loader
Foto

Ўзбекистонда Россия ОТМлари филиаллари кўпайтирилади

Россия олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида 53 минг ўзбекистонлик таҳсил олади.

Ўзбекистонда Россия давлат олий ўқув юртларининг кўплаб филиаллари пайдо бўлади. Бу ҳақда Россия фан ва олий таълим вазирлигига таяниб, РИА Новости хабар бермоқда.

Шунингдек, вазирлик Қозоғистон, Миср, Саудия Арабистони, Мьянма ва Кубада таълим муассасаларининг янги филиалларини очишни режалаштирмоқда.

Мониторинг маълумотларига кўра, Россия олий ўқув юртлари филиалларининг 82 фоизи МДҲ мамлакатлари: Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь ва Молдова давлатларида жойлашган.

“Биз ҳар доим барча ташаббускор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз. Кўп нарса университетларнинг ўзига, уларнинг қобилиятига, олдинга интилишга тайёрлигига боғлиқ. Ҳар бир мамлакатда фикрларнинг бутун палитраси мавжуд: таълимни қандай ривожлантириш, қайси моделга кўра - Ғарбийми, Шарқийми ёки миллийми? Бу бизни рус таълимини ривожлантиришда тўхтатмаслиги керак”, - деди Россия фан ва олий таълим вазири Валерий Фальков.

Вазир, шунингдек, олий таълимга алоқадор бўлмаган таълимнинг янги форматларини кўриб чиқиш зарурлигини қўшимча қилди. Масалан, малака ошириш курслари ёки тайёргарлик курслари.

Маълумот учун, Россия олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида 53 минг ўзбекистонлик таҳсил олади. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети, Герцен номидаги давлат педагогика университети, ВГИК, МИСиС, МИФИ, МГИМО ва бошқаларнинг филиаллари республикада фаолият кўрсатмоқда.