республикачилар Байден маъмуриятига Киевга молиявий ёрдам узатишни қийинлаштиришга бел боғлаган", - дея хулоса қилади у.