loader
Foto

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Джо Байденнинг сўзларига жавобан 7000 дан ортиқ ҳалок бўлганларнинг исмларини эълон қилди

АҚШ президенти Джо Байден уруш бошланган 7 октябрдан бери ҳалок бўлганлар сони масаласини шубҳа остига қўйганидан бир кун ўтиб, пайшанба куни Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган 7028 кишининг исмларини эълон қилди.

Байден Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда, ҳозиргача Исроил томонидан ўлдирилган одамлар сони ҳақида "фаластинликлар ҳақиқатни гапиряптими ёки йўқлигини билмайман" деди. "Аминманки, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди ва бу уруш олиб боришнинг бадали", - дея қўшимча қилди у.

Бунга жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлиги анклавда ҳалок бўлган ҳар бир одамнинг исм-шарифи, ёши, жинси ва идентификация рақамлари ҳақида батафсил маълумот берувчи 210 саҳифалик ҳисоботни эълон қилди. Вазирлик ҳисоботнинг инглиз тилидаги версияси тез орада чоп этилишини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф ал-Қудранинг айтишича, АҚШ маъмурияти ўлганлар сонининг тўғрилигини уялмасдан шубҳа остига қўйтгани учун "инсон стандартлари, ахлоқи ва инсон ҳуқуқларининг асосий қадриятларидан маҳрум"дир.

"Исроил босқинининг халқимизга қарши олиб борган геноцид уруши ҳақидаги ҳақиқатни тафсилотлари ва номлари билан бутун дунё олдида чиқишга қарор қилдик", деди у.

Ҳисоботда 7 октябрдан 26 октябрь маҳаллий вақт билан соат 15:00 га қадар 7 028 фаластинлик, жумладан 2 913 нафари болалар ҳалок бўлгани айтилади.

Ҳаммаси бўлиб 3129 аёл ва 3899 эркак ўлдирилган. Ҳалок бўлган номаълум одамлар сони 218 кишини ташкил этади, аммо улар якуний қурбонлар сонига киритилмаган.

Ҳисоботда, шунингдек, касалхонага олиб келинмасдан кўмилган одамлар, шифохоналар рўйхатга олиш жараёнини якунлай олмаганлар ёки вайроналар остида бедарак йўқолганлар бор, уларнинг сони 1600 га яқин бўлиб, уларнинг кўплари ўлган деб тахмин қилинмоқда. Шундай қилиб, вазирлик қурбонларнинг ҳақиқий сони ҳисоботдагидан анча юқори бўлиши мумкинлигини айтди.

"Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги эшиклари барча муассасалар учун очиқлигини тасдиқлаймиз", деди Кудра.

"Дунё аҳли билсинки, ҳар бир рақам ортида исми ва шахси маълум бўлган шахснинг ҳикояси бор. Халқимиз эътибордан четда қолдириб, писанд қилмаслик мумкин бўлган одамлар эмас".

Байден ҳалок бўлганлар сонининг тўғрилигига шубҳа қилган бўлса ҳам, HuffPost Давлат департаменти яқинда Ғазо секторидаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига 20 га яқин "вазият ҳисоботи"да иқтибос келтирганини хабар қилди.

Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) Байденнинг сўзларини "ҳайратланарли ва ғайриинсоний" деб атади ва уни кечирим сўрашга чақирди.

"Ғазо секторидан ҳар куни чиқадиган сон-саноқсиз видеоларда фаластинлик аёллар ва болаларнинг жасадлари ва бутун бошли шаҳар даҳалари ер билан битта бўлганлиги кўринади", деди CAIR ижрочи директори Ниҳод Авад.

"Президент Байден ушбу видеоларнинг баъзиларини томоша қилиши ва ўз уйлари вайроналари остидан олиб чиқилаётган эзилиб ўлган болалар ёлғонми ёки урушнинг мақбул нархими деб ўзидан сўраши керак. Униси ҳам эмас, буниси ҳам".

Кўплаб экспертлар Фаластин вазирлиги томонидан тақдим этилган рақамларни, унинг очиқлиги, манбалари ва ўтмишдаги баёнотларнинг тўғрилигини ҳисобга олган ҳолда ишончли деб ҳисоблашади.

Human Rights Watch нинг Исроил ва Фаластин бўйича директори Умар Шакир шу ҳафта бошида Washington Post газетасига вазирлик рақамлари "умуман олганда ишончли бўлиб кўринаётганини" айтди.

"Ҳамма Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларидан фойдаланади, чунки улар ишончли бўлиб чиқди", деди у. "Биз аниқ зарбалар бўйича рақамлар билан ўз текширишимизни ўтказганимизда, мен қандайдир жиддий тафовут бўлган бирорта ҳолатни билмайман"