loader
Foto

Дажжол машриқдан чиқади ва унга кўп одамлар эргашади

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Дажжолга Асфиҳоннинг яҳудийларидан етмиш минги тайлисонларни кийиб олиб эргашадилар», дедилар».

Муслим ривоят қилишган.

Шарҳ:Асфиҳон машҳур шаҳар. Тайлисон ҳам маълум кийим.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Дажжол машриқдаги бир Хуросон деган ердан чиқади. Унга юзлари тери қалқонга ўхшаган кўп қавмлар эргашади», дедилар».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:

«Хуросондан қора байроқлар чиқади. Уларни Илияга тикилмагунларича бирор нарса қайтармайди», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу байроқлар Дажжолнинг байроқлари бўлади.

Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:

«Албатта, одамлар Дажжолдан тоққа қочурлар», дедилар. Шунда Умму Шарик:

«Эй Аллоҳнинг расули Ўша кунда араблар қаерда бўлади?» деди.

«Улар оздир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

"Ҳадис ва ҳаёт"китобидан