loader
Foto

Муҳаммад алайҳиссаломнинг чўлдаги телескопи

Баъзи файласуфлар ва табиатчи олимлар дунёни чексиз деб айтган бўлсалар, баъзилари уни чекланган, охири бор, деб билганлар. Ҳолбуки, фақатгина Қуръони карим дунёнинг, умуман, коинотнинг муттасил кенгайиб бораётган динамик бир борлиқ эканлигини хабар қилган. Бу жиҳатдан Қуръони карим дунёнинг умри чекланган эканлигини, шу билан бирга кенгайиб бораётганлиги боисидан коинот турғун ва чегараланган бир нарса эмаслигини маълум қилиб, мавжуд икки хил қарашга муқобил ўлароқ учинчи бир қарашни илгари сурмоқда ва бу илоҳий мужда билан инсониятга хитоб этмоқда. Шу тариқа, Қуръони карим тарих давомида инсонлар бош қотириб келган ушбу мавзуга ойдинлик киритиб, барча баҳсу мунозараларга нуқта қўйди, десак муболаға бўлмайди.



Мана, сизга, Қуръони каримнинг тенгсиз мўъжизалигини, унинг ягона ва қодири мутлақ яратувчи бўлган Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганлигининг яна бир далили. Бир томонда - на фалсафа ва на табиат илмлари билан машғул бўлмаган чўлдаги Муҳаммад алайҳиссалом, иккинчи томонда - фалсафа ва табиат билимдонлари саналмиш Арасту, Птолемей, Жордано Бруно, Толесио Патрисси, Галилео Галилей, Исаак Нютонларнинг иддаолари. Инсониятнинг даҳолари сифатида тан олинган бу олимлар тажриба ва кузатувлари натижасида коинотнинг чекли-чегарали эканлигини ёхуд бу дунёнинг чексиз эканлигини билдирганлар, аммо уларнинг ҳеч бири дунёмизнинг муттасил кенгайиб, янгиланиб бораётган борлиқ эканлигини, унинг ибтидоси бўлгани каби охири ҳам борлигини кўра олмаганлар. Фақатгина XX асрга келиб, Edwin Hubble телескоп орқали барча юлдуз тўпламлари ва галактикалар суръат билан бир-биридан узоқлашиб бораётганлигини аниқлади ва шу тариқа, яна бир илоҳий мўъжиза - Қуръони каримнинг хабари ўз тасдиғини топди.



Кўриниб турибдики, коинотнинг кенгайиб бориши назарияси фан ва техника тараққиёти асри бўлган XX асрдагина ўртага ташланди. Унгача Қуръони каримдан бошқа мазкур ҳақиқатдан сўз юритган ҳеч бир манба (!) мавжуд бўлмаган.

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЧЎЛДАГИ ТЕЛЕСКОПИ

Қуръони каримнинг Аллоҳ томонидан нозил этилганлигини инкор қилувчилар бу Китобни Муҳаммад алайҳиссалом ўзи ёзганини айтишмоқда. Яхши, у ҳолда, ўша шахслар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 1400 йил аввал коинотнинг кенгайишини билган тарихдаги ягона киши бўлганлигини қандай изоҳлайдилар? Ажабо, Муҳаммад алайҳиссалом 1900 йилларда ихтиро қилинган телескопга ўхшаш бир асбобни 6 асрда ясаб, кейин уни чўлдаги қумларнинг остита яширганмиди? Ажабо, у зот телескопии ишлатишни билтан ва юлдузларнинг ҳаракатини изоҳловчи астрологик билимларни ўзлаштиргану, буни инсонлардан сир сақлаётганмиди? Агар, Муҳаммад алайҳиссалом мажнун бўлгани учун ўзини Пайғамбар деб эълон қилди, дейилаётган бўлса, бу қандай мажнунликким, ўз даври инсонлари билмаган ва билиши имконсиз бўлган ва фақатгина ўзидан 14 аср кейин юзага чиққан бир ҳақиқатдан хабардор бўлса?! Агар, Муҳаммад Пайғамбар ўз манфаати учун динни ўйлаб чиқарди, дейилаётган бўлса, бу қандай бир манфаат ва уйдирмаким, у кишининг “уйдирма”лари фақатгина орадан 14 аср ўтгач, ўз тасдиғини гопмоқда, аммо ўз даврида бу оятни айтиши унга заррача манфаат келтирмаган бўлса?! Манфаат учун ҳаракат қиладиган киши ҳаётлигида ўзига фойдаси бўлмайдиган, ҳатто ўша пайтда тушуниш имконсиз бўлганлиги учун эътироз ва танқидларга сабаб бўладиган сўзни айтиши мумкинми? Агар ушбу ҳақиқатлар кундек равшан бўлиб турган шу дамда ҳам бир киши чиқиб: “Муҳаммад Пайғамбар буларни ўз ақли ёрдамида билди”, дейдиган бўлса, бу қандай бир ақл эканки, ҳеч ким билмайдиган нарсаларни билар экану, буларни менга Аллоҳ билдирди, дея ёлғон гапирар экан! Арзимас бир игнани ихтиро қилганда ҳам инсон табиати мақтанишга мойил экан, нега энди Муҳаммад Пайғамбар ўз ақли билан мақтанмайди-ю, “Бу (Қуръон) мендан эмас, бу Аллоҳдандир”, дейди? Ёки камтарлик ва тавозуъ сабабли шундай қилганми?! Ҳа, у муборак зотни ва у зот келтирган муқаддас Китобни инкор этаётган (бу билан ўзларига зулм қилаётган) золимлар бу саволларга жавоб топа олишармикан?!

