loader
Foto

Украина армиясида мусулмонлар учун имом лавозими жорий қилинди

Мурад Путилин Украина армиясининг имом-капеллани. У мунтазам фронтга қатнайди, мусулмон жангчиларни руҳан дастлаклайди ва хайрия ёрдамлари етказади.

Ҳарбийлар билан ишлаш имом-капелланнинг хизмат бурчи, капелланлик Украина армиясидаги расмий лавозим.

Мурад Путилин яқинда Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан орден билан тақдирланди.

Путилин "Америка Овози"га Украина армиясидаги имом-капеллан фаолияти нималардан иборат эканини тушунтирди:

"Албатта, капеллан сўзи насронийчадан, шунинг учун мен имом-капелланман. Қонунчиликда ҳарбий капеллан. Имом-капелланнинг вазифаси жангчилар билан бирга бўлиш, уларни руҳан, маънан қўллаб қувватлаш.

Женева конвенсиясига кўра, капеллан ҳарбий эмас, жангда иштирок этмайди, фақат диндошлари билан ишлайди. Биринчи ўринда диний дастак, лозим бўлганда албатта рухшунос сифатида ҳам ишлайсан.

Имом-капелланлик жорий этилиши мусулмон бир жангчимизнинг ўлимидан бошланди. Уни шариатга мувофиқ кўмадиганлар йўқ эди, буни ўзимиз бажаришимиз керак эди. Шу боис шайх Саид Исмагилов билан Украина мусулмонлари ҳарбий имом-капеллани бошқармасини туздик. Фронтда юриб мусулмонлар билан алоқага чиқа бошладик. Аввалига мулоқот қийин кечди, ҳозир ҳаммаси изига тушган. Фронтда жангчилар билан бирга овқат тайёрлаймиз; отишма, жангга қарамасдан дуо, намоз ўқиш, "Қуръон"дан дарслар беришга ҳаракат қиламиз.

Мен ҳозир Украина армиясида қанча мусулмонлар жанг қилаётганини аниқ айта олмайман. Аммо улар жуда кўп. Қрим-татарлари, Кавказдан, Марказий Осиё, жумладан, Туркманистон, Ўзбекистондан ҳам кўп.

Аваллари мусулмон жангчиларга ҳалол озиқ-овқат етказиш қийин эди. Ҳозир кўнгиллилар, жумладан, капеллан хизмати ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Мусулмон жангчилар ҳалол маҳсулот билан тўкис таъминланмоқда. Рамазон ойида асосан фронт ҳудудларида бўлдик, хайрия ёрдамлари улашдик, жангчилар билан ифторлик қилдик, жума, таровеҳ намозларини ҳам биргаликда ўқидик. Ҳозир Украина армиясидаги мусулмон жангчиларни қийнаётган жиддий муаммолар йўқ", - дейди Украина армияси имом-капеллани Мурад Путилин.

Бу ҳақда VOA хабар тарқатди