loader
Foto

Петр Биринчининг соқол билан кураши

Монарх томонидан соч-соқоли олдирилганлар

Бироқ, эҳтимол, Петр даврини эслаганда ёдга олинадиган биринчи нарса бу соқолга қарши шафқатсиз кураш бўлса керак. Соқол учун солиқ тўлаш шоҳ томонидан зўрлик билан олиб борилган европалаштиришнинг энг ёрқин далилидир.

Дарҳақиқат, соқол солиғи Россияда шоҳ Европа сафаридан қайтганидан кейин пайдо бўлган. 1689 йилнинг августида Петер I "Немисча либос кийиш, соқол ва мўйловни олиб ташлаш, раскольникларнинг улар учун кўрсатилган кийимда юриши тўғрисида" фармон чиқарди, унга кўра, Янги йилдан бошлаб (ўша пайтлар Россияда 1 сентябрда бошланарди) соқол қўйиш тақиқланган.

Ушбу чоранинг жорий қилиниши жуда ажойиб тарзда ўтказилди: 26 ёшли шоҳ боярларни тўплаб, қайчи олиб келишни талаб қилди ва ўз қўллари билан бир нечта аслзодалар насаблари вакилларининг соқолини қайчилаб ташлади.

Шундан кейин жараён янада жадал тус ола бошлади: бояр Шеиннинг Янги йил шарафига дастурхон безатилган кечки овқатида соқолни кесиш шарафи шоҳнинг масхарабозига тақдим этилди.

Янги тартиблар Питер Алексеевичнинг яқинлари учун бу қадар кутилмаган янгилик бўлганига шубҳа қилиш мумкин: унинг мамлакатни европалаштириш ниятлари ҳақида билар экан, улар содир бўлаётган нарсаларга маънавий тайёргарлик кўришлари керак эди.

Оддий одамлар учун эса зўрлик билан соқолдан маҳрум қилиш, албатта, кутилмаган ҳолат бўлди. Бироқ, бундай юз безашни яхши кўрадиганлар учун бир туйнук қолдирилди - 1689 йил 5 сентябрда поп ва дьяконлардан ташқари барча соқолларини ва мўйловларини олдиришга буйруқ берадиган, буни истамаганлардан эса бож олиш кўрсатилган фармон чиқарди.

Соқол молия манбаси сифатида

Жамиятда норозилик кучли эди. «Старообрядлар» учун янгиликлар "янги ҳукуматнинг иблисона моҳияти" нинг яна бир тасдиғи бўлди. Баъзи жойларда ҳукуматга қарши тўғридан-тўғри қаршилик кўрсатилди, аммо бу шафқатсизларча бостирилди.

Руҳий жиҳатдан энг беқарор бўлган эркаклар, соқолсиз қолгач, ўз жонига қасд қилган ҳам.

Бу ҳолат черковнинг россияликлар ҳаётига таъсири катта эканлиги билан изоҳланарди. Гап шундаки, соқол олиш олтинчи жаҳон Собор қоидалари, шунингдек, ва патриархик асарлар (авлиё Епифаний Кипрский, авлиё Кирил Александрийский, бл. Феодорит, авлиё Исидор Пилусиот) томонидан тақиқланганди. Черков оталарининг мантиқи шундай эди: соқолини олувчи шу тариқа Яратгувчининг инсонга берган кўринишидан норозилигини ифодалайди, бундан Худонинг «ишини тузатиш» истаги юзага келади.

Черковнинг янгиликлар киритилишига бундай қаттиқ қаршилик кўрсатиши шунда ўз ифодасини топардики, соқолсизларга черковда дуо қилинмасди, бу эса Петрдан олдинги диндор Россияда ҳақиқий ҳалокат эди.

Шунга қарамасдан, серғайрат шоҳ ўз сўзида қаттиқ туриб олди. Бу соқолдан олинадиган бож тўловлари давлат учун молиявий қизиқиш уйғотишидан ҳам келиб чиқарди.

Соқолни сақлаб қолмоқчи бўлган бадавлат фуқароларнинг сони кўп эди, шундай экан, давлат ғазнаси учун маблағлар оқими сезиларли эди. Петр I га пул жуда керак эди: флот қуриш ва уруш олиб бориш жуда қимматга тушар эди.

Шу сабабли соқол солиғидан ташқари, печлар, этиклар, ўтин, ҳаммом ва бошқа нарсаларга қўшимча равишда солиқ солинди.

Генриха VIII рецепти бўйича

Дарвоқе, Петр Алексеевич соқолга солиқ солиш борасида биринчи бўлмаган. Бу чорани биринчи бўлиб инглиз қироли Генрих VIII 1535 йил қўллаган, ундан ўрнак олган қизи Елизавета I икки ҳафтадан ортиқ муддат ўсган ҳар қандай соч-соқолга солиқ солган.

