loader
Foto

Фотиҳа сураси (Тафсири ирфон)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1.Барча мақтовлар оламлар Парвардигори Аллоҳгадир.

Қуръони каримнинг, унинг биринчи сураси Фотиҳанинг ушбу ояти карима билан бошланиши, очилиши бежизга эмас. Мусулмонлар доимо 'Барча мақтовларимиз ва саноларимиз Аллоҳ таолога бўлсин!” дея дуо қилишади. Чунки ҳамду санога бутун оламларнинг, барча жонли ва жонсиз мавжудотларнинг якаю-ягона яратувчиси, бошқарувчиси ва тарбияткунандаси Аллоҳ азза ва жаллагина муносибдир, ҳақлидир. "Оламлар" деганда Аллоҳ таоло яратган барча оламлар, яъни бутун мавжудот: инсоният, фаришталар ва жинлар, ҳайвонот, наботот, жамодот, коинот ва бошқа оламлар тушунилади. Аллоҳ таоло бу оламларни яратиш билан бирга уларни асрайди, бошқаради, ризқлантиради. Аллоҳ таоло билан оламлар орасидаги алоқалар ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам узилмайди. Ана шу барча оламларнинг якка яратувчиси ва бошқариб турувчиси мутлоқ ҳукмдорликка эга ягона Аллоҳ таолодир.

Аллоҳ таоло яратган оламларни тўлароқ ҳис этиш учун хаёлан бир сафар қилиб кўрайлик: масалан, сиз яшаб турган қишлоқ ёки маҳаллада бир неча минг киши яшайди. Бундай маҳаллалардан бир туманда камида эллик-олтмиштаси бор. Бу маълумотларни вилоят миқёсига солиштирсангиз, салмоқ янада катталашади: вилоятда сизникидай туманларнинг камида ўн-ўн бештаси бор. Мамлакатимизда эса бундай вилоятлар сони ўн учта. Демак, бундан Ўзбекистонимизнинг ҳам жуда катта мамлакатлардан экани маълум бўлади. Шундай катта мамлакатни жаҳонга тенгласак, иш бошқача-роқ тус олади. Дунё мамлакатлари майдони юз фоиз деб олинса, Ўзбекистон эгаллаб турган ер бунинг бор-йўғи 0,33 фоизига тенг. Аҳоли сони бўйича эса жаҳон кўрсаткичининг 0,4 фоизига баравармиз.Ер юзида инсонлар макон тутган қуруқлик эса жуда бепоён эмас: куррамизнинг йигирма тўққиз фоизигина одам яшайдиган қуруқликдан, қолган етмиш бир фоизи денгиз ва уммонлардан иборат.

Инсоният яшаб турган Ер куррасини Қуёшга менгзайдиган бўлсак, Қуёш салмоғининг ўзиёқ инсон ақлини шошириб кўяди. Қуёш Ердан миллиардлаб марта катта, Ердан Қуёшгача бўлган масофани босиб ўтиш учун энг учқур ҳаво кемаларининг йиллаб учишига тўғри келади. Энди фикр доирасини янада кенгайтириб, атрофимизни ўраб турган ҳамда Ер, Қуёш, Ой ҳамда бошқа сайёра ва юлдузлардан ташкил топган галактика (миллиардлаб осмон жисмлари тўплами) ўлчамлари билан танишайлик: биз ичида яшаб турган галактика "Сомон йўли" деб аталади. Сомон йўли таркибида Қуёш тизимига кирувчи Ер, Зуҳал, Миррих, Муштарий, Чўлпон каби тўққиз сайёра, шунингдек икки юз миллиарддан ортиқ юлдуз бор. Бу юлдузлардан айримларининг ҳар бири Қуёшга тенг: баъзиси ундан каттароқ, айримлари кичикроқ. Сомон йўлининг нақадар улканлигини тасаввур қилиш учун биргина мисол: Куёшдан чиққан ёруғлик бизгача саккиз - дақиқада етиб келади, ёруғлик Сомон йўлининг бир учидан иккинчи учигача бориши учун эса юз минг йил керак бўлади. Бу поёнсиз Коинотда қанча галактика борлиги номаълум. Франсуз олими Морис Букай улар сонини миллиардлаб дейди. Бизлар англаган битта Сомон йўли галактикаси шунчалар ақл бовар қилмас даражада улкан экан, яна бундай галактикалардан миллиардлаби мавжудлиги ҳар қандай соғлом ақлни ҳам шошириб қўйиши аниқ.

