loader
Foto

Исроилнинг ўта ўнг қанот ҳукумати аъзоси исроиллик кўчманчилар ҳужумида фаластинликнинг ўлдирилиши ҳақидаги америкаликлар томонидан берилган "террор ҳужуми" таърифини инкор қилди

"Америка таърифига тўғри профессионал таъриф сифатида қарашни маслаҳат бермайман. Ахир, улар разведка маълумотларига эмас, балки оммавий ахборот воситаларининг хабарларига таянади", деди сешанба куни қишлоқ хўжалиги вазири Ави Дихтер.

"Оммавий ахборот воситалари хабарларида ҳамма нарса тўкиб ташланади - тўғри, нотўғри, ғаразли ва ҳоказо. Охир оқибат, биз учун у ерда нима бўлганлиги муҳим", деди ШАБАК ички хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Дихтер Исроил армияси радиосига.

19 ёшли Қусай Жамол Маатан ишғол қилинган Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳ шарқидаги Бурқа шаҳрида жума куни қуролли кўчманчилар қишлоққа бостириб кириб, аҳоли билан тўқнашувга сабаб бўлганида отиб ўлдирилган.

"Биз 19 ёшли фаластинликни ўлдирган экстремист исроиллик кўчманчиларнинг кечаги террор ҳужумини кескин қоралаймиз", деди АҚШ Давлат департаменти шанба оқшомида "тўлиқ жавобгарлик ва адолатга" чақирган баёнотда.

Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллерр душанба куни бу сўзнинг танланиши тасодифий эмаслигини айтди.

"Биз буни террорчилик ҳаракати деб ҳисоблаймиз ва биз бундан хавотирдамиз, шунинг учун ҳам биз буни шундай деб атадик", деди у журналистларга.

"Шунингдек, биз зўравонлик билан боғлиқ экстремизмнинг барча ҳолатларида, айбдор ким бўлишидан қатъи назар, жавобгарлик ва адолат бир хил қатъийлик билан таъминланиши кераклигини аниқ айтдик", деди у.

Миллернинг таъкидлашича, Исроил икки кўчманчини ҳибсга олган ва у буни "адекват ҳаракат" деб атаган.

Бироқ сешанба куни Қуддус округ суди гумонланувчилар эҳтимолий суд жараёнларига қадар озод этилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.

Суд қарорига кўра, улардан бири уй қамоғига олиниши, иккинчиси эса бошидан олган жароҳатини даволаётган касалхонада қолдирилиши лозим.

Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, икки гумонланувчидан бири ўта ўнгчи "Яҳудий кучлари" партиясининг собиқ депутат ёрдамчиси бўлиб, унинг раҳбари Итамар Бен-Гвир жамоат хавфсизлиги вазири саналади. Провокатор сифатида танилган Бен-Гвир аввалроқ фаластинликларни депортация қилишга чақирган эди.

Фаластинликларга кўра, кўчманчилар тош отган, машиналарга ўт қўйган ва қишлоқ аҳолиси билан тўқнаш келганда Маатанга қарата ўқ узган ва бир неча кишини яралаган гуруҳнинг бир қисми бўлган.

Исроил армиясининг дастлабки хулосаларига кўра, воқеа кучайган қарама-қаршилик сифатида баҳоланган. Адвокатнинг сўзларига кўра, кўчманчилар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаракат қилган.

Исроилнинг «Гаарец» газетаси қўлга киритган стенограмманинг айблов хулосасида давлат кўчманчиларни ирқчилик сабабларга кўра "қасддан ёки шафқатсиз ўлдиришда" айблади.

Кўчманчиларнинг фаластинликлар ва уларнинг мулкларига ҳужумлари кенг тарқалган. Ушбу ҳодисаларнинг аксарияти, жисмоний ҳужумлардан тортиб ўт қўйиш ва вандализмгача, кўпинча Исроил армиясининг ҳимояси остида ёки у билан келишилган ҳолда содир бўлади.

600 000 дан 750 000 гача исроиллик кўчманчилар Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги 250 дан ортиқ ноқонуний аҳоли пунктлари ва аванпостларида яшайди. Аҳоли пунктлари халқаро ҳуқуққа мувофиқ ноқонуний ҳисобланади.

Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги жанглар ўтган йил бошида Исроил Фаластин ҳудудларига тунда рейдлар бошлаганидан сўнг кучайган эди.

Жорий йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари ва қамал остидаги Ғазо секторида 200 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, бу қурбонларнинг аксарияти Ғарбий Соҳилда қайд этилган.

Рақамлар шуни кўрсатадики, 2023 йил Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2005 йилда ўлганлар рўйхатини юрита бошлаганидан бери энг ҳалокатли йил бўлди.