Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо шаҳридаги Ал-Шифо касалхонаси аҳолини қабул қилиш учун яроқсиз эканлигини эълон қилди. Бу ҳақда BBCга хабар беради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазонинг асосий тиббий муассасаси бўлмиш Ал-Шифо касалхонаси оғир ва хавфли ҳолатда эканлиги, электр таъминоти узилгани, озиқ-овқат ва сув етишмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус касалхона яқинидаги отишмалар ва портлашлар аллақачон оғир вазиятни янада оғирлаштирганини ва Ал-Шифо энди касалхона сифатида фаолият юрита олмаслигини маълум қилди.
Ал-Шифо жарроҳлик бўлими раҳбари доктор Марвон Абу Сааданинг ВВCга айтишича, учинчи эрта туғилган чақалоқ электр қуввати йўқлиги сабабли вафот этган.
ВВC агентлиги бу ерда жарроҳлик бўлимида 20 нафар чақалоқни суратга олди.
ХАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ томонидан тақдим этилган янгиланган маълумотларга асосланиб, 2300 киши ҳамон Ал-Шифо касалхонасида эканлигини айтди. Касалхонада 600 дан 650 гача бемор, 200 дан 500 гача тиббиёт ходимлари ва 1500 га яқин одам бошпана топган.
Исроил президенти Исаак Герцогнинг айтишича, бино остида ХАМАС базаси жойлашган, гуруҳнинг ўзи бу даъвони рад этади. Исроил армияси жанговар ҳаракатлар пайтида касалхонага ҳужум қилмаганини маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, Ғазода 11 мингдан ортиқ одам ўлдирилган, улардан 4,5 мингдан ортиғи болалар.