Бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Робиул аввал ойи ҳар йилгидан ўзгача шукуҳ ва тароватда ўтмоқда. Буни Диний идора биносида ёққол сезиш мумкин. Киравериш ва йўлаклар муборак ой фазилатини акс эттирувчи лавҳа ва сийратга оид ояти карима, ҳадиси шариф, шиор ва саловатлар билан безатилган. Идорага ташриф буюрувчи ҳар бир кишига мавлид ҳадялари улашилмоқда. Бундай тараддудни диёримиздаги барча жоме масжид ва диний таълим муассасаларида кўриш мумкин.
Шунингдек, масжидларимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқларига оид мавъизалар қилиниб, хушовоз қорилар Набий алайҳиссалом тўғрисида битилган Имом Барзанжийнинг “Мавлиди шарифи”ни ўқишмоқда.
Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида эса сийратга оид давра суҳбатлари ва мусобақалар ташкил этилмоқда. Мазкур мусобақаларнинг якуний босқичи Диний идорада ўтказилиши режалаштирилган.
“Маданият ва маърифат” телеканалидаги “Маърифий суҳбатлар” кўрсатувида сийратга оид сонлари тайёрланиб, эфирга узатилаётани ҳам халқимиз учун манфаатли бўлаётир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz порталидаги Расул алайҳиссалом сийратларига бағишланган туркум мақолалар, уламолар иштирокида сийрат суҳбатлар ҳам омма эътиборини жалб қилмоқда.
“Вақф” фонди эса ҳомийлар билан бирга кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар ва меҳрибонлик уйларига “Мавлид ҳадялари” улашилмоқда. Бундай хайрли ва савобли тадбирлар ой охиригача давом этади, инша Аллоҳ.
Бу саъй-ҳаракатларнинг яна бир хайрлиси Робиул аввал ойи муносабати билан “Оламларга раҳмат пайғамбар” номли сийрат танловининг эълон қилиганидир. Мукофоти ҳаж йўлланмаси бўлган мазкур танловга топширган талабгорлар сони кундан кун ортиб, ижодий ишлар кун сайин зиёда бўлмоқда.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Мавлид ойини муборак айласин, фазилатли ой файзу баракасидан баҳра олишни барчага насиб этсин!