loader
Foto

Нега мусулмон давлатлари ортда қолмоқда?

Бугунги кунда бирорта мусулмон давлати ривожланган давлатлар рўйхатида йўқ. Уларнинг аксарияти рўйхатнинг охирида ёки ўртасида жойлашган. Туркия Республикаси ривожланган давлатлар қаторига кириш учун эндигина куч тўпламоқда. Бундан ташқари, Индонезия, Саудия Арабистони ва Малайзия кучли иқтисодиётга эга ривожланаётган давлатлар қаторига киритилган.

Нега мусулмон давлатлари бунчалик кам ривожланган ва қашшоқ? Бунинг асосий сабаби, биз тақвони дангасаликдан, динни илмдан фарқлашни тўхтатдик. Қуръонда тасвирланган оддий солиҳ ҳаёт билан мусулмон мамлакатларидаги оғир аҳвол ўртасидаги фарқ осмон билан ер ўртасидаги кабидир. Чунки биз бу қашшоқлик ва қолоқлик бўйинтуруғини ўзимизнинг дангасалигимиз ва илм-фанга етарлича эътибор бермаганлигимиз туфайли ўз зиммамизга юклаганмиз.

Замонавий мусулмонлар одамларга бахтли ҳаёт учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бера олмагани учун бахтсиз ҳаёт кечиришади. Энг паст кўрсаткичлар уларнинг қай даражада аянчли аҳволда эканликларини кўрсатади. 1,7 миллиардга яқин аҳолиси бўлган, яъни ер юзидаги умумий аҳолининг 23,4 фоизини ташкил қилувчи мусулмон давлатларининг аҳволи жуда ачинарли.

Бугунги кунда фан ва техниканинг бошида ихтиро (патентга эгалик) турибди. Илмий кашфиётлар уларнинг ривожланишининг юқори суръатларидан далолат беради. Айни пайтда мусулмон давлатларининг жаҳон юқори технологиялар экспортидаги улуши 3,7 фоизни, жаҳон ихтироларидаги улуши 1,9 фоизни, жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 7,9 фоизни, экспорт улуши 6,9 фоизни, импорт 7,2% ни ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, 1,7 миллиард аҳолига эга барча ислом давлатларининг ялпи ички маҳсулотидаги улуши жаҳон кўрсаткичининг 10 фоизига ҳам этмайди.

Технологиялар, айниқса, ташқи омилларга боғлиқ. Қолаверса, мусулмон давлатларининг қолоқлиги сабабларига заиф ишлаб чиқарувчи кучлар, шунингдек, фақат хомашё экспорти сабаб бўлиши мумкин.

Умуман олганда, мусулмон давлатларининг юқори технологияларни экспорт қилиш салоҳияти биргина Жанубий Корея экспортининг ярмига ҳам етмайди.

Агар Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 давлатнинг юқори технологиялар экспортидаги улуши 78,7 миллиард долларни ташкил этса, уларнинг 63,3 миллиарди (80,5 фоизи) Малайзияга тегишли. 2014-йилда эса Кореянинг юқори технологиялар экспортидаги улуши 133,4 миллиард долларни ташкил этди. Фақат шу мисолда мусулмон давлатлари тараққиётдан қанчалик орқада қолганини кўриш мумкин. Ҳамма мусулмон давлатлари бирлашган ҳолда, биргина Корея давлатига ҳам яқин эмас.

2014 йилда мусулмон мамлакатлари томонидан олинган патентлар сони 47 000 га яқин (46 780) эди. Таққослаш учун: Кореяда бу кўрсаткич 220 296. Кореяга нисбатан барча мусулмон давлатларининг улуши 22,2 фоизни ташкил этади. Бу мисол мусулмон давлатлари устида тўпланган булутларнинг тез орада тарқалмаслигини аниқ кўрсатиб турибди.

2013 йилда мусулмон давлатлари фан ва технология журналларида 137 798 та мақола чоп этган. Улардан, Эрон Республикаси – 32,695, Туркия Республикаси – 30,402 ва 25 мингдан ортиғи Малайзия томонидан нашр этилган.

Ва ўша йили дунёда фан ва техника соҳасида 2 миллион 184 минг 420 та мақола чоп этилди. Ҳар 100 та мақола учун мусулмон мамлакатлари 6,3 ни ташкил қилади.

Бир сўз билан айтганда, фақат Туркия, Эрон, Саудия Арабистони, Индонезия ва Малайзия давлатлари цивилизация билан ҳамнафас бўлиш, замон билан ҳамнафас бўлиш учун бор куч-ғайратини сарфламоқда. Бошқа мамлакатларда алоҳида ғайрат йўқ.

Бинобарин, мусулмонлар билим, илм-фан ва юксак технологияга қўл чўзмаса, сўнгги ўринларда ва цивилизация чеккасида қолади. Токи ҳаётимиз Қуръон ва Суннат кўрсатмалари асосида қурилмагунча, ривожланган давлатлардан ортда қолаётганимиз учун фақат ўзимиз айбдормиз.