loader
Foto

Шарқ ва Ғарб битимга келдими?

Бу Католик черкови раҳбарининг Арабистон ярим оролига илк ташрифи бўлиб, бундай ҳодиса, бевосита теологик аҳамиятдан ташқари, албатта, муҳим геосиёсий ва маданий жиҳатларга ҳам эга бўлиб, жиддий фикрлаб чиқишни талаб қилади.

Мусулмонлар «кўча» онгида, халқ кўпчилигида, католиклар асрлар давомида Фаластиндаги муқаддас ерларни озод қилиш баҳонасида урушлар очган ва ўзгалар ерларини босиб олган шафқатсиз салибчилар бидан боғлиқ равишда тасаввур қилиб келинган. Европанинг католик мамлакатларида Ислом ва мусулмонларни ўтакетган ёвуз ва жоҳил қилиб кўрсатиш учун Қуръоннинг сохталаштирилганлиги олдиндан маълум бўлган таржималари чоп этиларди. Католикларнинг фарзандлари мактабда ўқиб-ўрганган «Илоҳий комедия»да Данте олийҳиммат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни Жаҳаннамнинг энг тубига «жойлаштирган» эди.

Мана энди, ХХ асрда «салибчилар юришлари»га оқ фотиҳа берган ва бу ерда амалга оширилган жиноятлар учун индульгенциялар берган папаларнинг ворислари бошқа динлар вакилларига бўлган муносабатларини қайта кўриб чиқдилар. 1965 йил Иккинчи Ватикан собори «Nostra aetate» (лат.: бизнинг вақт) декларациясини қабул қилган бўлиб, унда мусулмонларга махсус боб бағишланган ва улар бу ерда биринчи марта «магометан» эмас, «муслим» деб аталган, улар чин худога сажда қилиши, одоб-ахлоқ ҳақида қайғуриши ва ҳ.к. ёзилганди. Бу декларация эътиқод конгрегациясига киритилган Католик черкови таълимоти мавқеини олган.



Шундан сўнг католиклар ва мусулмонлар ўртасида жонли мулоқот йўлга қўйила бошлади. Папа Бенедикт томонидан  Византия императорининг мусулмонлар ҳақида фикридан муваффақиятсиз иқтибос келтириши мусулмонлар жамоатида қаттиқ норозиликка сабабчи бўлди ва 138 нафар мусулмон уламо Папага хат ёзиб, унда одамларнинг Худога ва Худонинг одамларга умумий муҳаббати заминида бирлик излашга даъват қилдилар.

Яқин вақтларгача мана шундай шароитлар кузатиларди. Баногоҳ, ҳозирги Рим Папаси Ислом дунёси томон янги ва жиддий қадам қўйди. Агар бу пайтгача Папалар насронийлпр кўпчиликни ташкил қилган, насронийлар учун муқаддас жойлар кўп бўлган, аслини олганда насронийлик шу ерларда вужудга келган Сурия, Миср ва Туркияга ташриф буюришган бўлса, эндиликда Папа Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ватани – 7-асрдан бошлаб Ислом маҳаллий аҳолининг мутлақ кўпчилиги учун бошқа муқобил вариантсиз динга айланган Арабистон ярим оролининг соҳил қисмига ташриф буюрди.

Бунда Папанинг таҳлил гуруҳи "ўзлари учун" имиджи бўйича жуда яхши ишлади ва насронийлар нигоҳида Папа Ғарбда энг ҳурматга сазовор бўлган Франциск Ассисий изидан миссионерлик сафарини ўтказди: «Тақдири азални қарангки, бу Франциск Ассисийнинг султон ал-Малик ал-Комил ҳузурига ташрифидан 800 йил кейин келган Франциск исмли Папа бўлди», - деди Папа. Папанинг омма олдида бажарилиши шарт бўлган месса эса – Абу-Дабидаги мессада 150 минг киши иштирок этди (бу асосан, гастарбайтерлар эди) – бу эса сафарга миссионерлик характери бахш этади.

