"Бомбани Бейўғлуда қолдирган шахс Истарбул хавфсизлик бошқармаси томонидан қўлга олинди. У сўроқ қилинмоқда", — дея вазирнинг 14 ноябрга ўтар кечаси сўзларидан иқтибос келтиради «Анадолу» агентлиги.
Сойлунинг таъкидлашича, терговда террорчилик ҳужуми излари Сурияга олиб бориши ва бунга Анқара томонидан террорчи деб тан олинган курд гуруҳлари алоқадорлигини кўрсатувчи далиллар мавжуд.
Сал аввал Туркия Адлия вазирлиги Истанбулдаги воқеаларнинг эҳтимолий версиясини илгари сурганди: бомба сумка ёки пакетда олиб келинган бўлиши мумкин, шундан сўнг у ўз-ўзидан портлаган ёки масофадан туриб ишга туширилган.
Портлаш шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик жойларидан бири бўлган Истиқлол пиёдалар кўчасида содир бўлган. Мавжуд маълумотларга кўра, олти киши ҳалок бўлган - тўрт нафари воқеа жойида ва иккитаси касалхонага ётқизилганидан кейин, шунингдек, 81 киши жароҳатланган. Қурбонлар орасида Туркия Оила ишлари ва ижтимоий хизматлар вазирлиги ходими ва унинг қизи ҳам бор.
Расмийлар Истанбулнинг марказий пиёдалар кўчаларидан бирида содир бўлган портлашни теракт сифатида баҳоламоқда. Хусусан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған воқеада "терроризм аломатлари борлигини" айтди. Тергов жиноятни бомбани фаоллаштирган аёл содир этган деб ҳисобламоқда.