Аллоҳ таоло яратган биргина Коинот олами ҳақида фикр юритишнинг ўзиёқ Парвардигорнинг буюк қудрати ва яратиш ҳикматига мисол бўла олади. Ҳақ таоло яратган ҳайвонот, наботот, жамодот, инсон ва жинлар олами ҳақида тафаккур юритиш эса киши маърифатини янада оширишда улкан сабоқ бўлиши аниқ. Биргина мисол:олимлар ҳисобича, ер юзида ва сув остида тарқалган барча махлуқот-мавжудотлар тури (хили) 150 миллионтадан ошади.

Аллоҳ таоло бундай улкан Коинот тизими, инсон ақли бовар қилмайдиган бепоён оламларнигина яратиб қолмай, энг майда зарра-ларни ҳам халқ этган. Масалан, атомни олиб кўрсак, бунга яна бир бор имон келтирамиз. Бир атом шунақанги майда зарраки, уни ҳатто энг кучли заррабин (микроскоп) орқали ҳам кўришнинг иложи йўқ. Буни тасаввур қилиш учун бир тажриба қиламиз: бир сантиметрли ипни минг бўлакка бўлинг, сўнг ана шу бўлаклардан бирини яна минг қисмга бўлиб чиқинг. Ҳосил бўлган узунликнинг битта сини олиб, унинг юздан бирини аниқланг. Ана шу топган узунлигингиз атомнинг ярмига тенгдир. Аллоҳтаоло шундай кичик зарра бўлган атомни ҳам иккига: нейтрон ва протонга бўлинадиган қилиб яратганига нима дея оласиз?!

Аллоҳ таоло барча мавжудотларнинг ягона Яратувчиси, танҳо бошқарувчиси, буларнинг барини ягона илоҳий низомга бўйсундириб қўйган буюк Зот экан, мақтов ва саноларимиз ҳам фақат Унинг Ўзига бўлади! Шунинг учун ҳар гал Фотиҳа сураси қироат қилинганида юқоридаги мисолларни бир хотирга келтириш, Буюк Холиқимизни таниш, тенгсиз қудратига тасаннолар айтиш ва берган беҳисоб неъматларига шукр айтиш зарур бўлади.

2.У меҳрибон, раҳмлидир.

Меҳрибонликни англатувчи Раҳмон ва раҳмлилиликни англатувчи Раҳим Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бўлиб, "Раҳмон" неъматларини тўкис беҳисоб қилиб берувчи маъносини, "Раҳим" эса қиёматда мўминларга раҳм қилувчи маъносини билдиради. Унинг Раҳмон сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос, буни инсонларга нисбат бериб бўлмайди. Раҳимлилик эса инсон ва бошқа махлуқотларга ҳам хос бўлиб, инсонларда ҳам, жонзотларда ҳам ўз фарзандларига ҳамда яқинларига раҳм-шафқаттуйғулари мавжуддир. Масалан, ўғил-қизи беморлик туфайли ёки моддий жиҳатдан сал қийналиб қолса, ота-оналар раҳм-шафқатлари туфайли жону молларини ундан аямай сарфлаб юборишади. Жонзотларда ҳам ўз наслига раҳм-шафқат ниҳоятда кучли. Ҳайвонлар ҳақидаги филмларда бу нарса кўп марта кўрсатилган. Энг ваҳший жонзот саналган арслон ҳам янги туғилган боласини шунчалик ялабэркалайдики, беихтиёр унинг ваҳшийлиги эсдан чиқади.

Баланд қояларга ин қуриб бола очадиган бир денгиз қуши бўларкан. Боласи улғайиб, парвоз қиладиган бўлганида илоҳий табиий туйғу (инстинкт) туфайли денгиз сари учиши керак экан. Аммо кўп палапонлар қоядан денгизгача бўлган масофани учиб ўта олмай, ярим йўлда чарчаб ерга қўнишига тўғри келиб қоларди. Ана шунда ризқ излаб юрган тундра тулкилари уларни пойлаб туришарди. Палапони тулкига ем бўлмаслиги ва насли давом этиши учун қушнинг онаси тулкига ўзини қурбон қилиб, боласини қутқаради.

