loader
Foto

Россия сафарбарликдан қочиш учун Марказий Осиёдан одамларни урушга ёллайди

Россия ҳукумати чет элликларни урушга ёллаш орқали сайловлар олдидан сафарбарликнинг янги тўлқинидан қочишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги кундалик шарҳида.

Муаллифлар бир нечта мисоллар келтирадилар. Жумладан, улар интернетда Арманистон ва Қозоғистон фуқароларига урушда иштирок этиш 495000 рубл ($5,140) бошланғич тўловлар ва 190000 рубл иш ҳақи таклиф қиладиган реклама эълонлари ҳақида гапиради. Россия, шунингдек, мамлакат фуқаролигини тезлаштирилган тарзда тақдим этиш ва юқори маош билан таъминлаш эвазига Марказий Осиёдан келган муҳожирларни Украинага боришни таклиф қилди.

Ҳисоботда, шунингдек, Мариуполга ишлаш учун келган ўзбекистонлик муҳожирлар Россия армиясига қўшилишга мажбур бўлганлиги даъво қилинган.

"Россияда Марказий Осиёдан камида олти млн муҳожир яшайди, уларни Кремл потенциал кўнгиллилар деб билади", деб ёзади муаллифлар.

Уларнинг фикрига кўра, Россия шу тариқа, эҳтимол, 2024 йилги президентлик сайловлари арафасида ички сафарбарлик тўғрисида янги эълондан қочишни хоҳлайди. "Чет ел фуқароларидан фойдаланиш Кремлга ўсиб бораётган йўқотишлар шароитида Украинадаги ҳарбий операциялар учун янги жангчиларга эга бўлишга имкон беради", - деб ёзади муаллифлар.

Август ойи охирида Калуга вилоятидаги муҳожирларга Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзоламаганлардан фуқаролик учун ҳужжатларни қабул қилиш рад этилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Айни пайтда камида бешта бундай ҳолат маълум, аммо ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Котляр уларнинг сони кўп эканлигини айтди.

Июль ва август ойларида Санкт-Петербург, Амур, Москва, Уляновск, Пенза ва Липецк вилоятлари аҳолиси яна "маълумотларни текшириш" учун ҳарбий хизматга чақирувларни қабул қила бошладилар, деб ёзди "Дождь". Бундан олдин, Санкт-Петербургда, София сабзавот омборига икки кунлик полиция рейдидан сўнг, 100 дан ортиқ одам қўлга олинган ва ҳарбий рўйхатга олиш учун ҳарбий комиссариатга элтилган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар Чебоксари ва Новочебоксарскда содир бўлган. Нижний Новгородда 20 дан ортиқ одам ҳарбий комиссаратга олиб кетилди — у ерда мева-сабзавот базасига рейд бўлиб ўтганди. Пермда полиция ходимлари ва ҳарбий комиссарат ходимларининг биргаликдаги текшируви бўлиб ўтди.