loader
Foto

Ширкдан сақланиш ва ундан эҳтиёт бўлиш

Бу тавҳиднинг амалга ошиши учун лозим бўлган учинчи унсурдир. Ширкнинг катта-кичигини, пинҳон-ошкорини билмоқ лозимдир. Ширкнинг бутун ифлосликларидан тозаланиб, унга олиб борадиган йўллардан сақланиш лозим.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ашё унга зид бўлган нарса билан солиштирилганда билинади. Тавҳиднинг ҳам ҳақиқатини билиш учун ширкнинг нима эканлигини билиш лозимдир.

Ширк

Инсоннинг Аллоҳга оид бўлган хусусларда Унга шерик қўшишидир. Бу инсоннинг ўзига бир тангри топиб, унга ибодат-итоат қилишини, уни севиб, ундан ёрдам тилашини англатади. Бу солиҳ амалларни ҳам қабул қилдирмайдиган буюк ширкдир. Яъни, ширк бўлган жойда солиҳ амал бўлмайди. Чунки амал солиҳ бўлиши ва қабул қилиниши учун у ёлғиз Аллоҳ йўлида бажарилиши керак. Аллоҳ таоло шундай дейди:

"Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин". (Қаҳф сураси 110)

Бу кечирилмайдиган гуноҳдир.

Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди". (Нисо сураси 48)

Мушрикларга жаннат ҳаромдир. "Ким Аллоҳга шерик қўшса, Аллоҳ уларга жаннатни ҳаром қилиб, жаҳаннамдан ер беради. Золимларга ёрдам берадиган ҳеч кимса йўқдир".

Ширкнинг турлари

Ширк икки хил бўлади: катта ширк ва кичик ширк.

Катта ширк Аллоҳ кечирмайдиган ширк бўлиб, уни қилган киши мутлақо жаннатга киролмайди. Кичик ширк эса, агар Аллоҳнинг раҳмати бўлмаса ва инсон ўлимидан олдин тавба қилмаса, яъни кишининг кофир сифатида ўлишига сабаб бўладиган буюк гуноҳлардир.

Катта ширк

Катта ширк ҳам икки хилдир. Очиқ ва кўринадиган, яширин ва ўралган. Очиқ катта ширк, Аллоҳла баробар бир илоҳга—қуёш, ой каби кўкдаги жисмларга, бут ёки тош каби жонсиз жисмларга, бузоқ ёки сигир каби ҳайвонларга—тангри сифатида ибодат этишдир. Марям ўғли Масиҳ Ийсога, жинларга, шайтон ва фаришталарга ибодат этганлар ҳам шу жумладандир. Турли халқлар орасида уларга сиғинадиганлар бор.

Яширин катта ширк. Бунинг нималигини кўп инсонлар билмайдилар. Ўликларга ва қабрларга дуо қилиб, улардан ёрдам исташ, улардан хасталарга шифо исташ, киши мушкул аҳволга тушганда ва урушларда душманга қарши ёрдам исташдир. Лекин бунга фақат Аллоҳнинг кучи етади-ку. Ибн ул-Қайюмнинг айтгани каби, дунё ширкининг асли будир. Бу ширкнинг яширин бўлишига икки сабаб бор:

а) Инсонлар бундан ёрдам сўрашни ибодат ўрнида кўрмайдилар. Ибодатни рукуъ, сажда ва намоздан иборат деб биладилар. Аслида эса, ибодатнинг руҳи дуодир. Бир ҳадисда ҳам, дуо ибодатдир дейилади.

б) Улар ўзлари дуо қилиб ёрдам сўраётган нарсаларнинг илоҳ ёки Роббилари эканлигига ишонмаймиз, дейдилар. Аксинча, уларнинг биз каби яратилганига ишонамиз. Фақат улар биз билан Аллоҳ орасида воситачи бўлиб, шафоат келтиради, деб ҳисоблайдилар. Бу Аллоҳ таолони билмасликдан келиб чиқади. Уни ҳукмдор ва мустабид бир раҳбар, Унга фақат воситачи ва шафоат берувчилар орқали етишиш мумкин, деб ҳисоблаганларидан келиб чиқади. Эскидан ҳам мушриклар шундай ваҳимага тушар эдилар. Ўзларининг тангри ва бутларига: Бизни Аллоҳга яқинлаштиринг, дея ибодат қилишарди.

"Биз (ўша "худо"ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз", дерлар". (Зумар сураси 3)

"Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: "Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизнинг оқловчиларимиз", дейдилар. (Юнус сураси 18)

Улар ҳеч бир замон тангриларинг, бутларининг яратувчи, ризқ берувчи, ўлдирувчи эканлигига ишонмайдилар.

"(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: "Осмонлар ва ерни ким яратган?", деб сўрасангиз, албатта: "Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган", деб жавоб берадилар". (Зухруф сураси, 9)

"(Эй Муҳаммад), айтинг: "Ким сизларга осмон вазаминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур хамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!". Улар албатта:"Аллоҳ', дейдилар. Бас, сиз айтинг:" Ахир ўша зотдан қўрқмайсизларми?!". (Юнус сураси, 31)

Аллоҳ олдидаги бу эътиқодлари учун, яъни Аллоҳни еру кўкнинг яратувчиси, ризқ берувчи, ҳар нарсани бошқарувчи, тирилтирувчи ва ўлдирувчи дейиш билан бирга, бутларни ўзлари билан Аллоҳ орасида воситачи, деб хисоблаганлари учун уларни Куръон мушриклар, дея атамиш. Ширкдан қайтиб "Лаа илоҳа иллоллоҳ" деганларига қадар уларни ўлдиришни амр этган. Кимки ушбу калимани айтса, Ислом ҳаққи учун қони ва моли қўрилади. Аллоҳ таоло воситачи ва шафоатчиларга муҳтож эмас. У Ўз қулларига жон томиридан ҳам яқинроқдир.