Шу билан бир вақтда Амирликлар саройида инсоният биродарлиги мавзусига бағишланган халқаро ануман бўлиб ўтди.  Эҳтимол, бу мусулмонлар учун масаланинг одатий қўйилиши бўлиб кўринмас, чунки бизнинг муҳитимизда одамлар одатда мусулмон биродарлиги ҳақида гапиришади, бу ерда улар бутун инсониятнинг биродарлиги ҳақида гапирилади. Анжуман ташкилотчиси сифатида Абу-Дабида Бутунжаҳон мусулмон олимлари кенгашига муқобил вариант сифатида ташкил этилган Ислом мутафаккирлари кенгаши иштирок этди. Мутафаккирлар кенгашига Ал-Азҳар шайхи муфтий Аҳмад Тайиб бошчилик қилади.

Анжуманда Россия номидан бир неча киши: Чеченистон муфтий ўринбосари Турко Даудов, Ислом маданияти, фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш Фонди директор ўринбосари д-р Али В. Полосин, РФ Мусулмонлар диний бошқармаси Раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббясов, шунингдек, Рус православ черковининг ислом масалалари бўлими бошқарувчиси бўлган вакили иштирок этди.

Афсуски, БААга ташриф вақти тиғизлиги туфайли Папа анжумани ишида қатнаша олмади, лекин у ташриф давомида сўзга чиқиб, ал-Азҳар муфтийси билан тантанали вазиятда ушбу анжуман Декларациясини имзолади. Декларацияда қуйидаги сўзлар ҳам бор:

«Сиз билан бизнинг давримизда, насронийлик ва ислом тамаддуни ўртасидаги тўқнашувни амалда кўриш, шунингдек, динни низолар манбаси сифатида кўриб чиқиш васвасаси кучли бўлган бир пайтда, биз учрашув мумкин эканлиги, ўзаро ҳурмат ва суҳбат ўринга эга бўлиши мумкин бўлган, насронийлар дунёси ва ислом дунёси маданияти ва анъаналари хилма-хиллигида умумий қадриятлар – ҳаёт, оила, диний туйғулар, катталарни ҳурмат қилиш, ёшларни тарбиялаш ва ҳ.к. қадрланадиган шароитларда яна бир муҳим ва дадил белги беришга қарор қилдик».

Анжуманга турли деноминациялардан кўплаб насронийлар: католиклар, турли мамлакатлар: Греция, Ливан, Ҳиндистондан правослалар, маронитлар ва бошқалар таклиф қилинди. Уларнинг сони тахминан мусулмонлар билан тенг эди.

Бироқ Папанинг нутқига алоҳида тўхталиб ўтиш керак, чунки у бутун ташрифнинг асосий белгисига айланди. Унда Папа инсоният биродарлиги қандай тушуниши ҳақида изоҳ берди. Ҳаммамиз битта одам – Одам Атонинг авлодлари ҳисобланишимизга асосланиб, ҳаммамиз биродарлар ҳисобланамиз, ахир ҳаммамизни Аллоҳ яратган. Шу сабабли бошқа одамларга нисбатан адоват ва душманлик туйғусини ҳис қилмаслигимиз ва у билан қариндошлик алоқалари ўрнатишга интилишимиз лозим.

Бунда Рим Папаси, ўрта асрларда католиклар ўргатганидан фарқли равишда, турли динлар ўзини англашни бошқа динлар вакилларини таҳқирлаш воситасига айлантирмаслик лозимлиги ҳақида маълум қилди. Ҳаммада биродарларни кўриш ва бунда диний ўзига хосликни ёддан чиқармаслик керак. Бу католиклар черковида анча янги тенденциялар бўлиб, илгари бундай нарсалар кузатилмаган.

