loader
Foto

Шаҳид бўлган мусулмонлар сони 9 мингдан ошди, уларнинг учдан бири ёш болалар

Жаҳон ҳамжамиятининг талабларига қарамай, Исроил Ғазодаги қирғинни давом этдиришини билдирди.

Исроил армиясининг расмий вакили Дэниэль Хагари берган баёнотга кўра, Исроил армиясининг пиёда қўшинлари Ғазо шаҳрини тўлиқ қамал қилишиган. Эслатиб ўтамиз, Ғазо ҳудудининг умумий майдони 360 квадрат километр бўлиб, узунасига 40 километр, энига бор-йўғи 6-12 километрни ташкил қилади.

 

Солиштириш учун айтадиган бўлсак, бу Москва шаҳри ҳудудидан бир неча маротаба кичик. Мана шу ҳудудда бугун 2,5 млн. киши яшайди ва бу ҳудудни дунёда аҳоли энг зич яшайдиган жойлардан бирига айлантирган.

 

Аҳоли зичлиги ва шаҳар кўчаларининг торлиги боис бу ерда Исроил олиб бораётган урушда жуда кўп тинч аҳоли қурбон бўлмоқда. Охирги маълумотларга кўра, 7 окбярдан бери бу ерда 9 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Уларнинг учдан икки қисми аёллар ва ёш болалар.

 

Ғазо бир томондан Исроил ва иккинчи томондан Ўрта ер денгизи билан чегарадош бўлгани боис, шундоҳам қамал ҳолатида яшаётган эди. Исроил бу ерга сув, газ ва электр таъминотини узиб қўйгач, аҳвол жуда оғирлашган. Алоқа тизими ҳам деярли бутунлай узиб қўйилгани сабабли у ердаги аҳвол ҳақида маълумот олиш жуда қийин.

 

Сўнгги кунларда БМТ, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро қизил ҳоч каби нуфузли ташкилотлар ва юздан ортиқ давлатларнинг чақириқ ва талабларига қарамай, Исроил аскарлари ўз хунрезликларини тўхтатмаяптилар. Куни кеча бу урушда Исроилни миллиардлаб доллар маблағ ва бошқа ҳарбий-техник томондан қўллаб келаётган раҳнамоси АҚШ ҳам урушни вақтинча тўхтатиб туришга чақиришга мажбур бўлди. Лекин Хагарининг сурбетлик билан айтишича, “ҲАМАС ташкилоти билан сулҳ ёки урушни тўхтатиб туриш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас”.

 

Бу вақт орасида БМТнинг Ғазодаги тўртта мактаби бомбардимондан сақланиш жойига айлантирилди. Лекин улар ҳам бомбардимонлардан зиён кўрган. Бунгача Исроил аскарлари касалхона ва қочқинлар лагерини ҳам ракетадан ўққа тутган. натижада касалхонада жон сақлаб турган 800 қочқин ва бемор ва Жабалия лагеридаги қочқинлардан ўнлаб киши ҳалок бўлган.

 

Бугунги кунда чет элликлар ва яраланган фаластинликлардан иборат 400 киши Ғазони тарк этиб, Мисрга ўтди. Миср ҳукумати Ғазодан яна 7 минг кишини олиб чиқиш устида ишлаётганини билдирди.

 

Исроил 7 октябр куни ҲАМАС уюштирган ҳужум оқибатида 1400 киши ҳалок бўлгани ва 200 дан ортиқ одам гаровга олингани маълум қилган. Уларнинг баъзилари чет эл фуқаролари.

Оқбура, Бишкек