loader
Foto

Исроилнинг Ғазога уюштирган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8306 нафарга етди

Фаластин анклавининг 21 048 нафар аҳолиси жароҳатланган

Исроил-Фаластин можаросининг сўнгги авж олган 7 октабрдан буён Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8306 кишига етди.

Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Ашраф ал-Қудра Ал-Шифа касалхонасида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, қурбонлар орасида 3457 нафар бола ва 2136 нафар аёл бор.

Фаластин анклавининг 21 048 нафар аҳолиси жароҳатланган.

Департамент вакилининг қўшимча қилишича, 25 касалхона ишдан чиққан ва 25 та тез ёрдам машинаси ўққа тутилган.

Ал-Қудранинг таъкидлашича, Исроил ҳарбийлари атайлаб тез ёрдам машиналарига ҳужум қилиб, минтақадаги гуманитар фаолиятга тўсқинлик қилмоқда.



Исроил-Фаластин можароси



7 октабр куни эрталаб Хамаснинг ҳарбий қаноти Иззаддин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Хамаснинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ХАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлган фаластинликларнинг қарийб 70 фоизи аёллар ва болалардир.

Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилишлари ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси зудлик билан гуманитар оташкесимга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат овоз берди. Бироқ Исроил бу таклифни рад этди.