Таъкидлаш жоизки, Ғарбий Европада соқол атрофидаги эҳтирослар ҳам асосан черковнинг позициясидан келиб чиққан. 1119 йилда Тулуза соборида соқол ва узун соч ўстиришни тақиқловчи қоидалар киритилган, аммо кўпчилик уни калта соқол учун кўрсатма деб ҳисоблаган. XVI аср охирида Католик черковида кардинал Карло Борромео соқолни тўлиқ тақиқлашга уриниб кўрди, лекин бу ишда муваффақият қозонмади.

Петр I ўз ҳаракатларидан ўтмишдошларидан кўра изчилроқ бўлиб чиқди – аста-секинлик билан янги меъёр барча фуқароларни қамраб олди. 1699 йилда махсус соқол белгиси жорий қилинди, у давлатни юзидаги соқол-мўйлови учун пул тўлаганларга бериларди.

Шоҳ фақат икки кишини – Петр ёқтирган Москва губернатора Тихон Стрешневни ва кекса ёшдаги Михайлов Черкасскийни соқол солиғидан озод қилган.

1705 йилнинг январида соқол божи табақага қараб тизимлаштирилди: сарой аъёнлари, шаҳар дворянлари ва амалдорлар йилига ўша пайтлар учун астрономик миқдор саналган 600 рубль, савдогарлар - 100 рубль, шаҳарликлар - 60 рубль, хизматчилар ва бошқа шаҳар мулозимлари - 30 рублб тўлашлари керак эди. Деҳқонларнинг иши бироз осонроқ эди - улар йиллик тўлов тўлашмаган, лекин шаҳарга келган ҳар бир киши соқоли учун ҳар сафар 1 тийиндан тўларди.

1715 йилда 50 сўмга тенг бўлган умумий тўлов жорий этилди. Шу вақтга қадар, деҳқонлар ва руҳонийлардан ташқари, фақат жуда тақводор ва бадавлат одамлар, шунингдек, «раскольник»лар соқолга содиқ қолишди. Уларга соқол билан бирга эскича кийим кийиш буюрилган, жамиятда улар ўта бежамдор бўлиб туюларди. Ушбу қоидани бузганлар тезда жарима кутишлари мумкин эди – шоҳнинг фармонига биноан, соқол қўйишда қоида бузган одамни кўрсатган шахсга жарима миқдорининг ярми бериларди. Соқолли одам учун маблағнинг йўқлиги узрли ҳисобланмасди - уни жарима миқдори тўлиқ тўланмагунга қдар каторга кутарди.

Петрнинг иши давом этмоқда!

Соқол билан боғлиқ масала Петрнинг ўлимидан кейин ҳам юмшамади – кейинги ҳукмдорлар, жумладан, унинг қизи Елизавета Петровна «соқолга қарши» қонунчиликни тасдиқладилар.

Жамиятда ривожланган зиёлилар соқолларига бўлган солиқ замонавий либералларга гейлик ташвиқотини чеклайдиган ҳужжат сабаб бўлган бир хил ғазабланишни келтириб чиқарди. 1757 йилда «Соқол мадҳи» ёзган Михаил Василевич Ломоносов ҳокимиятнинг жиғига тегди. Подшоҳ олимни бармоғи билан ниқтаб қўрқитди, лекин воқеа шу билан тугади.

Фақат Буюк Екатеринагина 1772 йилда етмиш йилдан ортиқ мавжуд бўлиб келган соқол солиғини бекор қилдирди. Бироқ, бу пайтга келиб, натижага эришиб бўлинганди - рус эркакларининг оммавий раившда соқол қўйиб юриши тарихда қолиб кетганди. Соқол узил-кесил руҳонийлар ва қишлоқ аҳолисининг белгисига айланганди.

Бунда, солиқнинг бекор қилинишига қарамай, Екатерина II даврида ҳамма ҳам соқол билан юролмасди. Бу, масалан, давлат амалдорлари, ҳарбийлар ва сарой аёънлари учун рухсат этилмасди.

Николай I даврида мансабдор шахслар, ҳарбийлар ва талабалар соқол қўя олмасди. Умуман олганда, Николай даврининг ёзилмаган қоидалари фақат кекса ёшдаги одамларга соқол қўйиш ҳуқуқини берди ва ёшлар орасида соқол қўйиш, юмшоқ қилиб айтганда, рағбатлантирилмасди. Бироқ, ҳарбийларга бироз енгиллик берилди - айрим турдаги ҳарбий хизматчиларга мўйлов ва бакенбард рухсат берилди.

Шоҳнинг соқол билан сўнгги фармони XX аср бошида, 1901 йил қабул қилинди: император Николай II юнкерларга соқол, мўйлов ва бакенбард қўйишга рухсат берди.

Петр кўрган чораларнинг асоратлари бугунгача давом этмоқда. Мисол учун, кўпчилик ҳарбий хизматчиларга соқол қўйиш рухсат этилмаган. Фақат мўйлов рухсат этилган, лекин у ҳам ҳамма учун эмас.

Айтганча, Улуғ Ватан уруши йилларида айнан соқол мунтазам Қизил Армия жангчилари ва партизанлар ўртасида жиддий фарқ бўлган. Леонид Утесов ўзининг машҳур "Партизан соқоли" қўшиғида бу характерли ташқи белги ҳақида куйлаган.