КОИНОТНИНГ КЕНГАЙИШИ ҚАНДАЙ КАШФ ЭТИЛДИ?

Буюк даҳо Нютоннинг физикасида бир камчилик бор эди. Нютон тасаввуридаги коинот чексиз кенгликка эга бўлган, аммо ўзгармас бир коинот эди. Унинг табиатдаги тортишиш кучига оид қонунида ҳал этилмаган бир муаммо мавжуд эди: Қандай қилиб дунёнинг бошланишидан бери ўтган вақт мобайнида барча моддалар бир-бири билан ўзаро тортишиб, битта ягона борлиққа айланиб кетмай қолиши мумкин? Ҳолбуки, Нютондан кейин Эйнштейн ўртага ташлаган фаразларга биноан кучнинг мавжудияти билан замон ва маконнинг ўзгариши аниқ ҳақиқатга айланган эди.

Мавзуга Эйнштейнникг формулаларидан келиб чиқиб ёндашган рус физик олими Александр Фриедманн арзимас бир таъсир натижасида коинотнинг кенгайиши ёки торайиши мумкинлигини кашф этди. Ушбу кашфиётнинг қийматини тушуниб, дунёнинг кенгайиб бораётгани ҳақидаги фаразни очиқча ва қатъий бир тарзда ўртага ташлаган киши белгиялик поп ва олим Georges Lemaitre бўлди. Lemaitre кенгайиш жараёнини орқага қайтарилганда дунё ягона бир таркибдан портлаш натижасида пайдо бўлганини. вақт ўтган сайин кенгайиб борганини, кичкина бир уруғдан катта дарахт ўсиб чиққани каби биз дунё деб атаган борлиқ ягона атомдан “униб” чиққанлигини билдирди. Бу фаразга шу қадар ишониш қийин кўринардики, аввалига бу назариянинг келиб чиқишига ўзи йўл очган Эйнштейн ҳам бунга ишонмади.

Шундай қилиб, коинотнинг кенгайиши ҳақидаги фикр дастлаб назария сифатида ўртага ташланган эди. Аммо фан оламида биринчи бор эълон қилинаётган бу янгилик, табиийки, классик, яъни, ўша қадимдан қолган тарздаги эътироз билан қарши олинди: Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!

Худди ўша йилларда америкалик астроном Hubble бу мунозаралардан бехабар Mount Wilson расадхонасида мукаммал телескопи ёрдамида кузатувлар олиб бораётган эди. Hubble коинотдаги барча галактикалар бир-биридан узоқлашиб бораётганини, шу тариқа, коинот кенгаяётганини кўзи билан кўриб кашф этди. Hubble бу тажрибаси билан яна бир қонуниятни очишга муваффақ бўлди: Галактикаларнинг узоқлашиш тезликлари улар орасидаги масофага тўғри пропорсионал эди. Яъни, галактика қанчалик узоқ бўлса, шунчалик тез узоқлашиб бориши маълум бўлди. Бу борада бир неча марта қайта тажрибалар ўтказилди. 1950 йилда АҚШдаги Mount Palamar расадхонасига дунёдаги энг катта телескоп ўрнатилиб, ўтказилган барча кузатувлар аввалги тажрибаларнинг тўғрилигини тасдиқлади. Ҳаттоки, махсус ўлчовлар ишлаб чиқилиб, дунёнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган “катта портлаш” тақрибан 10-15 миллиард йил аввал юз берганлиги маълум қилинди.