Раҳмдилликнинг бундай кўринишлари инсонлар орасида айниқса кучли. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом жангларнинг бирида асирлар орасидаги бир аёл асирларнинг болаларини эмизаётганини кўриб қоладилар. Уни саҳобаларга кўрсатиб: "Мана шу хотин ўзгаларнинг боласини эмизяпти, шу аёлга "Ўз болангни ўтга ташла!" деб буюрилса, ташлайдими?" дея сўрадилар. Саҳобалар: "Асло, ўзини ўтга ташлаши мумкин, аммо боласини ташламайди”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз: "Аллоҳтаоло ҳам бандасини ўтга ташлашни истамайди, бу онанингўз боласига бўлган меҳридан кўра Аллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳрибонлиги буюкроқдир", дедилар. Ҳақиқатан, Аллоҳтаоло меҳрибонларнинг энг меҳрибони, раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир.

Янатакрорлаймиз,Унингмеҳрибон (Раҳмон) сифати фақатУнинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган. Илтижо ила қўлларимизни кўтариб, "Аллоҳ акбар" дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз, Ўзигагина ибодат қиламиз ва ниҳоясида хоҳлаган нарсамизни сўрай оламиз. У шунчалик меҳрибонки, инсонлар орасида Аллоҳни ва Унинг амр-фармонларини инкор қилувчилари бўлсада, уларни ҳам эсдан чиқармай ризқ бераверади, неъматларини дариғ тутмайди. У шунчалар меҳрибонки, банда қанча гуноҳ ишлар, ёмонликлар қилса ҳам, улар учун жазолашни охиратга қолдирмайди: "Бандам тавба қилса, барча гуноҳларини кечираман", "Менинг раҳматимдан ноумид бўлманглар", дейди. У шунчалар меҳрибонки, бирор махлуқни ризқсиз, оч қолдирмайди, Ер юзида қимирлаган жон борки, уларнинг ризқини ҳамиша бериб туришга ваъдаси бор. Осмондаги қушлар ҳам Раҳмоннинг меҳрибонлиги туфайли бемалол қанот қоқиб парвоз қилиб юрибди. Қуръони каримда бундай дейилган: "Тепаларида учаётган кушлар-нинг қанотларини қандай очиб-ёпаётганини кўришмайдими? Уларни Раҳмондан бошқа ушлаб турадиган зот йўк» У ҳамма нарсани кўриб туради." (Мулк, 19). Яъни, Аллоҳ таоло Раҳмон сифати билан қушларнинг самода парвоз қилишлари учун уларга қанот қоқиш имконини берди, тана аъзоларини шунга мослади, уларни учишга ўргатди, ҳатто ризқларини ҳам ўша ерда таъминлади. Худди шу каби У инсониятга учоқлар ясаб, уларда парвоз қилишни ўргатди. Парвоз қилаётган қушларни ҳам, инсон кашф этган учоқларни ҳам осмонда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи меҳрибонлиги билан тутиб, асраб туради.У Раҳмон сифати билан нафақат қушларни, балки бутун мавжудотларни ҳам Ўз паноҳида асрайди. У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради.

3.Жазо кунининг Эгасидир.

"Жазо куни" қиёматдир, яъни, Аллоҳ таоло жазо кунининг, бандаларнинг амаллари ҳисоб-китоб қилинадиган, солиҳ амаллар қилганлар жаннат ила мукофотланадиган, кофир ва мушрик кимсалар дўзахга ташланадиган Қиёмат кунининг Подшоҳидир. Чунки ўша куни ҳамма-ҳаммага - фаришталару жин ва инсонларга, ҳайвонлару қуш-ҳашаротларга амр қиладиган, ҳисоб-китобга тортадиган, жазо ёки мукофот белгилайдиган, адолат ўрнатадиган ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ишда Унга ҳеч бир жонзот шериклик қилолмайди, ҳеч бир жонзот Унинг қарорини ўзгартиролмайди. Ўша куни мутлоқ ҳукмдор фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бўлади.

4."Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз;

Бу оятни, умуман сурани Аллоҳ таоло бандалар шундай дейишлари учун улар тилидан баён қилади. Инсонлар фақат Аллоҳгагина ибодат қиладилар, сиғинадилар ва Унинг Ўзидангина ёрдам кутадилар.’ Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. "Ибодат" сўзи "тоат", "итоат қилиш" ва "Парвардигорни улуғлаш" маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқбўлган амал "ибодат" дейилади. Аллоҳтаоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир. Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир.

ИнсоннингЎзини Аллоҳ азза ва жалла яратган, унга Ер юзида ҳаёт кечириш, кўриш, эшитиш, ҳис этиш, кўпайиш, ризқ излаш, ухлаш, хурсандчилик қилиш неъматларини бериб қўйган. Инсоннинг яхши ҳаёт кечириши учун Парвардигори ато этиб қўйган неъматларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Қорни очса турфа таомлар, мева ва бошқа маҳсулотларни муҳайё этади. Касал бўлса, шифони ҳам Аллоҳ беради. Бошига ғам тушса, Унинг Ўзи ғамини аритади. Қийналса, Парвардигорнингўзи ёрдамга келади. Шундай бўлгач, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳдан ўзгага сиғиниб, Ундан бошқадан нажот кутиб бўлармиди! Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолатдир.

