loader
Foto

Туркия ва Саудия Арабистони Толибон томонидан аёлларнинг университетларда ўқишини тақиқлашини қоралади

Саудия Арабистони тақиқдан «ҳайрат ва афсус» билдирди, Туркия эса буни «на исломий, на инсоний» деб атади.

Туркия ва Саудия Арабистони Толибон ҳаракатининг аёлларнинг хусусий ва давлат университетларида ўқишини бутун мамлакат бўйлаб тақиқлаганини кескин қоралади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли пайшанба куни бу тақиқ “на исломий, на инсоний” эканини айтди.

Яманлик ҳамкасби билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида Чавушўғли Толибонни бу чиқарган қарорини бекор қилишга чақирди.

“Аёлларнинг таълим олишини нимаси ёмон? Бунинг Афғонистонга нима зарари бор?” –деди Чавушўғли. “Ислом бўйича тушунтириб берса бўладими? Аксинча, динимиз Ислом таълим олишга қарши эмас; аксинча, таълим ва илм-фанни рағбатлантиради”.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги афғон аёлларининг университетда таълим олишлари рад этилаётганидан “ҳайрат ва афсус”да эканлигини билдирди. Чоршанба куни кечқурун эълон қилинган баёнотда, вазирлик бу қарор «барча исломий мамлакатларни ҳайратлантирганлигини» айтди.

Америка Қўшма Штатлари ва Толибон ўртасида воситачи бўлган Қатар, бу қарорни танқид қилган мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи охирги давлат бўлди.

Афғонистон пойтахти Кобул кўчаларида пайшанба куни ўнлаб аёллар эркинлик ва тенглик шиорлари билан норозилик намойиши ўтказди. «Ҳаммаси ёки ҳеч нарса. Қўрқма. Биз биргамиз”, деб ҳайқиришди.

Бир қанча таниқли крикетчилар ҳам ижтимоий тармоқларда қарорни қоралади. Миллий терма жамоанинг собиқ сардори Рашид Хон твиттердаги саҳифасида аёллар жамиятнинг таянчи эканлигини айтди. “Фарзандларини жоҳил ва саводсиз аёллар қўлига топширган жамият, ўз аъзоларидан хизмат қилишини, меҳнат қилишини кута олмайди”, деб ёзади у.

Толибон йигирма йил аввал АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция томонидан ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, 2021 йил августида мамлакат устидан назоратни қайта тиклаб олди.

Афғон жамияти, гарчи кўп жиҳатдан анъанавий бўлса-да, Толибон ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин қизлар ва аёлларнинг таълим олишини тобора кўпроқ олқишлаб келаётган эди.

Толибон дастлаб аёллар ва бошқа эътиқод вакиллари бўлган озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи мўътадилроқ бошқарувни ваъда қилган эди, аммо ҳокимиятни қўлга олгандан сўнг диний қонунларга ўзларининг қатъий талқинини киритдилар.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг, толибон қизларнинг ўрта таълим олишини ва аёлларнинг аксарият ҳудудларда ишлашини тақиқлади. Аёлларга парклар ва спорт залларига бориш ҳам тақиқланган.

запрет университета талибов

21 декабрь куни қуролланган Толибон юзлаб ёш аёлларни Афғонистон университетлари биносига киришига тўсқинлик қилди.

Толибон ҳозирча тақиқ ҳақида очиқчасига изоҳ бермади ёки бошқа мамлакатлар танқидига жавоб қайтармади. Бироқ, Олий таълим вазирлиги вакили Зиауллоҳ Ҳашми пайшанба куни твиттерда бу қарорларини тушунтириш учун шу ҳафта матбуот анжумани ўтказилишини айтди.

Туркия ва Саудия Арабистонининг тақиқга муносабати тобора кучайиб бораётган халқаро танқидларнинг бир қисмидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон бўйича махсус маърузачиси чоршанба куни бу тақиқ «янги паст даражадаги таълим, тенг таълим олиш ҳуқуқини янада бузувчи ва афғон жамиятидан аёлларнинг йўқ қилинишини чуқурлаштиради» деди.

Associated Press томонидан тарқатилган видеода бир аёл Толибон хавфсизлик кучлари пайшанба куни бир гуруҳ намойишчиларни тарқатиш учун зўравонлик ишлатганини даъво қилади.

«Қизларни калтаклашди ва қамчилашди», деди у. “Улар ўзлари билан қизларни калтаклаган аёл аскарлар ҳам олиб келишган. Биз қочиб кетдик, бир неча қизларни ҳибсга олишди. Энди нима бўлишини билмайман”.

Жалолободдаги Нангарҳор тиббиёт университетида шу университет талаба қизларини қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги намойиши бўлиб ўтди. Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, эркак талабалар ҳамжиҳатликда чиқиб, аёлларнинг университетларга кириши тикланмагунча имтиҳон топширишдан бош тортган.

Манба