Бу ҳақида Жазоирнинг МЕНА Defense сайти хабар бермоқда.
"Бир ҳафта олдин йигирмага яқин танк жанг майдонларига жўнатилди ва улар Чехия бош вазири Петр Фиаланинг Штернберкдаги "Экскалибур" армия компаниясининг устахоналарига ташрифи чоғида кўринди ва у ерда модернизация қилинди", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тақдим этилган техникаларнинг аниқ сони номаълум. Нашр маълумотларига кўра, Марокаш армиясида Беларусь қуролли кучлари захирасидан 1999 ва 2000-йилларда икки партияда сотиб олган 148 та Т-72, 136 та Т-72Б ва 12 та Т-72БК бўлган.
«Марокашнинг Украинага қурол етказиб бериш қарори 2022 йил 26 апрелда бўлиб ўтган ва АҚШ мезбонлик қилган Украина учун Рамштейн саммити чоғида қаттиқ илтимос остида қабул қилинди. Бу саммитда Тунис ва Марокаш Шимолий Африка вакили бўлган икки давлат эди. Тунис ўша пайтда Украинага моддий-техника ёрдамини марказлаштирадиган Польшанинг Рзешов аэропортига иккита юк самолёти юборилган ва Марокаш ҳам гуманитар ёрдам эмас, балки қуроллар юборган кўринади» - дейилади нашрда.
Журналистларнинг ёзишича, Чехия Бош вазирининг 9 январь кунги ташрифи чоғида олинган суратларда эски Марокаш танклари таъмирлаш линиясида акс этган. Суратларни инобатга олган ҳолда, нашр муаллифлари Марокашда техникаларни фойдаланишга яроқли ҳолатда сақлаш имконияти йўқлигини тахмин қилишмоқда.
"Танк шассисининг чуқур янгиланиши улар жуда ёмон ҳолатда сақланганлигидан ва Марокашда уларни яроқли ҳолатда ушлаб туриш учун воситалар йўқлигидан далолат беради. Бошқа томондан, танк миноралари (афтидан фойдаланилмаган) улар Марокашдан олинган ва асл қум рангида сақланган ҳолатда эканлигини таъкидлаймиз", деб ёзади МЕНА Defence.
Эслатиб ўтамиз, танкларни топшириш Украина ушбу турдаги қуролларга жуда муҳтож бўлган ва Ғарб иттифоқчиларидан танкларни етказиб бериш учун лоббичилик қилаётган пайтда содир бўлган. Марокаш ҳозирда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётган ягона Африка давлатидир.