loader
Foto

Путин Москвада масжид қурилишга узоқ йилдан бери қаршилик қилиб келмоқда

Москвадаги черковларнинг гумбазлари ҳамма жойда кўринади, аммо масжидларнинг миноралари жуда кам учрайди, гарчи ислом Россияда иккинчи энг кенг тарқалган дин бўлсада. Кўплаб россияликлар масжидлар қурилишига қарши фаол норозилик билдирмоқда. Афтидан, кўп маданиятли жамият ҳозиргача бу ерда фақат сўзда мавжуд, деб таъкидлайди Ал Jazeera.

Ҳозирда Россия пойтахти Москвада икки миллионга яқин мусулмон бор, улар шаҳарда масжидлар жуда камлигидан шикоят қилмоқда. Айримларнинг фикрича, ҳукумат керакли миқдорда масжидлар қурмагани экстремизмнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, россияликлар муҳожирлар оқими туфайли мусулмонлар сони ортиши ва бу Россия пойтахтининг маданий имиджига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда.

Москвада одатий русларга хос бўлган юз хусусиятларига эга одамлар деярли йўқолди. Ҳар ҳолда, бу ерда баъзилар ташриф буюрувчилар сонининг ўсиши ҳақида гапирганда, шуни назарда тутади. Бу аҳолининг маълум бир қисмида Россиянинг келажаги учун қўрқув ва ғазабни келтириб чиқаради. Шу сабабли улар пойтахтнинг "рус қиёфасини" сақлаб қолиш учун янги масжидлар қурилишига қарши чиқишади.



Дмитрий ДЕМУШКИН, «Русские» уюшмаси Олий Миллий Кенгаши раҳбари: миграция сиёсати йигирма йил давомида бу ерда акклиматизация қила олмаган муҳожирлар оқимига олиб келди. Биз рус маданиятини сақлаб қолиш учун масжидлар қурилишига қаршимиз.

Москвада православ черковлари доимо кўзга ташланади, улар ҳамма жойда қурилган. Аммо масжидларнинг минораларини жуда кам кўриш мумкин. Айни пайтда бу шаҳарда икки миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилади. Шу боис мусулмонларни масжид деворларидан ташқарида намоз ўқиётганини кўриш одат тусига кирган.



ИЛЬДАР АЛЯУТДИНОВ, Москва жоме масжидининг бош имоми: Баъзилар бизни маданий можароларга тортмоқчи. Бошқалар эса мусулмонлар сонининг кўпайишидан қўрқишади. Биз Россия маданиятини ҳурмат қиламиз, улар ҳам бизнинг маданиятимизни ҳурмат қилишлари керак.

Ислом Россияда энг кенг тарқалган иккинчи диндир. Айниқса, Ўрта Осиёдан кўп сонли муҳожирлар келганидан кейин. Ва бу баъзи руслар орасида хавотирга сабаб бўлади.

 

ЙЎЛОВЧИ АЁЛ: Албатта, бу ерга кўп одамлар келишидан хавотирдаман. Янги масжидлар қурилишига ҳам қаршиман. Лекин турли миллат вакиллари ўртасидаги муносабатларда муаммо йўқ, деб ўйлайман.



МУСУЛМОН: Улар биздан қўрқмасликлари керак. Биз рус маданиятини ҳурмат қиламиз. Шунинг учун улар ҳам маданиятимизни ҳурмат қилишлари ва масжидлар қуришимизга рухсат беришлари керак. Ҳозир бутун Москвада фақат тўртта масжид бор, холос.



САМИР ШАТАРА, Al Jazeera мухбири: Ўз динига эътиқод қилишда эркин бўлган мусулмонлар бу ерда масжидлар жуда кам, деб шикоят қиляпти, холос. Россияда кўп маданиятли жамият нафақат сўзда, балки амалда мавжуд бўлишига умид қилиш керак. Чунки Москванинг қиёфаси аллақачон кўпайиб бораётган муҳожирлар таъсирида ўзгариб бормоқда.

Самир Шатара, Al Jazeera, Москва.

Абу Муслим таржимаси