loader
Foto

Даъватчи ва муаллим учун илмнинг зарурлиги

Қозилик, муфтийлик учун илм керак экан, шу каби даъват, тарбия учун ҳам илм муҳимдир. Аллоҳ таоло элчисига айтади:

“Айтинг: «Менинг Йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга - ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шериқдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро), мен мушриклардан эмасман”. (Юсуф сураси, 108-оят)

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тобеъларидан бўлган ҳар бир даъватчининг даъвати онг билан бўлиши вожибдир. Яъни қилаётган даъвати ҳужжатли бўлиб, нимага даъват қилаётганини ўзи ҳам яхши англаши керак. Нимага даъват қиляпти, кимни даъват қиляпти ва қандай даъват қиляпти.

Шунинг учун раббонийлар ҳақида айтадилар: Раббоний деб ўзи билиб, унга амал қилиб, бошқаларга ҳам ўргатган инсонга айтилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ишорадир:

“Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, Ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар», (демоғи лозимдир)”. (Ол-и Имрон сураси,79-оят)

Ибн Аббос Раббонийларни улар фақиҳлар, ҳакимлар деб тафсир қилади.

Баъзилар: Раббоний деб одамларга илмнинг каттасини ўргатишдан аввал, унинг кичикларини ўргатадиган инсонларга айтилади, дейишади.

Яна баъзилар: Раббонийлар илмнинг ҳаммасини ўргатишдан аввал унинг жузъларини, аслларини ўргатишдан аввал фаръларини, натижаларини ўргатишдан аввал муқаддималарини ўргатадилар, дейдилар.

Мақсад, даражама-даража таълим ўргатиш, таълим олувчиларнинг шароитларини, кучларини риоя қилиш ва уларни биринчи даражадан иккинчи даражага олиб чиқишдир.

Даъват, таълим борасида илм вожиб қиладиган нарсалардан яна бири даъватчи ёки ўқитувчи одамларга қийинлик билан эмас, енгиллик билан, қочириш билан эмас, хушмуомалалик билан ўргатишидир. Иттифоқ қилинган ҳадисда айтилади: “Осон қилинглар, қийин қилманглар, хурсанд қилинглар, қочирманглар”.

Ҳофиз ҳадис шарҳида айтади: Мақсад Исломга кирган инсонни улфат тутиш, иш бошида унга қаттиқлик қилмаслик, яна гуноҳлардан қайтаришдир. Бу эса секин-асталик билан бўлмоғи керак. Чунки боши осон бўлган иш унга кирган кимсага ёқади ва унга бағри кенглик билан ёндашади, оқибатда эса кўп нарсага эга бўлади. Акси эса бунинг хилофидир.

Ҳофизнинг сўзидан енгил қилиш фақат янги Исломга кирганларга чекланмайди, балки бу ўша янги Исломга кирган, тавбаси янги бўлган ёки бўлмаса касал, кекса, муҳтожлар каби енгил қилишга муҳтож бўлганларнинг барчасига умумийдир.

Яна илм тақозо қиладиган нарсалардан бири, илмни ўқувчига тоқати етадиган, ақли етадиган даражада беришдир. Уларга ақллари олмайдиган нарсани гапирмаслик керак, акс ҳолда бу фитна бўлиши мумкин.

Алий розияллоҳу анҳу айтади: Одамларга улар биладиган нарсани гапиринглар, улар билмайдиган нарсани айтманглар. Ахир Аллоҳ ва унинг Расули шаънига ёлғон гап айтилишини истайсизларми?

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: Бир қавмга ақллари етмайдиган нарсани айтар экансан, бу улар учун фитна бўлади.

Юсуф Қаразовий, роҳимаҳуллоҳ

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси