НАТО Парламент ассамблеяси Россияни террорчи давлат деб тан олди ва россияликларни жазолаш учун махсус халқаро трибунал ташкил этишга чақирди. Бу ҳақда Украинанинг "Халқ хизматкори" партияси хабарига таяниб, "РБК-Украина" хабар бермоқда.
– НАТОнинг барча 30 та давлати делегациямиз таклифларини қўллаб-қувватлади. Бундай трибунал нафақат ҳарбий жиноятларнинг бевосита айбдорларини, балки Россия Федерацияси олий раҳбариятини ҳам ҳукм қилиш имконини беради. Резолюция НАТОга аъзо барча мамлакатлар ҳукуматлари ва парламентларига юборилади, — деди Украина халқ депутати, НАТО Парламент ассамблеясидаги Украина доимий делегацияси раҳбари Егор Чернев.
Унинг сўзларига кўра, НАТО Парламент ассамблеяси резолюциясида Украина учун бир қанча муҳим қарорлар бор:
- Украинага қурол етказиб бериш ҳажмини ошириш;
- Украинанинг НАТОга кириши учун аниқ қадамлар ишлаб чиқиш;
- Украинага етказилган зарар учун Россия Федерациясидан товон ундириш механизмини яратиш.
Шу билан бирга, резолюцияда НАТОнинг альянс Украинани зарур бўлган вақтгача қўллаб-қувватлаши ҳақидаги позицияси мустаҳкамланган.