loader
Foto

Тузоққа айланган васвасалар...

Аксарият мусулмонлар «секта» деганда ўрта асрларда юзага келган “Ассасинлар” ёки «Аум Синрике» каби янги пайдо бўлган сохта диний фирқаларни тушунадилар. Бундай адашган гуруҳлар асрлари давомида бўлиб келган. ХХ асрдаги келиб, улар сони, турлари чунонам кўпайдики, бу ҳол  ўтмишга насбатан  хавотирли кўриниш олди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайд этган Иблиснинг: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман. Сўнгра, уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан», (Аъроф сураси, 16-17 оятлар) деган ваъдаси шуни англатадики, шайтоннинг мусулмонларни хақ йўлдан тойдиришга бўлган ҳаракати Қиёматгача тўхтамайди. Демак, инсонлар ўзларининг заифлиги, илмсизлиги  ёки ғулувга кетиши билан  Иблиснинг васваса тузоғига илинаверади, илинаверади... Бу ҳол  адашган ва ҳақ йўлдан тойилган кимсалар  гуруҳидан иборат янги-янги секталар ва гуруҳлар шаклида намоён бўлишади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини ҳам далил қилиб келтириш мумкин: «Яхудийлар 71 фирқага бўлинадилар, насоролар 72 фирқага, менинг умматим эса 73 фирқага бўлиниб кетади» (Абу Довуд, Термизий, ибн Можа, ибн Хиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар).

Исломдаги секталар (фирқалар) илк асрлардаёқ пайдо бўла бошлаган.  Одатда секталар вақт ўтиши билан ёки йўқолиб кетади ёки тўлақонли дин мақомига даъвогарлик қилувчи оқимларга айланади.  Секталарнинг барчасига хос бўлган хусусият -  эътиқод ва ибодат масалаларида дастлабки дин ёки ўзларини қарши қўяётган дин билан ихтилофда бўлишдир. Айнан мана шу хусусият уни сектага айлантиради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир секта ўзини «ягона тўғри этувчи йўл» деб таърифлайди.



Сектанинг дастлабки дин билан муносабатлари ривожланишининг бир неча вариантини фарқлаш мумкин:

- секта  ўзини дастлабки диннинг бир қисми деб хисоблайди. Бу диннинг бошқа вакиллари ҳам буни эътироф этадилар;

- секта ўзини дастлабки диннинг бир қисми деб хисоблайди. Бироқ, бу диннинг бошқа вакиллари буни рад этадилар (асосан муҳим ақийдавий ихтилоф борасида). Масалан, баъзи алавийлар ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдилар, лекин кўпчилик мусулмон уламолар  уларни мусулмон деб тан олинмайдилар;

- секта фақат келиб чиқишига кўра дастлабки дин билан боғланади, лекин алоҳида дин ҳисобланади. Масалан, бахаийлар;

- Секта аввалдан бошқа динлар билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ёки турли динларнинг хос белгилари бирлашиши натижасида пайдо бўлган. Бунга сикхларни мисол келтириш мумкин.

Шунга қарамасдан, ҳар бир сектани эътиқод ва ибодат масалаларидаги бир қатор муҳим жиҳатлар ажратиб туради. Ва айнан мана шу жиҳатларга кўра, у асосий диндан фарқ қилади. Секта аъзоларининг яна бир асосий хусусияти шундаки, улар хоҳ яширин, хоҳ ошкора ёки хоҳ фаол, хоҳ пассив йўл билан бўлсин, иложи борича кўпроқ одамларни эътиқодий масалада чалғитиш пайида бўладилар.  Бу  айнан Иблиснинг «Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман» деган ваъдасидаги Ҳаққа эргашувчиларни адаштиришга уринишидир.

Ҳақ динга эргашувчиларнинг кам аҳамиятли айрим масалалар юзасидан баҳс ва мунозаралардан унумли фойдаланиб қолиш ҳам сектантларнинг асосий услубларидан ҳисобланади. Натижада аҳамиятсиздек кўринган масалалар юзасидан пайдо бўлган кичкинагина шубҳа мўъмин кишининг қалбида ақийдавий масалаларига нисбатан ишончсизлик пайдо қилиши эҳтимоли йўқ эмас. Диннинг ақийдавий масалаларига нисбатан ҳар қандай ижтибоҳ инсонни  тўғри йўлдан тойилишига сабаб бўлиши мумкин.  Шу боис, мусулмон одам сектантларнинг (тафриқачиларнинг) бундай хийла ва фитнасига ҳеч қачон учмаслиги лозим. Бу ҳақда шундай ҳадис келган:  «Олимлар билан рақобатлашиш, нодонлар билан бахслашиш ва бир жамоани бошқасидан (ўз манфаати йўлида) афзал кўриш мақсадида илм олманг. Бундай қилган кимса оташдадир, оташдадир!» (Ибн Можа). Ушбу Ҳадис бефойда баҳсга киришишдан қайтариш билан бирга, мўъминларни турли фирқаларга бўлиниб кетишдан ҳам огоҳлантиради.

