Россия ҳукумати қамоққа олинган Марказий Осиёлик мигрантларни Украинада жанг қилишга мажбурлаётган бир пайтда ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга тобутлар келмоқда. Кузатувчиларга кўра, янада кўпроқ мигрантлар ҳалок бўлиши мумкин. Россиянинг Украинада бир йилдан бери давом этаётган уруши Ўзбекистонга катта зиён келтирмоқда.
Аввалига бу санкцияларга учраган ва халқаро майдонда яккаланиб қолган Кремл томонидан сиёсий ва иқтисодий босим шаклида бўлган, аммо энди уруш оддий фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига ҳам таъсир қилмоқда: Ўзбекистонга тобутлар келаяпти.
Кремл учун жангларда ҳалок бўлган ўзбеклар сони номаълум, бироқ кузатувчиларнинг турли манбалардан олган хабарларига кўра, бундай ўлимлар сони 5-7 тага етган.
Ўлимга етаклаган алдов
19 январ куни Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги икки қишлоққа икки ёш йигитнинг жасади олиб келинган.
Қорақамар қишлоғида яшовчи деҳқоннинг ўғли Бобур Абдумўминов ўн минглаб ватандошлари каби ватанини тарк этиб, Россияга ишлаш учун кетган эди.
«Яхши йигит эди, кетишдан олдин далада ишлади, сабзавот етиштириш билан шуғулланди», дейди 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Абдумўминов маҳалласининг раиси Санобар Ишматова.
«Қишлоғимизда меҳнат мигрантига айланганлар унчалик кўп эмас. Ҳамманинг иши, чорва моллари бор, шароити яхши.»
Шунга қарамай, Абдумўминов Россияга кетишга қарор қилган. Йигитнинг қандай қилиб Украинага бориб қолгани унинг ўлимидан кейин маълум бўлган.
Саккиз ой олдин Абдумўминов қамоққа тушиб қолган. Отаси билан телефон орқали суҳбатида Абдумўминов муддати ўтган паспорти сабабли ҳибсга олинганини айтади. Шундан сўнг алоқа узилиб, ота-онаси ўғлининг кейинги тақдиридан бехабар қолишди.
Абдумўминовга қамоқдалигида «Вагнер» ёлланма аскарлар гуруҳи томонидан Украинада шартнома асосида бир ой жанг қилиш учун 3000 доллар ваъда қилингани ҳақида унинг дўсти хабар топган.
Шундан сўнг, у назарий жиҳатдан судланганликдан халос бўлиб, уйига қайтиши мумкин эди.
Аммо 26 ёшли Абдумўминов ватанига тобутда қайтиб келди. У 15 декабр куни вафот этди. Ота-она ёлғиз ўғлидан, тўрт сингил эса акасидан айрилди.
Россия қамоғидан тобутгача йўл
Абдумўминовнинг дафн маросими 19 январ куни бўлиб ўтди, худди шу куни Работ қишлоғида октябр ойида 23 ёшга тўлган яна бир йигит – Шаҳриёр Жалоловнинг жасади ҳам тупроққа қўйилди.
Жалоловнинг қисқа умри кўп жиҳатдан Абдумўминовникига ўхшаш, айниқса уларнинг Россия қамоғидан Украинадаги ўлимгача босиб ўтган сўнгги йўли бир хил.
Ўғлим болалигидан дастурчи бўлишни орзу қиларди, дейди Жалоловнинг отаси, 49 яшар Зафар Назаров.
У университетга ўқишга кира олмагач, 2018 йил сентябр ойида Россияга ишлашга кетган эди.
«У пул тўпламоқчи, ўзи айтганидек, ҳаётий тажриба орттирмоқчи эди», дейди Назаров. «Компьютерни яхши тушунарди. Мен унга ватанга қайтиб, университетга кир, деган эдим. Лекин у ҳали бунга эрта эканлиги, айниқса катта акаси ўқиётгани учун унинг контрактига ёрдам бериши кераклигини айтди».
Отасининг айтишича, Жалолов «акасининг ўқиши учун 7 миллион сўм [600 долларга яқин] пул берган».
Озроқ пул ишлаб, оёққа туриб олган Жалолов Россиянинг Пенза шаҳрида отаси сингари таксичилик қила бошлаган.
У 2021 йил декабр ойида ҳибсга олинган.
«Улар [полиция] унинг машинасидан психотроп моддалар топишди. Менимча, бу уюштирилган», дейди Назаров. «Тергов бир неча ой давом этгани ҳам ғалати.»
Суд Пензада бўлиб ўтган, бироқ Назаров соғлиғи ёмонлашгани учун у ерга бора олмаган.
20 июн куни Россия суди Ўзбекистон фуқароси Жалоловни қамоқ жазосига ҳукм қилган. Унинг ота-онаси Ўзбекистон расмийлари ўғлининг қамоққа олингани ҳақида хабар бермаганини айтишган.
