Фалак айланмайди ва бугун кўтарилган эртага ҳам чўққида қолади, дейиш нодонликдир. Тарих китоби фақат бир саҳифадан иборат, дейиш аҳмоқликдир. Чунки тарих саҳифалардан тикилган китоб бўлади. Бугун бир саҳифаси ёпилса, эртага бошқаси очилади. Шу ерга келганда бир ибрат олишимиз керак бўлади. Ибрат шуки, Аллоҳ азза ва жалла кўтариш ва тушириш билан имтиҳон қилади. Қимирлатиш ва мустаҳкамлаш билан, хавф ва хотиржамлик билан, бойлик ва фақирлик билан, кулги ва йиғи билан синайди.
«Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир. Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта, ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир». (Нажм, 42-44) У икки иш билан имтиҳон қилади. У имтиҳон қилган пайтда бандаларининг ҳолидан хабардор ҳолда синовдан ўтказади. Хабардорлигининг ўзи билан ҳам жазолаши мумкин эди. Лекин нима бўлганда ҳам одамларнинг қилган амалларига далил келтиради, қилган ишларини исботлаб қўяди. Бўлмаса, улар қиёмат куни ҳам «Парвардигоримиз Аллоҳга қасамки, бизлар мушрик эмас эдик», дея ёлғон сўзлашади, жазодан қочмоқчи бўлишади. (Анъом, 23)
У бандасига мол бериб айтади: «Мен сенга молни даҳо эканинг учун бермадим. Чунки даҳолар очликдан ўлиши ҳам мумкин. Лекин давлатни сени имтиҳон қилиш учун бердим». Қорундек буюк иқтисодчига: «Аллоҳ сенга мол берди, сийлади. Берган нарсаларида Унинг ҳаққини бил. Устингдан ёғдирган ризқи учун Унга тақво қил. Берилган дунёинг билан охират талабида бўл. Аллоҳни унутма», дейилди. Унинг эса Аллоҳга, Аллоҳнинг зикрига, Аллоҳнинг муроқабасига ва Аллоҳнинг тақвосига юраги сиқилди. Уларга: «Булар Аллоҳнинг берганлари сабабидан эмас! Бу менинг донолигимдандир!», деди. У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. (Қасос, 78) Бу мол менга осмондан тортиқ бўлгани йўқ. Мени бой-бадавлат қилган нарса заковатим, донолигим, тажрибам, ҳамда бозор ва мол ишларидаги билимдонлигимдир, деди. Унга келган балонинг бошланиши мана шу шуури туфайлидир. «Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик». (Қасос, 81)
Бу имтиҳондан бани Исроилдан бўлган бир киши йиқилган бўлса, бошқа бири ундан яхши ўтди. Уни Аллоҳ салтанат ва ҳокимият билан синаганди. Бу одам Сулаймон алайҳиссалом бўлиб, Фаластиндалик чоғида Билқиснинг тахтини келтиришларини талаб қилди. Унинг тахти келтирилган пайтда у салтанати кенглигини ва ғайри оддий қувват соҳиби эканини англади.
Шунда у алдандими? Ғурурга кетдими? Йўқ. Аллоҳга тавозуъ этди ва деди: «Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу-марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта, у фақат ўз (фойдаси) учун шукур қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта, Парвардигорим (унинг шукр қилишидан) беҳожат ва фазлу-карам эгасидир». (Намл, 40) Бу ҳақиқат шахсларга ҳам, жамиятларга ҳам баробардир. Ҳаммамиз синаламиз. Ишонинг, ҳаракатингиз, қудратингиз чекланган бўлс-ада, Аллоҳнинг қадаридан насибангиз улкандир. Агар овозингиз чиройли бўлса, бу Аллоҳ бошқага раво кўрмай айнан сизга берган қобилиятдандир. Агар ўткир заковатли бўлсангиз, бировни сийламаган мия қобиғи билан неъманлантириб қўйибди. Агар...агар деб буни қанча давом эттирмайлик, сизни бошқалардан ажратиб турган ҳақиқатингизда Олий қудрат қўлини кўрамиз, бунда сизнинг ҳеч қандай иштирокингиз йўқ! Сўнг у бандаларига инъом этган неъматларида уларни жуда ҳам дақиқ имтиҳон қилади. Қарайди, фазлни фазл Соҳибига қайтарасизми? Аллоҳнинг ҳаққини эътироф этасизми? Гуноҳ қилганда ҳам сийловларини тўхтатмаган хўжайин олдидаги қулдек тура оласизми? Ёки бошқача йўл тутасизми? Бу имтиҳон шахсларга қандай тегишли бўлса, давлат ва жамиятларга ҳам шунчалик даҳлдор. Аллоҳ бани Исроил қиссасини мусулмонларга тасалли бўлиши учун зикр қилмоқдами? Йўқ. Балки бу уларнинг онгларини уйғотиш учун керак. Гўё Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларга: «Бу сизлардан олдингиларнинг тарихи. Буни маъсум ваҳий хабар бермоқда. Уни намозларда ва раҳмат мажлисларида тиловат қиласизлар. У билан унутганлар огоҳлантирилади, ғофиллар уйғотилади.
Таълим олсинлар, ибратлансинлар учун...» Ислом уммати мақтов сабаблари боқий бўлиши учун, таҳқир воситаларидан узоқ бўлиш учун бани Исроил тарихидан таълим олдими, олмоқдами? Бани Исроил қийинчиликларидан бирида яҳудийлар яна бир бор Мусо алайҳиссаломга шундай дейишди: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм қилган эди), сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик». У (Мусо) деди: «Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга ҳалифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса». (Аъроф, 129) Бу жуда муҳим масала. Гўё Мусо алайҳиссалом қавмига сизлар ерда ҳалифа бўласизлар, ер юзида ҳукмрон бўлган пайтингизда Аллоҳ нима қилишингизга қарайди, демоқдалар. Бу гап бани Исроилнинг ўзига тегишлими? Йўқ. Бошқа сурада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буни мусулмонларга ҳам айтаётганини кўрамиз: «Маълумки, сизлардан аввалги асрлардаги миллатларни ўзларига зулм қилганлари ва пайғамбарлари очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтирган пайтларида, иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилганмиз. Жиноятчи қавмни мана шундай жазолагаймиз. Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўриш учун сизларни уларнинг ортидан ерга ҳалифа (ўринбосар) қилиб қўйдик. (Юнус, 13-14) Демак, гап икки тоифа, икки жинс учун. Иброний жинс учун ўттиз ёки қирқ аср муқаддам айтилган гап, мусулмон тоифа учун ҳам ўн беш асрдан бери айтиб келинмоқда. Ўзимиздан ўзимиз сўраймиз, яҳудийлар қандай адашди, олам пешқадамлигини қандай бой беришди? Ҳаётни севганликлари учун, мол-дунёга ҳирс қўйганликлари учундир. Бир томондан амри маъруф, наҳий мункар қилмай қўйган бўлсалар, бошқа тарафдан мукаррамликлари сабаби ҳисобланмиш диний шахсиятларини хислатлари қаторидан ўчиришгани учундир. Уларни Аллоҳга боғлаб турадиган ришта пайғамбарлар авлоди бўлишганидир, дейиш ҳалокатдир. Бундай дейдиганлар, бундай ўйлайдиганлар орамизда анча. Лекин бу риштанинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ! Энди мусулмонларга қайтайлик. Давримиз ислом уммати илк асрлардаги салафларига мухолиф, тескаридир. Аввалги мусулмонлар Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди» (Тавба, 111) ояти нозил бўлганда битимга рози бўлганларини тезда эълон қилганлар. Балки: «Қандай фойдали битим... Жонларнинг Холиқи У, молларнинг Розиқи У, яна бизга жаннатни бериш учун Ўзи берганларини олмоқчи», дейишганди. Дарҳақиқат, бу жуда ҳам фойдали битим. Бошида ҳам фазл қилаётган, охирида ҳам фазл қилаётган Унинг Ўзи! Мусулмонларнинг ҳозирги ҳолига боққанимизда эса бутунлай бошқа нарсани кўрамиз. Ҳаётга ва лаззатга нисбатан ғаройиб муҳаббат, аввалгилар шарафланган исломиятдан довдираш, Ислом номидан хижолатга тушиш. Қисқаси, уммат мол ва лаззат ошиғи, улар тўлқинига ғарқ. Дунёга муҳаббатнинг бу тури ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Миллатлар сизларнинг устингизга (сиз билан уришиб, шавкатингизни синдириш учун) бир-бирларини чақириш арафасида туришибди, худди таомланмоқчи бўлганлар лаганга бир-бирларини чақиргандек. Бир киши:«Ўша кунда бу ҳол бизнинг озлигимиздан бўладими?», деди. Айтдилар: «Балки сиз у кунда кўп бўласиз, лекин сизлар сел лойқасига ўхшаган лойқа бўласиз (шижоатларининг сустлиги ва қадрларининг йўқлиги учун мусулмонлар лойқага ўхшатилмоқда). Аллоҳ душманларингизнинг қалбидан сизга нисбатан маҳобатни олиб қўяди. Ва Аллоҳ қалбларингизга заифлик ташлаб қўяди». Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, заифлик нима?», деб сўради. «Дунё муҳаббати ва ўлимни кариҳ кўриш», дея жавоб қилдилар. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари). Дунё муҳаббати... Кўп молларни кўрдик, одамлар қорнидаги таомга айланди, сўнг ҳожатхоналарни тўлдирди. Эгалари эса ўлиб, тарих ахлатхоналарига кўмилишди. Ундай кейин эса қиёмат ҳисобига интизор ётишибди. Бу – мол эгасининг оқибати. Уммат ўзига рози бўладиган тасарруф ва оқибат шуми? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло умматимизнинг азизлиги Исломда, Аллоҳнинг розилигида ва Унинг ҳаққини адо этишда эканини англашимиз учун бизга яҳудийлар тарихини ҳикоя қилиб берди.
Бундан сўнг мусулмонлар Китобини, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳиссаломнинг суннатини инкор қилса, шаҳвати ва ҳавои нафси учун яшаса, бунинг ортидан фақат таназзул, қолоқлик ва йўқлик ҳосилини йиғишини ҳар биримиз англамоғимиз керак.
Уларнинг тарихи ва ҳозиридан бир ибрат хусусида
Қуръони Карим жуда кўп ўринда бани Исроилни тилга олади. Айтилишича, Аллоҳнинг Китобида бирор пайғамбар ёки муқарраб фаришта Мусо алайҳиссалом зикр қилинганчалик кўп ёдга олинмаган. Ул зот ҳақида Қуръоннинг 130 (бир юз ўттиз) ўрнида сўз боради. Шунингдек, Аллоҳнинг ваҳийини тоат ёки маъсият билан қабул қилган қавмлар қаторида бани Исроил қиссаси ҳам кўп бор такрорланган. Бундай кўп такрорлашнинг сабаби бўлиш керак. Бундай кўп мурожаатдан Ҳаким Шориънинг кўзлаган ҳикмати борлиги аниқ. Бу сабаб ва ҳикматни билиш мақсадида қилган саъй-ҳаракатимизнинг натижаси шу бўлдики, Қуръони Карим бани Исроил тарихининг бир неча босқичи ҳақида сўз юритган экан. Гоҳида уларни мақтов билан ёдга олган бўлса, баъзида кирдикорларини очиб мазаммат этган. Масалан, Духон сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат, Биз Бани Исроилга хор қилгувчи азобдан — Фиръавндан нажот бердик. У ҳақиқатан мутакаббир, ҳаддан ошувчилардан эди. Дарҳақиқат, Биз уларни (Бани Исроил қавмини) билган ҳолимизда (ўз замонларидаги барча) оламлар — одамлардан танлаб олдик – афзал қилдик» (30-32 оятлар). Ибора равшан. Улар бир пайтлар танланган миллат бўлишган. Уларнинг танланишлари таваккалчилик ёки юз-хотир қилинганидан эмас, балки Аллоҳнинг билганидандир. Аллоҳ азза ва жалла Жосия сурасининг 16-17-оятларида шундай дейди: «Дарҳақиқат, Биз Бани Исроил (қавми)га Китоб ― Таврот, ҳикмат ва пайғамбарлик ато этдик ва уларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирдик ҳамда уларни (ўз замонларидаги) барча оламдан устун қилдик. Яна Биз уларга (дин) ишлари ҳақида аниқ-равшан ҳужжатлар ато этдик. Бас, улар ихтилоф қилмадилар, магар уларга (Биз томонимиздан дин ҳақида) илм-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (талашиб-тортишдилар)». Бу сура ҳам моддий ва маънавий кўпгина хусусиятлари борлиги учун Аллоҳ уларни икром этгани ва тортиқлар берганини баён қилмоқда. Бу икки сура ҳам маккийдир. Маданий Қуръонда ҳам ўқиймиз: «Эсланг (эй Муҳаммад), Мусо қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини ёдга олингиз» (Моида, 20). «Эй бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни ва сизларни бутун оламдан афзал қилган пайтимни эсланглар!» (Бақара, 47). Қуръоннинг маккийсида ҳам, маданийсида ҳам бани Исроилнинг даражаси ва олий мақоми ҳақида сўз бормоқда. Бунинг сабаби нима? Улар ҳақиқатда тарихларининг ибтидосини чиройли