Байден мезбонлик қилган саммитда Қозоғистон Президенти Қосим Жўмарт-Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Бердимуҳамедов иштирок этди.
Кеча, 19 сентябр куни Ню-Ёркда Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди.
АҚШ Президенти Жо Байден мезбонлик қилган саммитда Қозоғистон Президенти Қосим Жўмарт-Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.
Илк бор ўтказилаётган саммитда етакчилар “C5+1” мулоқоти доирасида Марказий Осиёнинг суверенитети, барқарорлиги ва фаровонлигини янада мустаҳкамлаш бўйича иқтисодиёт, энергетика ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликда ишлаш масалаларини муҳокама қилди.
Саммитда стратегик шериклик, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, Евроосиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Самарқандда 8 йил аввал ташқи ишлар вазирлари даражасида ташкил этилган "C5+1" формати давлат раҳбарлари даражасига кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги барча соҳаларда очиқ ва конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформага айланди.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни, шунингдек, хавфсизлик муаммолари, жумладан, киберхавфсизлик, терроризм, зўравонлик, экстремизм, ноқонуний иммиграция ва гиёҳванд моддалар савдоси каби муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорликни кучайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.
Саммитда сўзга чиққан Тоқаев Алмати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё ва Афғонистонда Барқарор ривожланиш минтақавий мақсадлари марказини ташкил этишда АҚШнинг қўллаб-қувватлашига ишонишларини билдирди.
Мирзиёев савдо ва сармоявий фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, таълим дастурларини тарқатиш, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратди.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, шунингдек, саммит ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарорликни та’минлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бўлиши кераклигини таъкидлади.
“АҚШ билан ҳамкорлик, жумладан, "C5+1" формати Қирғизистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир”,- деди у.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ортиб бораётган таҳдидлар, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги сиёсий вазият ва Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини қўриқлаш масалаларига тўхталиб, бу жараёнда халқаро ёрдам ва ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида ўзаро англашувни чуқурлаштириш ва конструктив шерикликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.