loader
Foto

Фаластинликларни қувватлаб, дунё бўйлаб намойишлар бўлди

Миср, Ливан, Туркия, Ироқ, Иордания, Яман, Марокаш, Малайзия ва Индонезияда бу ҳафта намойишлар тинмади.

Одатда оммавий йиғинларга рухсат берилмайдиган Мисрда фаластинликларни қувватлаш учун йўл очилиб, минглаб фуқаролар Қоҳира ва бошқа шаҳарларда кўчада.

"Исроил йўқ бўлсин" деган шиорлар остидаги чиқишлар давом этаверади, дейди фаоллар.

Баҳрайнда минглаб намойишчилар ўз ҳукуматидан Исроил билан алоқа қилмасликни талаб қилиб, яҳудий давлатни қораламоқда.

ХАМАС 7-октабрда Исроилга кенг кўламли ҳамла қилиб, 1400 одамни ўлдирган. Шундан бери Исроил Ғазони тинимсиз ўққа тутмоқда, ҳозиргача 4100 нафардан ошиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Ғарб Исроилни қувватлар экан, араб дунёси ва умуман, мусулмон давлатлар фаластинликларга ҳамдард. Намойишларда, Америка ва Европа бўйлаб чиқишларда ҳам Исроилга ва унинг иттифоқчиларига лаънатлар айтилмоқда. Бу намойишлар билан ёнма-ён Исроил тарафдорлари ҳам ўз талабларини айтиб турибди.

Бу ҳафта Исроилга бориб келган Президент Жо Байден Конгрессга мурожаат қилиб, бу давлатга, шунингдек, Украина ва Тайванга ҳарбий ва иқтисодий кўмаклашиш учун 100 миллиард доллар ажратишни сўрамоқда

Рамаллоҳда фаластинликлар Исроилга мададкор Америка ҳукуматини қораламоқда. Улар фикрича, АҚШ бу урушда нохолис ва араб аҳоли тақдирига бефарқ.

Намойишчилар дейдики, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ва унинг ҳукумати фаластинликларни қириб ташлашга ҳаракат қилмоқда.

20 ёшли Ҳамза назарида аслида Яқин Шарқдаги азалий можарода Исроил айбдор. У сингари фаластинликлар АҚШдан норози.

"Биз террорист эмасмиз. Биз босқин остидамиз. Биз озод яшашни истаймиз", - дейди Ҳамза.

Исроил ҳукуматига кўра эса уни йўқ қилишни истаган ҳар қандай тараф ер тишлайди, чунки яҳудий давлат ўзини ҳимоя қилади.

АҚШ, Исроил ва уларнинг иттифоқчилари ХАМАСни террорист деб тамғалаган. Ғазода ХАМАС ҳукмронлигига нуқта қўйилади, дейди Исроил расмийлари.

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ҳам намойишлар авжида. Исроил аскарлари тошбўрон қилинган, Исроилга оид тимсоллар ёқилган, яҳудийлар лаънатланган.

Мусулмон давлатларининг раҳбарлари ҳам бу норозилик чиқишларига жўр бўлмоқда.

Туркияда Президент Ражаб Таййип Эрдоған Исроилнинг Ғазога ҳужумларини геноцид деб баҳоламоқда. Эрдоған Нетаняху маъмуриятини ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда. Унингча, тинч аҳоли яшайдиган жойлар асло нишонга олинмаслиги керак.

Анқара ХАМАСнинг Исроилга ҳужумларини қоралаб чиққан, аммо яҳудий давлатнинг Ғазодаги чораларига ҳам қарши. Туркия ҳукумати Исроил билан дипломатик алоқаларга эга.

Эрдоған Миср раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Сиссий билан бу масалада мулоқотда.

"Фаластин ерларида қабиҳ ишлар қилинмоқда", - дейди Туркия президенти.

Қоҳира назарида ХАМАС Исроилга қонли ҳамла қилгани нотўғри, бироқ Фаластин аҳли ҳам азалдан азобда.

"Узоқ даврдан бери давом этаётган адолатсизлик маҳсули бу. Нафрат ва ғазаб ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Фаластинликлар умидини йўқотган", - дейди Сиссий.

21-октабр куни Миср бу можаро юзасидан халқаро анжуман ўтказиб, унга араб ва ғарблик арбоблар ва экспертларни таклиф қилган. Исроил ва АҚШдан ҳеч ким қатнашмаяпти.

Иордания ҳукумати хавотирича, уруш кўлами кенгайиши мумкин, агар Исроил Ғазога бостириб кирса. Қироллик бўйлаб ҳам намойишлар кузатилмоқда.