loader
Foto

Туркия Украинага юзлаб йирик калибрли пулемётлар етказиб беради

Туркия Украинага йирик калибрли пулемётлар етказиб бериш ниятида ва аллақачон 600 дан ортиқ қурол етказиб берган, деб хабар беради Middle East Eye савдонинг боришидан хабардор манбаларга таяниб. Анқара ўтган йили уруш бошланганидан бери Киевни секин-аста дронлар, лазер ёрдамида бошқариладиган ракеталар, ҳимоя воситалари ва зирҳли техникалар билан қуроллантиргани аллақачон маълум эди.

Аммо яқинда у қуруқликдаги кучлар томонидан ишлатилиши ёки зирҳли техника воситаларига қўйилиши мумкин бўлган Canik M2 йирик калибрли пулемётларининг моделларини етказиб беришни бошлади.

Бир манбанинг хабар беришича, март ойида Туркиянинг Canik қурол ишлаб чиқарувчи хусусий компанияси билан бир нечта  шартнома имзоланган.

Иккинчи манбага кўра, бир нечта хизмат, жумладан, разведка хизматлари фойдаланиши учун 600 дан ортиқ пулемет етказиб бўлинган.

«Битим 600 дан ортиқ юкларни етказиб беришни талаб қилади; келгуси ойларда кўпроқ жўнатилади», — қўшимча қилди манба.

Анқаралик бир экспертнинг таъкидлашича, ҳар бир пулемётнинг нархи 15 000-20 000 АҚШ долларига баҳоланмоқда, яъни жорий таъминот нархи 10 млн АҚШ долларидан ошади.

Armourer Bench мудофаа блоги ўтган ой оммага маълум бўлган фотосуратларга асосланиб, апрель ойидан бери Украинага Туркияда ишлаб чиқарилган М2 йирик калибрли пулемётларининг иккита модели тақдим этилганини хабар қилди.

"Апрел ойида Украина Nissan пикапларига ўрнатилган M2F қўшотар қуролларини олди", дейилади блогда.

Улар аллақачон Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Украина чегара хизмати учун янги техникаларни кўздан кечираётгани суратида кўринди.

Блогнинг қўшимча қилишича, M2F моделлари сўнгги ойларда Россия армияси томонидан тобора кўпроқ фойдаланилаётган кичик дронларга қарши курашиш учун етказиб берилган.

Анонимлик шарти билан гапирган украиналик манбалардан бирининг айтишича, пулемётлар ўтган йили Украинага етказиб берилган туркиялик Kirpi зирҳли машиналарига ўрнатилиши мумкин.

The Armourer Bench маълумотларига кўра, 200 дан ортиқ Kirpi Украина қуролли кучларига етказиб берилган.

Canik ўз веб-сайтида, шунингдек, йирик калибрли пулемётнинг зирҳли транспорт воситалари ва енгил транспорт воситаларида, денгиз кемаларида, шунингдек, пиёдалар томонидан автомобилга қарши ва пиёдаларга қарши мақсадларда уч оёқли воситаларда кенг қўлланилганлигини таъкидлайди.

"Биз тан оламизки, пулемётлар Россияга қарши урушда ўйинни ўзгартира олмайди", деди манба. "Аммо отадими? Отади. Демак, бу катта ёрдам".