Ўғлининг жасади солинган тобут келишидан икки кунгина аввал уларнинг уйига Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати ходими келиб, Жалоловнинг ҳалок бўлганини айтган.
«Аммо мен ўшанда ҳам бунга ишонмагандим», деб эслайди юраги эзилган ота.
Маҳаллий ФҲДЁ бўлими унинг ота-онасига ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома берган. Ҳужжатда «кучли қон йўқотиш» ўлим сабаби сифатида кўрсатилган. «Ўлим жойи: Россия Федерацияси, Донецк Халқ Республикаси, Артемовск шаҳри. Ўлим санаси: 16 декабр».
Урушга «славян бўлмаганлар» юборилмоқда
Россия оммавий ахборот воситалари 2015 йилдаги декоммунизация жараёни натижасида тарихий номи тикланган Украинанинг Бахмут шаҳрини Артемовск деб атайди.
Бахмут теварагида ўтган йил август ойидан бери шиддатли жанглар давом этмоқда, Россия қўшинлари ғалабани ушлаб қолишга зўр бериб уринмоқда. У ердаги жангчилар орасида Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари ҳам бўлиб, улар Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар орасидан ёлланган.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби 17 феврал куни разведка маълумотларига таяниб, ўтган йилнинг 24 февралида босқин бошланганидан бери ушбу ёлланма аскарларнинг 30 мингдан ортиғи ўлдирилган ёки яраланганини айтган эди.
Унинг сўзларига кўра, декабр ойида ўлдирилган ёлланма аскарларнинг 90% га яқини Россия қамоқхоналаридан ёлланган. Хусусан, Абдумўминов ва Жалолов ўлдирилган декабр ойи ўрталарида 4500 киши ҳалок бўлган.
Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари билан ишлайдиган, ҳозирда Арманистон пойтахти Ереванда яшаётган ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг айтишича, Россия расмийларида мигрантларни урушга юборишнинг оддий схемаси бор.
Мигрант ўз ҳуқуқларини яхши билмаса ва юртидан узоқда бўлса, расмийлар унинг ёнига осонликча гиёҳванд модда ташлаб қўйиши ёки педофилияда айблаши мумкин, дейди у.
Сўнг Вагнер ёки ҳукумат унга урушга бориш орқали жамият олдидаги қарзини узишни таклиф қилади.
«Вагнер сафига қўшилганлар жисмоний ва жинсий зўравонлик воситасида ёлланган. Лекин, Россия мудофаа вазирлиги ёллаб ўтирмайди», деди Чупик. «Шунчаки автозак олиб келиб, «фалончи, фалончи, чиқ», деб буйруқ беради ва... улар фронтга юборилади. Бунинг учун ҳеч қандай шартнома имзолаш ҳам талаб этилмайди».
Россия расмийлари уларнинг тақдирига бефарқ эканлиги ҳисобга олинса, фақат «славян бўлмаганларни» урушга юбориш учун ушбу техникадан фойдаланилади, дейди у.
(Тўп емига айланадиган) биринчи эшелон Марказий Осиёликлар, улардан кейин кавказликлар, сўнг қолган этник озчиликлардан иборат, деб қўшимча қилган у.
«Янада кўпроқ мигрантлар ҳалок бўлади»
«Бундай ҳолатлар талайгина», деб айтган Москвада ишчи мигрантлар билан ишлайдиган адвокат Ботир Шермуҳаммедов. «Оддий аҳоли булардан бехабар.»
«Боз устига, бир неча минг ватандошимиз Россиядаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтмоқда», дейди у. «Уруш давом этяпти, янада кўп мигрантлар халок бўлиши эҳтимоли юқори.»
Айни вақтда Россия қамоқхоналардаги ўзбек фуқароларнинг аниқ сони бўйича расмий статистик маълумот йўқ, аммо ҳуқуқбон фаолларнинг тахминига кўра, улар етти мингга яқин.
Ўзбекистон Россия билан фуқароларга қамоқ жазосини ўз юртида ўташ имконини берувчи шартнома имзолаши керак, деб айтган Шермуҳаммедов 2016 йилдан бери шундай келишув лойиҳаси бўйича ҳеч қандай силжиш бўлмаганини таъкидлаб.
«Тошкент ўзбекларнинг ҳеч қандай шароитда урушга бормаслиги учун Россия ташвиқотига қарши курашишга катта эътибор қаратиши лозим», дейди Норвегияда яшовчи ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Дьяконов.
«Бу сизнинг урушингиз эмас, ўзбеклар у ерга бормаслиги керак», деб айтган у.
Вафот этган Жалоловнинг отаси Назаров ўғлини Россияга ишлашга юборгани ҳаётидаги энг катта хато бўлганини эътироф этади.
«Агар қишлоғимиздаги ёшлар Россияга ишлашга кетмоқчи эканини айтса, уларга уруш тугагунча кутиб туришни маслаҳат бераман. Ота-оналарга эса фарзандларини қўйиб юбормасликни, акс ҳолда улардан айрилиб қолишлари мумкинлигини айтаман», дейди у.