Инсонлар асрлар давомида устида бош қотириб, баҳсу мунозаралар юргизиб келган бу саволга табиат қонунларининг яратувчиси - Аллоҳ таоло Қуръони каримда биргина ишорат билан жавоб бермоқда. Қуръон карим илм аҳлидан фарқли ўлароқ бевосита ва тўғридан-тўғри натижага боради ва бунда ушбу натижага бориш йўллари, бу натижага қандай эришилгани унчалик муҳим эмас. Чунки бу билимни берган Зот ҳеч қандай воситасиз буни билади. Ҳа, Қуръони карим тўғридан-тўғри натижани маълум қилади. Жуда ишончли, жуда қисқа, жуда аниқ ва жуда очиқ бир тарзда.

Агарда биз коинотга юқоридан туриб қараш имкониятига эга бўлганимизда ва бизга: “Коинотни таърифла”, дейилганида, ҳар ҳолда биринчи айтадиган нарсамиз коинотнинг кенгайиши ҳақида бўлар эди. Фақатгина илмий тажрибалар ва ривожланган телескоплар ёрдамида аниқланган бу ҳақиқатни Қуръони карим 1400 йил аввал хабар қилгани тенгсиз бир мўъжизадир. Баъзи ғофиллар: “Ҳазрати Исо кўрларни даволаш даражасида мўъжизалар кўрсатган бўлса, нима учун атрофидаги барча инсонлар унга имон келтирмади?”, дея савол беришади. Мана, яна бир мисол: Динга билим билан қарши чиқилган бир шароитда Қуръони карим илмдаги энг ечилмас муаммолардан саналган бир саволга жавоб бермоқда ва кўриниб турганидек, тарихда бунга ўхшаш бошқа бир жавоб мавжуд эмас. Илғор технологиялар қўлланилиб, ихтиро қилинган мукаммал телескоплар ёрдамида ўтказилган кузатув ва тажрибалар Қуръони каримни тасдиқлаб турибди, Қуръони каримнинг бу тенгсиз мўъжизасига ўхшаш бир мўъжизани кўрсатишга ҳеч бир инсон зоти қодир эмас. Аммо имон келтириш нияти бўлмаган қалблар яна ҳам имон келтирмаяпти. Зеро, Қуръони карим баъзи инсонлар қандай мўъжизани кўришмасин, барибир, имонга келмасликларини билдириб, инсон психологиясининг бу жиҳатини изоҳлашда ҳам мўъжиза кўрсатгандир. Тарихда кўп учрайдиган бундай мисоллардан хабари бўлган киши Исо алайҳиссалом ва бошқа Пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларни кўриб туриб ҳам баъзи инсонларнинг нега имонга келмаганлигини тушуниб олиши қийин эмас. Мўъжизаларнинг шакли замонга кўра ўзгармоқда, аммо доимо бир баҳона излаб, ҳақиқатни топишга уриниш ўрнига, қандай инкор қилсам экан, дея залолатда давом этадиган инсонлар тоифаси ўша-ўша - ҳеч ҳам ўзгармаган. Минг йил олдинги мункир ва мунофиқ қандай бўлса, бугун ҳам худди шундай, ўша мункир, ўша мунофиқ. Бор-йўғи замон ўзгарган, шаклу шамойил ўзгарган.