"Бандаларим сиздан (эй Муҳаммад)Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман" (Бақара сураси, 186).

"(Камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар". (Мўминлар сураси, 60)

Аллоҳнинг эшиги барчага очиқдир. Бу эшикнинг пардаси ҳам, қоровули ҳам йўқ.

Аллоҳдан бошқани қонун чиқарувчи сифатида қабул этиш

Кўп инсонлар учун сирли бўлган, билинмаган катта ширкнинг бошқа кўриниши эса, Аллоҳдан бошқани қонун чиқарувчи ва ҳакам сифатида кўришдир. Бошқача айтганда, шахслар ва гуруҳларга ўзлари учун қонун чиқариш ҳуқуқини беришдир. Улар хоҳлаганини ҳалол, хоҳламаганини эса ҳаром, деб ҳисоблайдилар. Аллоҳ изн бермаган ва Унинг шариатига мос бўлмаган тушунча ва жамиятлар яратадилар. Қолганлар эса, улар чиқарган бу қонун-қоидаларга исён этиб бўлмайдиган бир илоҳий қоида, бир самовий ҳукм сифатида итоат этадилар.

Ҳеч шубҳасиз, Ўзи яртаганлар ҳақида қонун-қоидалар чиқариш фақат Аллоҳнинг ҳаққидир. Уларни яратган, ризқлантирган, ҳар турли неъматлар берган Аллоҳ таолодир. Уларга масъулият юклайдиган, амр этадиган, ҳалол ва ҳаромни белгилайдиган ҳам Аллоҳ таолодир. Чунки У инсонларнинг Роббиси, малики, илоҳидир. Ўндан бошқанинг рубубиёт, мулкиёт ва улуҳиёт ҳаққи ҳам йўқки, ҳукм ва хулосага ҳаққи бўлсин. Дунё Унинг мулкидир. Аллоҳнинг мулкидаги инсонлар эса, Унинг қулларидир. У бу ўлканинг раҳбари ва ҳокимидир. Ҳукм этиш, қонун чиқариш, ҳалол ва ҳаром қилиш Унинг, тинглаш ва итоат этиш эса қулларининг ҳаққидир.

Бу ўлка фуқароларидан кимки, Аллоҳ таоло ўрнига баъзиларнинг изн ва таъқиқ, ҳалол ва ҳаром қилиш, ҳукм этиш ва қонун чиқариш ҳаққи борлигани иддао қилса, ўз Роббисига қарши чиққан бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръон, аҳли китобни ширк келтирган қаторига қўшиб, уларни мушриклар, дея атаган. Чунки улар қонун чиқариш ҳаққини ҳаҳам ва роҳибларга бериб, улар белгилаган ҳалол ва ҳаромга буйсунадилар, Қуръон буни Марям бинни Масиҳга қилинган ибодат билан тенглаштиради:

"Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб биладилар. Ҳолбуки, ягона Аллоҳга бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир". (Тавба сураси 31)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом ушбу оятни жоҳилият даврида насроний бўлган Адий бин Хотам ат-Тойга шундай англатганлар: "Мусулмон бўлиб пайғамбарнинг ёнига келган Адийга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом ушбу оятни ўқиди. Адий насронийларнинг уларга (ҳаҳамларга) ибодат қилмасликларини сўйлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалом: "Албатта улар ҳаром қилган нарсаларни ҳаром, ҳалол қилган нарсаларни ҳалол, деб қабул қиладилар ва уларга тобе бўладилар. Бу эса, уларнинг ибодатини англатади, деди". (Аҳмад, Тирмизий)

Бу оят ва Расулуллоҳнинг ҳадиси, ким Аллоҳдан бошқага итоат қилса, уни Роббиси ва маъбуд ўрнида кўрса, бу Аллоҳга шерик қўшганини англатади. Бу эса, Аллоҳнинг дини бўлган тавҳидга терс ишдир. Ихлос калимаси, Лаа илоҳа иллоллоҳ дейиш, Аллоҳга ибодатни англатади. Аллоҳ таоло ҳаҳам ва руҳонийларга итоатни уларга ибодат деб атамоқда ва уларни арбоб, яъни ибодатда Аллоҳга ширк келтирувчи сифатида баҳоламоқда. Бу эса катта ширкдир. Бир махлуққа итоат қилган, Аллоҳ ва расулининг ҳукмидан бошқа ҳукмларга тобе бўлган ҳар бири киши, бу махлуқни қандай атамасин, уни ўз Роббиси ва маъбуд ўрнида кўради.

"Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар". ( Анъом сураси, 121 )

"Балки улар (Макка мушриклари ) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни - "дин"ни уларга шариат қилиб берган шериклари—бутлари бордир?" (Шўро сураси, 21)

Қуръон ва суннатнинг Аллоҳдан бошқани қонун чиқарувчи сифатида қабул қилганлар ҳақида ҳукми шу бўлганидан кейин, ўзини Аллоҳга тенг билиб, улуҳиётнинг бир қисми бўлган ҳукм этиш, қонун чиқариш, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳуқуқим бор, деяётганларнинг ҳукми қандай бўлади?

Юсуф Қаразовий, роҳимаҳуллоҳ

"Тавҳид ҳақиқати" китобидан