Мутахассислар сўнгги йилларда ажойиб бир кашфиёт қилишди: бир одам инсонларнинг ёмонлигидан, мусибат ва фалокатлардан, бало-офатлардан қаттиқ қўрқса, асаб тизими ишдан чиқиб, бунинг оқибатида юрак, қон томири, жигар ва бошқа аъзоларининг фаолияти бузилар экан. Доимий қўрқув эса ҳатто тузалмас хасталикларга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳдан қўрқилганида эса бунинг тамоман аксини кузатишган. Бунда инсон руҳи чексиз лаззат ва хотиржамликка ғарқ бўлар, бу эса тана аъзоларининг ишлашига фақат ижобий таъсир кўрсатар экан. Олимлар яна инсоннинг дунёвий ташвишлардан ғам чекиб ёки яқинларининг ўлимига қайғуриб узоқ вақт йиғлаганида кўз ёши қуриб, ҳатто кўзи кўрмай қолиши мумкинлигини аниқлашди. Лекин Аллоҳдан қўрқиб, ё Унга тавба-тазарру ва илтижолар билан кўз ёши тўкканларнинг, Аллоҳ Каломини доимий тиловат қилганларнинг кўриш қобилиятлари яхшилангани тажрибаларда исботини топган. Ана шу мисолларнинг ўзиёқ банда учун Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган Зот йўқлигини исботловчи энг яхши далиллардир.

5.Бизларни тўғри йўлга бошла;

"Тўғри йўл" - Аллоҳнинг ҳидоят йўли, Унинг ризосига эришиш йўлидир. Мазкур суранинг хулосаси шуки, Ислом дини учун асос бўлган ақида учтадир: биринчиси - тавҳид, яъни Аллоҳни зот ва сифатда яккаю ягона билиш; иккинчиси - рисолат, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ пайғамбар деб билиш; учинчиси - Қиёматга имон келтириш. Аксари маккий сураларда ушбу уч ақида борасида сўз боради. Аллоҳнинг ҳидоят йўли фақат Унинг Ўзига имон келтириш, Унга қуллик қилиш, Унинг тоат-ибодатида қоим бўлишдир. Фақат Парвардигорнинг Ўзига юкуниш, барча ишларни Унга ҳавола этиш, Унинг Ўзидангина умидвор бўлиш, Ундан қўрқиш, мағфирати ва раҳматини умид қилиш энг тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.

6. Сен инъом этган зотларнинг йўлига;

Аллоҳнинг инъомига (ҳидоятига) сазовор бўлган, Аллоҳ севган зотлар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ-яхши кишилардир. Масалан, пайғамбарлар Аллоҳ таоло инсонлар орасидан саралаб олган зотлар бўлиб, улар мўминларга дунё ва охират хуш-хабарларини етказишади, кофир ва мушрик кимсаларни дунё ва охиратда шиддатли азоблар борлигидан огоҳлантиришади. Сиддиқлар эса Аллоҳнинг мавжудлиги ва ягоналигига, Унинг пайғамбарлари, фаришталари, китобларига ҳеч қандай тараддудсиз, шубҳа-гумонсиз ишонган ростгўй ва имонли кишилардир. Шаҳид-лар эса Аллоҳ динини ғолиб қилиш, Унинг шариати Ер юзида жо-рий бўлиши йўлида жон фидо қилган саодатманд мўминлардир. Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, Ердаги Ўзининг халифаси қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилиш учун уларга икки йўлни - имон ва ҳидоят йўли билан куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннат билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс алдовига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар. Шунинг учун мусулмонлар ҳар намозларида Аллоҳ таолога ёлбориб, Парвардигор инъомига сазовор бўлган солиҳ инсонлар сафида этиб қўйишини сўрашади.

7. ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас".