МОДДА ИЧИДАГИ ҚУВВАТ

Коинотнинг кенгайишини хабар қилган ояти кариманинг бошида дунё қувват (қудрат) билан яратилганлиги айтилмоқда. Биз қувват деб таржима қилган сўз оятдаги “айд” калимаси бўлиб, араб тилидаги “йад” негизидан олинган ва “қўл” маъносини билдириш билан бирга Қуръони каримнинг баъзи оятларида “қувват” маъносида ҳам келган. Мисол учун. Сод сурасининг 17-оятида шундай марҳамат қилинади: “...Довудни, биз қувват берган бандамизни эсла...” (Ояти карима мазмуни). Ояти каримада қувватдан сўз юритиш билан жуда муҳим бир нуқтага эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. (Қуръондаги илмий мўъжизаларнинг баъзилари очиқча билдирилган ва улар бугунга келиб ўз исботини топмоқда. Коинотнинг кенгайиши ҳодисаси бунга мисол бўла олади. Баъзи илмий мўъжизалар эса ишорат билан билдирилгандир ва бу мўъжизаларнинг ҳақиқатига фақатгина илмий изоҳлар орқали етиш мумкин.) Бу ердаги “қувват” бир атом заррасига қувват ёки кучнинг йиғилиши, ёхуд атом заррасининг бу куч ва қувват устида бино этилиши маъносини билдирса, ажаб эмас. Эйнштейн тузган E=mc2 формуласи бутун борлиқнинг қувват устида бино этилгани, яъни, яратилганини кўрсатмоқда. (Энергия “тенг” масса “кўпайтирилган” ёруғлик тезлигининг квадрати). Ушбу формула эҳтимол физикадаги энг муҳим формула ҳисобланар. Stephen Hawking ўзининг машҳур “Вақnнинг қисқача тарихи” китобида ҳеч қандай математик тенгламалардан фойдаланмасликка ҳаракат қилган бўлса ҳам, фақатгина Эйнштейннинг бу формуласини қўллаганлиги ушбу тенгламанинг табиат илмларини тушунишда қанчалик буюк аҳамият касб этишини кўрсатади. Бу формулада масса энергиянинг бир шакли эканлиги, яъни, модданинг энергияга айланиш эҳтимоли мав-жудлигига ишора мавжуд. Шу тариқа, модда ва қувват алоҳида нарсалар эмас, балки улар бир бутун борлиқ эканлиги ҳақиқатга айланмоқда. Ояти каримада коинотдаги модданинг қувват билан яратилганлигига қилинган ишора аслида шу пайтгача номаълум бўлган жуда муҳим физик бир ҳақиқатнинг даракчиси эди. Қуёшдан тортиб барча собиту сайёралар ва катта-кичик галактикаларгача жамики борлиқлар аслида қувватдан ҳосил бўлган.

“Big Bang”, яъни “Катта портлаш"дан кейин бун-чалик сон-саноқсиз борлиқларнинг ернинг тортишиш кучи таъсирида бир-бирига киришмасдан бу қадар кенг бир майдонда шундай катта тезлик билан бир-биридан узоқлашиши уларни ҳаракатга келтирган қувватнинг фавқулодда чексизлигидан дарак беради. Бу қувват ёрдамида коинот кенгаймоқда ва жисмлар ўзаро тортишиб, бир-бирини “ютиб юбориш” хавфидан халос бўлмоқда. Бу қувват ниҳоятда кучли бўлиш билан бирга Аллоҳ таоло томонидан жуда ҳам нозик ва дақиқ ҳисоб-китоб асосида вужудга келтирилган. Агарда у бир оз заиф қилиб яратилганида, сайёралар вужудга келмасдан, жисмлар бир-бирини тортиб, бирлашиб кетган ва галактикалар ҳам, дунё ҳам, ҳаёт ҳам бўлмас эди. Агар портлаш билан ҳосил бўлган қувват янада кучлироқ бўлганида эди, жисмлар шунчалик кенг ҳудудга ёйилиб кетардики, унда ҳам на галактикалар, на дунё ва на ҳаёт вужудга келмас эди. Аллоҳ таоло бу портлаш ҳодисаси воситасида ҳам қудратининг буюклигини, ҳам Уз илми ила ҳар нарсани аввалдан қай тарзда дақиқ ҳисоблар билан белгилаб қўйганлигини кўрсатмоқда, шунингдек, бу ҳақиқатларни Қуръони карим орқали инсониятга етказиб, Қуръон Ўзининг илоҳий Каломи эканлигини исбот этмоқда.

"Илоҳий мўъжизалар" китоби асосида

Абу Муслим тайёрланди