loader
Foto

Фаластин ғояси ва халқаро ҳуқуқ

Исроилнинг Қуддусни яҳудийлаштиришга қаратилган ўнг қанот саъй-ҳаракатлари фонида, фаластинликлар халқаро ҳуқуққа мурожаат қилишди. 107 давлат Фаластинни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО)га тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш учун овоз берганида, фаластинликларнинг халқаро миқёсда тан олинишига бўлган интилиш катта қадам бўлди.

АҚШ, Канада, Германия, Исроил ва яна 10 давлат ташаббусга қарши чиқди, 52 давлат, жумладан Буюк Британия овоз беришда бетараф қолди. Таклифга эътироз билдиришдан ташқари, АҚШ ҳукумати, агар Фаластин тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган бўлса, бундай ҳаракатларга рухсат берувчи узоқ йиллик Конгресс резолюцияси асосида Юнесконинг 60 млн долларлик молиявий ёрдамини дарҳол тўхтатишга ҳаракат қилди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд таъкидлаганидек, овоз бериш натижалари "афсусланарли, муддатидан олдин ва Яқин Шарқ бўйича кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик келишувига эришиш бўйича умумий мақсадимизга тўсқинлик қилади".

Исроилнинг Юнескодаги доимий вакили Кармел Шама Акоэн (Carmel Shama Hacohen) бу қарорнинг "оловга мой сепаётгани"ни айтди ва Фаластин маъмуриятини "террорни қўзғатаётганликда ва давом эттираётганлик"да айблади.

Қонуният

Тинчлик жараёнининг тўлиқ барбод бўлгани ҳамда Американинг аввалги ва амалдаги маъмуриятлари ишғолнинг зарарли ва зўравонлик хусусиятини ўзгартира олмагани ёки юмшата олмаганини ҳисобга олсак, Қўшма Штатлар ва Исроилнинг Фаластин ташаббусига муносабати табиийдир.

Ҳар йили 3 миллиард долларлик маблағ ва қурол-яроғ етказиб беришдан ташқари, Қўшма Штатлар сионистик давлатни максимал ҳимоя билан таъминлайди ва Фаластин давлатчилиги масаласига кўпроқ эътибор қаратиш ва ишғолга барҳам беришга қаратилган Фаластиннинг ҳаракатларига қарши чиқади.

Фаластинликлар БМТнинг бир қатор комиссиялари, ташкилотлари ва ҳуқуқий тузилмаларига аъзо бўлиш учун ариза топширганларида, Исроил ҳукумати АҚШга халқаро ташкилотларни молиялашдан бош тортиш ва фаластинликларни ҳам худди шундай таҳдид билан жазолаш учун босим ўтказа бошлади.

Айни пайтда, Фаластиннинг Юнескога аъзо бўлиш учун аризаси АҚШ ҳомийлигидаги муваффақиятсиз "тинчлик жараёни" га муқобил йўл топишга уринишлардан бири бўлиб, унинг фонида аҳоли пунктларини қуриш ва Фаластин ҳаётининг барча жабҳаларида Исроил ишғол ҳокимияти аралашуви давом этмоқда.

ЮНЕСКО кун тартибининг навбатдагиси Жазоир, Миср, Қувайт, Марокаш, Тунис ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан илгари сурилган резолюция лойиҳасини кўриб чиқиш бўлиб, унда улар БМТ органини "Ғарбий девор ал-Ақсо масжидининг Буроқ майдони деб аталадиган бир қисмига тегишли эканлигини эълон қилиш ва тасдиқлашга чақиришмоқда. Худди шу фикр Мағриб дарвозасига ҳам тегишли".

Буроқ майдони бўйича баҳс янгилик емас ва 1929 йил қўзғолонидан кейин Британия мандати даврида экспертлар комиссияси томонидан батафсил ўрганилган.

Сионист кўчманчилар Британия мандати маъмурияти остида тан олингандан сўнг, улар Усмонийлар империяси қулагандан кейин эришилган статус-квони ўзгартиришга ва эгалик ҳуқуқига қарши чиқишга ҳаракат қила бошладилар.

Комиссия Фаластиндаги яҳудий ва мусулмон жамоалари вакилларининг далиллари ва гувоҳликларини ўрганиб чиқиб, "...Мусулмонлар Ғарбий деворга мутлақ эгалик ва мутлақ мулк ҳуқуқига эга" деган хулосага келди.