Унинг ғазабига учраганлар яҳудийлар, йўлдан озган-адашганлар эса насронийлардир. Дарҳақиқат, инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсангиз, Қуръони каримнинг бу ҳақиқати ва ҳикматига тўла ишонч ҳосил қиласиз. Яҳудийлар энг қадимий, Аллоҳ азиз қилган, улкан салоҳият, илму ҳикмат ато этган улуғ қавм, халқ бўлган. Деярли барча пайғамбарлар ҳам шу миллатдан танлаб олинган. Аллоҳтаоло бу халққа жуда кўп марҳаматлар қилган, неъматлар ато этган, уларнинг мартабасини кўтарган. Аммо айнан яҳудийларгина ҳамиша Аллоҳнинг ваҳийларига осийлик қилишган, у юборган пайғамбарларни хўрлашган, ҳатто жисмонан йўқотишгача боришган. Ана шундай осийликлари учун улар Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишган, неча марта улар бошига турли офат-балолар, ҳалокатлар келган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳак, ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик ҳилиб, ҳаддан ошишгани учундир!" (Бақара, 61).

Насронийлар эса, дин ва шариатларидан чалғиб-адашиб кетишган, Исо Масиҳни Аллоҳнинг ўғли, ҳатто Худо дейишгача боришган, "Муқаддас Учлик" (Худо, Унинг аёли Марям ва Худонинг "ўғли" Исо ёки Худо, Унинг "ўғли" Исо ва Жаброил) деган бемаъни эътиқодни ўйлаб топишган, ўзларига нозил қилинган Инжилга беҳисоб тузатиш-ўзгартиришлар киритиб, унинг илоҳий моҳиятига нуқсон етказишган. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни Ўз Каломида "йўлдан адашганлар" деб зикр этяпти. Гоҳо айримларнинг мана бундай ”доно"ликларига дуч келамиз: "Яҳудий ва насронийлар ҳам ягона Аллоҳга ибодат қилишади, мусулмонлар уларнинг пайғамбарлари Мусо ва Исо алайҳимассаломни Аллоҳнинг пайғамбарлари, деб ишонишади. Шундай бўлгач, учала илоҳий дин ўрта сидаги ихтилофларга чек қўйиш учун уларни бирлаштириб, ягона ир динга эътиқод қилса бўлмайдими?" Динлар тарихидан мутлақо бехабар кимсаларнинг бу "кашфиёт"лари мисрлик дин ислоҳотчиси Муҳаммад Абдуънинг "Ислом ва насронийлик” китобидаги мана бу жумлаларга ниҳоятда ҳамоҳанг ва ўхшаш бўлиб кўринади: "Барча динлар ягонадир. Улар ташқи кўринишлари билан фарқланади, холос. Мен хоҳлардимки, яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар бир-бирларини қўллаб-қувватласалар (Олимнинг фикри шу ергача мантиқан тўғри - муаллиф). Мен айтаманки, дунёнинг икки улуғ дини бўлган Ислом ва насронийлик бир-бирига қўлини чўзиб қучоқлашади. Ўшанда Таврот, Инжил ва Қуръон бир-бирини қувватлайдиган китоблар бўлади, ҳамма ерда ўқилади ва ҳар бир миллат томонидан эъзозланади". Муҳаммад Абдуъ мусулмонлар Таврот ва Инжил ўқийдиган бўлишларини кутаётганини ёзган.

Бу масалада ҳақиқат ким томонида? Агар юқоридаги фикрларда асос бўлса, унда Аллоҳ таоло нега бутун инсониятга охирги ҳақ дин деб Исломни танлаган? Унда нега Аллоҳ бутун кишилик жамиятига охирги пайғамбар қилиб Муҳаммад алайҳиссаломни юборган? Ана шу саволларга аниқ жавобни эса Қуръони карим оятларидан топамиз: "Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир. Аҳли китоблар би-либ туришса ҳам ўзаро ҳасад туфайли тортишувга боришди.” (Оли Имрон, 19); " Бугун динингизни мукаммал ҳилдим, неъматларимни бенуҳсон, тўлик, ҳилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим." (Моида, 3); "У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳак, дин билан, уни барча динлардан устун ҳилиш учун юборган Зотдир." (Фатҳ, 28).

Фотиҳа сурасининг аввалги қисмида Аллоҳтаолога ҳамду сано ва иккинчи қисмида дуо таълими бор. Сурани ўқиб тугатгач, "Омин!" ("Аллоҳим, ижобат қил" маъносида) дейиш суннатдир. Чунки Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар имом "...ғойрил мағзуби ъалайҳим валаддолийн" деса, "Омин!" денглар, кимнинг омин’ дегани фаришталарнинг "омин"ига тўғри келиб қолса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар (Бухорий ривояти). Мазҳабимизда "Омин!" лафзи махфий (овоз чиқармай) айтилади.

Шайх Усмонхон Алимовнинг

"Тафсири ирфон"китобидан