Рим Папаси ўз мурожаатида қадимий бир белгидан фойдаланди. Зайтун новдаси билан оқ кабутар Нуҳ пайғамбарга, Библияга мувофиқ, сув босиши якун топгани, пайғамбар ва унинг яқинлари жон сақлаган (ўша пайтда қутқариб қолинган бутун инсоният) кема мустаҳкам ерга қадам қўйганидан хабар беради. Шудан буён кабутар тинчлик ва қутқарилиш рамзи ҳисобланади.

"Бугун биз ҳам, Худо ҳаққи, дунёни қутқариш учун, бўронларга тўла дунё уммонини кезиб чиқиши мумкин бўлган кема -  биродарлик кемасига бир оила каби киришимиз лозимдир ", деди Папа.

«Биродарлик» унинг нутқида асосий сўзга айланди. Биродарликнинг бошланғич нуқтаси шундаки, Худода умумий инсоният оиласини тан олиш лозим. «Агар ҳар бир инсон шахсияти ва ҳар бир инсон ҳаётининг муқаддаслигини сақламасак, Яратганга ҳурмат бажо келтира олмаймиз, - таъкидлади Папа, - ҳар бир инсон учун бир хил ҳуқуқларнинг тан олиниши ерда Худонинг исми шуҳрат қозонишини англатади». Шу сабабли ундан нафрат ва зўравонликни оқлаш учун фойдаланиш Худонинг номини ёмонотлиқ қилиш оғир гуноҳи саналади: «Диний нуқтаи назардан оқланиши мумкин бўлган ҳеч қандай зўравонлик йўқ».

Папа диний плюрализмни биродарликнинг бир кўриниши деб атади: "Мен католик черковининг ишончини яна бир марта таъкидламоқчиман: агар биз Худонинг суратида яратилганларнинг баъзилари билан биродарлик қилишдан бош тортсак, ҳамма одамларнинг Отаси Худога мурожаат қила олмаймиз".

Келинг, бундай кенг кўламли тадбирнинг мақсадларини кўриб чиқайлик. У кимга керак эди ва ким ундан фойда кўрди?

Мусулмонлар учун у Ислом дунёсининг очиқлигини ва самимийлигини дунёнинг қолган қисмига кўрсатиш учун керак эди. Менимча, бу мақсадга уч кун ичида иложи борича эришилди.

Яна мураккаб савол: бу Ватиканга нимага керак эди? Авлиё Франциск Ассисий излари бўйлаб сафар қилиш учунми? – Бундай бўлиши қийин. Бундай сафарлар учун католикларнинг йўлларида тинчроқ йўналишлар кўп. Шунга қарамасдан, унинг мазмуни қўшни Саудия Арабистонида экстремистлар билан ишлаш бўйича янги марказларнинг бири номида яққол акс этган – «Онгни ўзгартириш (тузатиш) маркази» - чуқур ислоҳотлар даврида Ғарб айнан ушбу жараёнда ва ўз мақсадлари билан қатнашиш учун Шарққа боришга қарор қилди. Лекин салибчилик кунлари вақтидаги каби эмас, балки қўлидаги зайтун новдаси билан.

Хўш, мусулмонлар кўп асрлик бой тарихга эга ва мен бу ерда бирон нарсадан хавотир қилиш учун асос кўрмаяпман. Шу сабабли бизнинг идрок қилишимиз Папанинг қуйидаги сўзларига ҳамоҳанг: ҳар кунги суҳбат «бошқалар фойдасига бундан воз кечиш керак бўлмаган ўзини танишни кўзда тутади», - изоҳ берди Папа. У «бошқачалик жасорати» тушунчасига тўхталиб, шу сабабга кўра биз «биз бошқа кишини ва унинг эркинлигини тўлиқ тан оламиз ва бунинг натижасида унинг асосий ҳуқуқларини ҳар доим ва ҳар жойда тасдиқланиши учун ҳаракат қилишга уринамиз». Айнан «бошқачалик жасорати» хоҳиш-истаклар самимийлигига асосланган суҳбатнинг руҳи ҳисобланади.

Муаллиф: Али Вячеслав Полосин

Абу Муслим таржимаси