Ал-Арабия хабарига кўра, 37 ёшли португалияликнинг Саудия томони билан музокаралари шартнома имзоланиши билан якунланган - бундан буён португалиялик ҳужумчи 7-рақамда Ар-Риёд клуби шарафини ҳимоя қилади.
2025 йилнинг ёзига қадар тузилган шартнома шартларига кўра, Роналду йилига 75 миллион евро маош олади. Спортчининг умумий даромади тижорат тўловлари ва элчи лавозимидаги даромадни ҳисобга олган ҳолда 200 миллион еврога етади.
Матбуотда шартнома имзоланиши ҳақидаги миш-мишлар шу ой бошида, у клуб раҳбарияти билан можаро туфайли "Manchester Юнайтед"ни тарк этганидан сўнг тарқала бошлади. Гап шундаки, португалиялик асосан захира ўриндиғида ўтириб қолган, шунингдек, бир қатор ўйинлар учун “заявка”га киритилмаган. Кўп ўтмасдан Роналду шов-шувли интервью бериб, унда бош мураббий Тен Хааг ва айрим собиқ жамоадошларини кескин танқид қилди.
“Манчестер”да ўйнаган икки даври давомида Роналду уч марта Англия чемпиони ва икки марта Англия Лига кубоги соҳибига айланди. Бундан ташқари, у УЕФА Чемпионлар лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Англия кубоги ва Суперкубогида ғолиб чиққан. "Қизил иблислар" сафида 346 та ўйинда майдонга тушган футболчи 145 та гол урган.
Бундан ташқари, португалиялик Испаниянинг “Реал” (Мадрид) ва Италиянинг “Ювентус” клубларида ўйнаб, кўплаб титулларни қўлга киритди. Португалия терма жамоаси таркибида у Европа чемпионати ва УЕФА Миллатлар лигасида ғолиб чиқди.