Бундан ташқари, Мағриб аҳолисининг вақф мулки ўша пайтда яҳудийлар девор орқасида ибодат қилиш учун фойдаланилган ҳовлига туташган йўлак ва майдонни ўз ичига олган.

Марказий нуқта

Саймон Рикка (Simon Ricca) ўзининг "Мерос, миллатчилик ва Йиғи деворининг ўзгарувчан рамзи" мақоласида ёзади: "XV асрда яҳудий "зиёратчилар ва саёҳатчилар учун марказий нуқта ... Йиғи девори эмас, балки Эски шаҳар ташқаридаги Зайтун тоғи, у ерда маъбаднинг вайрон бўлиши хотирасига йилда бир марта маросим ўтказиларди.

Йиғи девори деб аталадиган жой фақат унинг буйруғи билан бир қатор вақф лойиҳалари ва Қуддус деворларини тиклаш бўйича ишлар амалга оширилган Усмонийлар Султони Сулаймон даврида шундай қилиб ажратилган.

Усмонийлар меъмори Хўжа Синан бу ерни ҳозирги кўринишида лойиҳалаштирган ва девор баландлигини ошириш учун ўша ерда қазиш ишларини ташкил қилган, яна бир параллел девор қуришни ҳам режалаштирганлиги ва шу тариқа объектни Мағриб кварталидан ажратиб турадиган эни 3,5 м хиёбон яратганлиги ҳақида далиллар мавжуд.

Олти кунлик урушдан сўнг дарҳол Исроил Буроқ девори яқинидаги жойга эгалик қилиш учун даъво қилди ва 1967 йил 11 июнь ҳолатига кўра Мағриб кварталида жойлашган 131 та кўчмас мулк объектини мусодара қилди ва йўқ қилди.

Биз замонавий фотосуратларда кўриб турган Ғарбий девор олдидаги очиқ ҳовли, аслида X асрда шакллана бошлаган тарихий Марғиб кварталининг жойлашган жойидир.

Бузилган барча бинолар кўп йиллар давомида қурилган вақф мулкининг кенг инфратузилмасининг бир қисми эди. Булар меҳмон уйлари, сўфий марказлари, мактаблар ва диний характердаги бошқа муассасалар эди.

Қуддусни яҳудийлаштириш

Мағриб кварталининг мухтори Муҳаммад Абдул-Ҳақ унга ва 1967 йилда ва ундан кейин қочишга мажбур бўлган бошқа оилаларга етказилган жароҳатларни тасвирлайди. У шундай деб эслайди: "Уй бузиб ташланганидан бир неча кун ўтгач, хотиним ва болаларим уйимиз турган жойга қайтиб келишди ва Исроил бульдозерлари вайроналарни тозалагунча, кийим-кечакларимиз ва биз олиб улгурмаган бошқа нарсаларни олиш учун кутишди".

Фаластинликларнинг ўз ҳуқуқларини, хусусан, мулкий ҳуқуқларини исботлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Америка Қўшма Штатларининг барча қаршиликлари ва қийинчиликларга қарамай, тўғри ишдир. Исроил ҳуқуқи Қуддусни яҳудийлаштиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда, фаластинликлар ўз эътиборини бошқа томонга буриб, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху идорасига босим ўтказиш ва уни босиб олинган ҳудуд аҳолисининг барча маҳрумликлари учун жавобгарликка тортиш учун халқаро ёрдам сўрамоқда.

Юнескога аъзо бўлганидан кўп ўтмай, Фаластин БМТ Бош Ассамблеяси ва Халқаро Жиноят Суди аъзолигига қабул қилинди, бу биргаликда Исроил ишғол ҳокимиятини халқаро ҳуқуққа мувофиқ жавобгарликка тортиш имконини беради. Бу фаластинликлар учун қанчалик тез ҳақиқий ўзгаришларга олиб келишини кўриш керак, аммо бу қадамларнинг узоқ муддатли аҳамиятини эътибордан четда қолдирмаслик лозим.

"Ҳуқуқ ҳимоя қилинар экан, йўқолмайди" деган машҳур ибора фаластинликлар ўз ерлари, уйлари ва муқаддас қадамжоларига бўлган ҳуқуқларига қанчалик қатъийлик билан интилаётганига қараб амал қиладилар.

Манба: Aljazeera  

Абу Муслим тайёрлади