loader
Foto

Исроил армияси янги амалиёт бошлатганини маълум қилди

Исроил армиясининг қуруқликдаги кучлари янги амалиёт бошлатганини маълум қилди.



Исроил армиясининг қуруқликдаги кучлари, блокада остидаги Ғазо секторига қарши янги амалиёт бошлатганини маълум қилди.



Армия томонидан мавзу ҳақида ёзма равишда берилган баёнотда, қуруқлик кучларининг Ғазонинг марказий минтақасида уюштирган амалиёти ҳарбий самолётлар билан инсонсиз ҳаво транспортлари томонидан ҳам қўллаб – қувватлагани ифода этилди.

Маълум қилинишича, амалиёт чоғида ҳаво воситалари ва артиллерия бўлинмалари Ғазо бўйлаб, айниқса Шужаийя ҳудудида ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Изаддин ал - Қассам бригадаларига тегишли экани айтилган ҳудудларга зарба берган.

Қуруқлик кучлари мазкур амалиёт ортидан Исроил ҳудудига қайтгани ва аскарларнинг тан жароҳати олмагани қайд этилди.

Исроил армияси бир кун олдин ҳам Ғазо шимолида танклар орқали амалиёт уюштирганини маълум қилганди.

Айни пайтда, Исроил армиясининг Ғазо секторига қарши уюштирган бомбардимонлари, урушнинг йигирма биринчи кунида ҳам кечаси билан давом этди.

Фаластиннинг WАФА расмий хабар агентлиги хабарига кўра, Ғазо секторининг ғарбидаги Шати қочқинлар лагеридаги ал-Абяд жомеъ масжидига қарши уюштирилган ҳаво ҳужуми натижасида қурбон бўлганлар ва тан жароҳати олганлар қайд этилди.

Бир нечта ракета орқали нишонга олинган ал - Абяд жомеъ масжиди вайрон қилинди.

Исроил ҳарбий самолётлари Хон Юнис, ал - Шати қочқинлар лагери ва шаҳарнинг турли ҳудудларида ҳам тинч аҳоли уйларини нишонга олди.

Исроил армияси ишғол остидаги Ғарбий Соҳилдаги Жанин, Наблус ва Калкиля шаҳарларига қарши уюштирган босқинда эса фаластинлик 4 киши ҳалок бўлди, 12 киши эса тан жароҳати олди.

Исроилнинг Хон Юнис шаҳридаги тинч аҳоли уйларини нишонга олган ҳужумида эса камида фаластинлик 15 киши ҳалок бўлди, кўпчилик тан жароҳати олди.

Фаластинлик журналист Ясир Абу Намус оиласининг уйи ҳам нишонга олинган ҳужумда, журналист Абу Намус ва онаси ҳаётдан кўз юмди.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти Қассам бригадалари 7-октабр шанба куни эрталаб Исроилга қарши “Ақсо тўфони” деб номланган кенг кўламли ҳужум бошлатганини эълон қилди.

Исроил армияси ҳам ўнлаб қирувчи самолётлар орқали Ғазо секторига қарши “Темир қиличлар” деган ном остида ҳужум бошлатганини билдирди.

Ғазодан уюштирилган ҳужумларда 1 минг 400 нафар исроиллик, жумладан 309 аскар ҳалок бўлгани, 5 минг 132 нафар исроиллик тан жароҳати олгани маълум қилинди.

Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Исроилнинг Ғазога қарши уюштирган ҳужумларида 7 минг 28 нафар кишининг ҳалок бўлгани ва 18 минг 484 кишининг тан жароҳати олганини маълум қилди. Ҳалок бўлганлардан 2 минг 913 нафари ёш бола, 1 минг 709 нафари аёл киши, 397 нафари эса кексалардан иборат.

Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда Исроил кучлари билан яҳудий кўчманчилар уюштирган ҳужумлар оқибатида фаластинлик 110 киши ҳалок бўлгани, 1 минг 900 киши тан жароҳати олгани билдирилди.

Уруш майдонида кўпчилиги Исроил бомбардимони оқибатида 25 нафар журналист жон берди.