бошлашган, тавҳид ақидасини асраб-авайлашган, уни ҳимоя қилишган, бу йўлда бало-машаққатларга сабр қилишган, унинг боқийлиги ва одамларга етиб бориши учун катта куч сарфлашган. Бу фидокорликлар Юсуф алайҳиссаломнинг ўзлари билан ҳамзиндон бўлганларга нисбатан муносабатларида энг юқори чўққисига чиққанини кўрамиз. Уларга ўзларининг кимликларини билдириб, Исроил оиласидан ёки Яқуб фарзандларидан эканларини, бу оила ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргани, охират кунини тасдиқлагани ва бутпарастликни инкор этганини, ўзлари бу ақидаларни аждодларидан мерос олиб, унинг сабабидан яшаётганларини айтдилар. Юсуф алайҳиссалом зиндонда чиройли туш кўрган шерикларига шундай дейдилар: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати – динини тарк этган кишиман. Ва мен аждодларим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг миллати — динига эргашганман». (Оталари Яъқуб, боболари Исҳоқ, катта боболари Иброҳим...) Биз учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир. Бу (яъни ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Аллоҳнинг биз — пайғамбарларга ва барча одамларга қилган фазл-марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар. Сўнг одамлар ихтиро қилиб, ибодат этадиган бут-санамларига ҳужумга ўтадилар: «Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?» (Юсуф сураси, 37-39-оятлар).
Демак, бани Исроил тарихининг илк даврларида тавҳид даъватининг омонатдори бўлган ва бу йўлда қийинчиликларни кўтарган. Унга фарз қилинган қийинчиликларга ёки имтиҳонларга сабр қилганда, Аллоҳ бу қавмни кучли ва оламда пешқадам этиб қўйди. Буни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Сажда сураси, 24-оятида шундай баён қилади: «Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар». Яъни улар одамлар билан алоқаларида ва даъват ҳимоясида сабр ва иймон ўртасини жамладилар. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 137-оятида улар ҳақида яна шундай дейди: «Ернинг Ўзимиз баракотли қилган машриқ ва мағрибларига бечора қавмни (яъни бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. Сабр-тоқат қилганлари сабабли бани Исроилга Парвардигорингизнинг гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди». Сабр ва таҳаммул, иймон ва ихлос, Аллоҳ билан муомалада ростлик... Уларнинг обрў-эътиборлари сабаби ана шулар эди. Шундан кейин нима бўлди? Аллоҳ таоло бани Исроилнинг бошқа ҳолатини зикр қилади. Бу босқичнинг асосини қуйидаги ҳолатга ўхшатса бўлади. Савдогар муваффақиятга эришди. Чунки у тижоратини ростлик, омонат, покиза ва тартибда номи чиққан ҳолда бошлади. У тоинки муваффақият топишга бўлган сабабларида давомли бўларкан, бу ютуғи доимо қўлида. Аммо ростликни ёлғонга, тартибни тартибсизликка, покизаликни ифлосликка алмаштирар экан, босқинчининг тижоратида силжиш ёки фойда бўларканми, обрў-эътиборидан қоларканми? Бу жуда қийин иш. Бани Исроил сабр ва иймонлари билан етган даражалари ва мартабаларида қолишлари учун ана шу ахлоқларида бардавом бўлишлари керак эди. Лекин улар бундай қилишмади. Тезликда ўзгара бошлашди. Денгиз мавжларида сузиб кетаётган киши чўкмаслик учун ҳатто оқимга қарши кетаётган бўлса ҳам, қўллари билан ҳаракатланиб олдинга сузиши керак. Агар унинг қўллари чарчаса ва сузишдан тўхтаса, сув тубига чўкиши аниқ! Бани Исроилдаги ўзгариш ана шундай ажиб кўриниш олди. Улар ўзгарганларидан кейин уларни тавсифлаётган Қуръон сифатлари ҳам ўзгарди. Моида сурасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй аҳли китоб, сизлар бизни Аллоҳга, бизга нозил қилинган Китоб (Қуръон)га ва илгари нозил қилинган китобларга иймон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса итоатсиз бўлганингиз сабаблигина ёмон кўрасизлар». Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан кўра ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўнғизларга айлантириб қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай тўғри йўлдан озган кимсалардир. Улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Ҳолбуки, улар (эй Муҳаммад, сизнинг ҳузурингизга) кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқурлар. Аллоҳ улар яширувчи бўлган нарсани, (яъни дилларидаги куфрни) жуда яхши билгувчидир. Уларнинг кўпларини гуноҳ, зулм томонга ва ҳаромхўрликка чопаётганларини кўрасиз. Қилаётган ишлари нақадар ёмон иш! Олим ва донишмандлари уларни гуноҳ сўзлардан, ҳаромхўрликдан қайтармайдиларми?! Қилаётган ҳунарлари нақадар ёмон ҳунар. (59-63-оятлар) Демак, улар ўзгарибдилар. Ёлғиз Аллоҳга иймон келтирганларидан кейин.. Охират кунини тасдиқлаб унга тайёргарлик қилганларидан кейин.. Бутларга қарши курашиб, бутпарастлар билан урушганларидан кейин.. Аллоҳ йўлида озорларга сабр билан бардош берганларидан кейин ўзгарибдилар. Энди ораларидаги ушбу сифатлар йўқликка дўнди. Шундан қўпол, қалби қаттиқ, охиратга зоҳид ва дунёга қучоқ очган миллатга, халққа айланишди. Охиратга иймон келтирган бу қавмдаги ўзгаришни энди Қуръон: «Уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўз кишилар эканини кўрасиз», деб сифатлаётганини кўрамиз. (Бақара, 96) Охиратга муҳаббат гоҳида Аллоҳ учун бойлигингиздан кечишингизни тақозо қилади. Чунки Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини сотиб олгандир. Бани Исроил эса мол-дунёга қулчилик қила бошлади. Бу ҳолат уларнинг тутумлари, ҳаёт тарзларига айланиб қолди.
Энди яҳудийлар ҳатто бадиий асарларда, латифаларда ҳам дунёпараст, очкўз ва зиқна миллат сифатида тасвирланадиган бўлиб қолди. Бани Исроил руҳиятида пайдо бўлган ўзгариш, ахлоқида юзага келган эврилиш фитрат-характер тусини олди. Яҳудийларни тақвога етакловчи ёки одамларга Аллоҳ ҳақларини танитувчи ёхуд бировга охиратни ёдга солувчи солиҳ кишилар сифатида кўрилмайдиган бўлиб қолди. Улар мол-дунё ишларида даҳоларга, сиёсат ўйинларида доноларга, шаҳвоний қўзғашлар ва жинсий бузуқликлар оламида эса устамонларга айланишди. Бу қобилиятлари сабабли миллатларни йўлдан оздиришда, онгини йўқ қилиб, мажнун ҳайвонлар ҳолига келтиришда уларнинг олдига тушадиган қолмади. Уларда олий мақсадлар ва некбин ғоялар тушунчаси батамом йўқолди. Юқорида мазкур майдонларнинг барчасида бани Исроил ютуққа, муваффақиятга эришиши мумкин. Лекин дин, хулқ, иффат, руҳоният ва олий сифатлар майдонида эса уларнинг ўрни йўқолди. Натижада улар Довуд алайҳиссалом ва Исо ибн Марям алайҳиссалом тилларида лаънатланишди. Натижада аввал замонларда қилган фидойиликлари учун мақтаган ва ҳурматлаган Аллоҳдан эшитадиганларини эшитишди. Натижада сийрат ва ҳолатларидаги туб ўзгариш учун Аллоҳ уларни жазолади: «Ўшанда Парвардигорингиз, албатта, уларнинг устига қиёмат кунигача ёмон азоб билан азоблайдиган зотларни юборишини билдирган эди. Шубҳасиз, Парвардигорингиз (кофирлар учун) азоби қаттиқ, (мўминларни эса) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». (Аъроф, 167)
Мубашшир Аҳмад