loader
Foto

Россия Киевга бутун уруш давомидаги энг катта дронлар ҳужумини уюштирди

28-май, якшанбага ўтар кечаси Россия Киевга ҳаво ҳужумларини бошлади, бу Киев шаҳар ҳарбий маъмуриятининг таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши уруши давомидаги энг оммавий зарба бўлди. Шаҳар бўйлаб учувчисиз самолётларнинг бир нечта тўлқинлари учирилди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Киевга 54 та “Шаҳед” камикадзеси учирилганини, бу уруш бошланганидан бери рекорд кўрсаткич бўлганини, 52 та дрон уриб туширилганини маълум қилди.

Киев мери Виталий Кличконинг сўзларига кўра, дрон бўлакларнинг қулаши оқибатида 41 ёшли эркак киши ҳалок бўлган, 35 ёшли аёл жароҳатланган, бир қанча бинолар вайрон бўлган. Украина пойтахтининг жануби-ғарбидаги Голосеевский туманида бўлакларнинг қулаши натижасида уч қаватли омбор ёниб кетди, 1000 квадрат метрга яқин қурилиш иншоати майдони ёниб кетди. Ғарбда, Соломенский туманида учувчисиз самолётнинг бўлаклари етти қаватли нотурар жой биносига урилган. Шаҳар марказидаги Печерский туманида тўққиз қаватли уйнинг томи ёниб кетди.

Reuters мухбирларига кўра, ярим тундан сўнг бошланган ҳаво ҳужуми чоғида айрим фуқаролар балконларда туриб, Россия президентига ҳақорат ва “Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига шон-шуҳрат” шиорлари билан бақиришган. Ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш маҳаллий вақт билан соат 6:00 дан кейин бекор қилинди.



Якшанба куни Киев шаҳар кунини нишонлайди - ташкил этилган кундан бошлаб 1541 йил. Одатда шу куни Украина пойтахтида ярмаркалар ва концертлар ўтказилади. Улар бу йил учун ҳам режалаштирилган, аммо кичикроқ миқёсда.



Украинанинг кутилаётган қарши ҳужуми олдидан Россия май ойида ракета ва дрон ҳужумларини кучайтирди.