Фақат сектантлар таъсирида эмас, балки ўзларининг илмсизликлари туфайли ҳам мусулмонларнинг майда фирқаларга бўлиниб кетишлари эҳтимоли катталигини, келинг, тан олайлик.  Яъни,  Суннатдаги иккинчи даражали масалалар билан ортиқча банд бўлиш натижасида муҳимроқ ақийдавий масалалар, масалан, умматнинг бирлиги фарз эканлиги ҳақидаги буйруқларни эътиборсиз қолдирадилар. Бу ерда гап Суннатдаги иккинчи даражали масалалар эътиборга лойиқ эмаслиги хақида кетмаяпти, балки бефойда баҳс-мунозаралар мусулмонлар орасида бўлиниш ва ихтилофга олиб келмаслиги лозимлиги  таъкидланаётир.

Агар Суннатдаги иккинчи даражали ҳукмлар ҳақидаги умуман бефойда бўлган баҳсни илмсиз  киши бошлаган бўлса, у билан баҳслашиш бефойда. Чунки далил-ҳужжатлар асосида баҳс юритиш учун унинг илм даражаси етарли бўлмайди. Агар бундай баҳсни мунофиқ ёки фосид одам бошласа, у билан ҳатто шунчаки мулоқот қилишнинг ўзи хавфли. Чунки бундай баҳс мусулмонни ўз динига нисбатан  асоссиз шубҳа пайдо бўлиши эҳтимолини юзага келтиради. Бу эса ана шу мунофиқ ва фасодчиларга қўл келиб қолиши мумкин.

Зиёд ибн Худайр ривоят қилади: «Бир куни Умар ибн Хаттоб мендан «Исломни нима бузишини биласанми?» деб сўради. Мен «Йўқ», деб жавоб бердим. У: «Уни олимларнинг хатолари, мунофиқларнинг Аллоҳнинг Китоби ҳақидаги баҳслари ва имомларнинг залолатга бошловчи фатволари бузади», деди». (Доримий ривояти).

Мусулмонларни бефойда ва мантиқсиз баҳсларга тортиш сектантлар (тафриқачилар), жоҳиллар, мунофиқлар ва фитначиларнинг асосий мақсадларидан бири эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатдир. Бундай баҳслар эса улар қалбига шубҳа солиш, муҳимроқ бўлган масалалардан чалғитиш ва қимматли вақтларини ўғирлашдан бошқа нарса эмас. Агар сектантлар бунга муваффақ бўлишса, мақсадига етган ҳисобланди. Аксинча  бўлса, демак ,ғалаба соғлом Ислом ғояси томонидадир.

Агар сектантларнинг фитналари тинимсиз давом этаверса, бунинг натижасида мусулмон кишининг қалбида кучайиб борган шубҳалар уни мўъминларнинг асосий жамоасидан четлаштириб, сектантликка олиб бориши эҳтимоли юқоридир. Муаммонинг оғриқли нуқтаси шунда!

Демак, мусулмонарни мантиқсиз ва бефойда баҳс-мунозараларга тортиш ва шу билан улар қалбидаги шубҳаю гумонлар пайдо қилиш Иблиснинг мўъминларни ҳақ йўлдан оздиришдаги асосий ва биринчи воситаси бўлиб ҳисобланади. Парвардигорнинг қуйидаги сўзлари фикримизнинг далилидир: «Албатта, шайтонлар ўз ёрдамчиларига сиз билан тортишишни васваса қилурлар. Агар сизлар уларга итоат этсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар» (6:121)

Ҳар бир мусулмон бундай фитналарга ўзининг мустаҳкам иймонини, фақат ақийда асослари борасидаги эмас, балки масалаларнинг муҳимлик даражасини, уларни муҳокама қилиш жоиз-жоиз эмаслиги борасидаги билимларини ҳам қарши қўйиши лозим. Бундан ташқари, мусулмон одам тафриқачилар хуружига умматнинг бирлигини ҳам қарши қўйиши жоиз ва лозимдир. Зеро, Умар розияллоҳу анҳудан  қилинган ривоятда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Жамоатни лозим тутинг ва бўлинишдан узоқлашинг, чунки албатта, шайтон бир киши биландир, икки кишидан эса у узоқроқдир. Ва ким Жаннатни хоҳласа, жамоатни лозим тутсин» (Термизий ривояти).