КХДР жорий ҳафтада «радиоактив цунами» келтириб чиқаришга ва душманларга яширинча ҳужум қилишга қодир бўлган янги сув ости ядро қуролини синовдан ўтказганини маълум қилди.
Жума куни Шимолий Кореянинг давлат матбуоти ҳам Пхеньян «ядро каллагига ўхшаш синов каллакчаси ўрнатилган» ракеталардан фойдаланган ҳолда машғулот ўтказгани ҳақида хабар берди.
Ядровий каллак ўрнатилган ва «радиоактив цунами»ни келтириб чиқаришга қодир янги сув ости дронининг синовлари сешанба куни Жанубий Хамгён провинциясининг Ривон округи қирғоқларида бўлиб ўтди.
Синов қуроли шартли душман порти сифатида белгиланган Хонвон кўрфази сувларида нишонга аниқ теккан. Синовлар чоғида жанговар каллак сув остида портлаб кетган, деб хабар беради КХДРдаги манба. Дрон Кореянинг Шарқий денгизида 80 дан 150 метргача чуқурликда «овал траектория»да 59 соату 12 дақиқа давомида сузиб борган.
Шимолий Корея 2012 йилда «рақобатчиларни ҳарбий ва техник жиҳатдан ортда қолдириш» учун ушбу турдаги ядро қуролини яратишни бошлаган.
КХДР маълумотларига кўра, «махфий қурол» 2021 йилда «Хаиль» сув ости ядровий жанговар дрони номини олган ва сўнгги икки йил ичида унинг устида 50 дан ортиқ синов ўтказилган.