loader
Foto

Франция фаластинликларга ёрдам сифатида 100 миллион евро ажратади

Пайшанба куни бўлиб ўтган халқаро конференцияда Франция президенти Эммануэль Макрон Франция ҳукумати Фаластин халқига инсонпарварлик ёрдами учун қўшимча 80 миллион евро ажратишини маълум қилди ва бу ёрдамнинг умумий миқдорини 100 миллион еврога етказади, деб хабар беради Euronews.

Франция президенти 50 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган Ғазо секторидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро конференцияда нутқ сўзлади.

Маҳаллий аҳолини дори-дармон, сув, ёруғлик, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш анжуманнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Макрон Исроилни тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақириб, "ҳаётий қадриятлар ҳамма жойда бир хил" ва терроризмга қарши кураш "ҳеч қачон қоидаларсиз тугамаслигини" айтди.

У Ғазо секторига гуманитар ёрдам етиб бориши учун ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирди.

“7 октябрь куни Франция Фаластин халқига 20 миллион евро миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатишини маълум қилди, энди эса бу миқдорни жорий йилда 100 миллион еврога етказамиз”, – деди Макрон.

Шунингдек, у барча мамлакатларни Фаластин фуқароларига БМТ орқали ёрдам беришга чақирди.

Франция президенти БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил аҳолиси 1,2 миллиард доллар (1,12 миллиард евро) миқдорида инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эканини таъкидлади.

Макрон баъзи мамлакатларнинг Ғазо сектори аҳолисига ёрдам бериш бўйича ташаббусларини юқори баҳолади, жумладан, парашют орқали тиббий буюмлар етказиб берган Иордания, дала касалхонасини ташкил этган БАА, денгиз гуманитар коридорини ташкил этишни таклиф қилган Кипр ва ҳаво кўприги қурган Европа Иттифоқи ҳам бор.

“Умид қиламанки, бугунги конференция ҳам бизнинг саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга ёрдам беради”, – деди Макрон.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИ фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами миқдорини тўрт баробарга оширганини таъкидлади.

"Ғазода ҳар соатда олти бола ҳалок бўлади", – дейди Фаластин Бош вазири Мохаммед Штайен.