Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинг ва ростгўйлар билан бирга бўлинг» (Тавба сураси, 119-оят).
«...Ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар...» (Аҳзоб сураси, 35-оят).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост сўзлайверар экан, натижада Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ - ўта ростгўй деб ёзиб қўйилади. Ёлғон бузуқликка бошлайди. Бузуқлик эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапиравераркан, натижада Аллоҳнинг ҳузурида каззоб - ўта ёлғончи деб ёзиб қўйилади», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ. Ростгўйлик ўзи шундоқ ҳам яхши нарса бўлса, унда яна қанақа яхшиликка бошлайди, деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, рост гапириш ўзи яхшилик. Бироқ аввалига инсон бироз уриниш билан рост гапираётган бўлса, бора-бора ростгўйлик унга сингиб, табиатидан жой олади. Табиатига бир яхши хислат қўнгач, у яна бошқа яхши хислатни чақиради. Шунингдек, ҳадиснинг давомидаги ёлғон ҳақида айтилганларни ҳам шундай тушуниш керак.
Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши айтганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сени шак-шубҳага соладиганни шубҳага солмайдиган нарсага тарк эт. Зеро, ростгўйлик - хотиржамликдир. Ёлғон эса шубҳадир», деганларини ёдлаб олганман» (Термизий ривоят ҳилиб, уни саҳиҳ ҳадис, деганлар).
Шарҳ. Демак, шубҳали бўлган ишни тарк қилиб шубҳали бўлмаган ишни қилиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда рост ва ёлғон чалкашадиган ўринларда уларни қандай ажратиб олиш учун олтин қоидани ўргатмоқдалар. Кўнгил хижил бўлиб. шак-шубҳа пайдо қиляптими, демак, бу ерда шариатга тескарилик ҳиди бор. Бундан эҳтиёт бўлган маъқул.
Ровий ҳазрат Алий розияллоҳу анҳунинг ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳудир. У кишининг кўриниши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ўхшаш бўлган. Ҳижрий учинчи йил Рамазон ойида туғилганлар. Туғилганида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзлари Фотима онамизникига келганлар. Чақалоққа Ҳар (жазирама) деб исм кўйишган экан. Расулуллоҳ унинг исми Ҳар эмас, Ҳасан бўлишини айтганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этганларида саккиз ёшда бўлган эсаларда, у зотдан тўғридан-тўғри ўн учта ривоятлари бор. Эллигинчи йилда заҳар бериб ўлдиришган. Қирқ етти-қирқ саккиз ёшда вафот этиб, Бақиъ қабристонига, оналари Фотима розиял-лоҳу анҳонинг ёнига дафн этилганлар.
Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда, Ҳирақл билан ўрталарида кечган суҳбат асносидаги қуйидаги гапларни айтиб берадилар:
«Ҳирақл: «Хўш, сизларга нималарни буюрмокда?» деб Пайғамбар алайҳиссаломни назарда тутиб сўради. Айтдим: «Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилинглар, унга ҳеч кимни шерик қилманглар. Ота-боболарингиз айтадиган гапларни эса қўйинглар», деб айтади. Шунингдек, намозга, ростгўйликка, иффатли бўлиш ва силаи-раҳмга буюради» (Муттафакун алайҳ).
Шарҳ. Уша вақтда ҳали мусулмон бўлмаган Абу Суфён розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломни таърифлаши зоҳиран ижобий кўринса-да, бироқ ўзи бундан норози эканини сезиш қийин эмас. Зеро, «Муҳаммад бизга ота-боболарнинг ишини қўйинглар, дейди» деган гап билан ўзининг эътирозини ҳам билдириб ўтяпти. Ўзи инсон табиати шундай, ота-боболарга тескари юришни истамайди.
Ростгўйлик Пайғамбаримиз алайҳиссаломгагина хос хислат эмас. Балки ҳамма пайғамбарлар, солиҳ кишилар тўлиқ ростгўй бўлганлар.
Ровий саҳоба Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб розияллоҳу анҳу аввалига Исломнинг ашаддий душманларидан бўлганлар. Имконияти борича Исломни йўқотишга ҳаракат қилган. Ислом даъвати энди ошкор қилиниб, Қурайш орасида ёйила бошлаганда Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толибникига қурайшлик бир неча катталар келиб, «Жиянингга айт, истаганини берамиз, шу гапларини йиғиштирса бўлди», дейишганида ораларида Абу Суфён ҳам бор эди. Ҳижрат арафасида тунда Расулуллоҳ алайҳиссаломга нисбатан суиқасд уюштириш режа қилинган мажлисда ҳам бор эди. Қисқаси, Абу Суфён мусулмонларга қандай йўсинда зарар келтириш мумкин бўлса, битта қўймай қўл урган.
Макка фатҳ қилинган кун Аббос розияллоҳу анҳу уни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига олиб келганда, уни ўлдирмасликни буюрдилар. Ҳатто Маккадан чиқариб юбормадилар ҳам. Балки яна бир бор унга мусулмон бўлишни таклиф этиб:
«Мусулмон бўлиш вақти келмадими, ахир Аллоҳнинг бир экани тўлиқ исботини топди-ку», дедилар.
«Аллоҳ номига қасам, сиз ҳақиқатан ҳам алоқаларни мустаҳкам тутадиган, ўртани ислоҳ этадиган киши экансиз. Агар Аллоҳдан бошқа худо бўлганда мен ҳозир бу кўйга тушмаган бўлардим. Не-не номи улуғ бутларга сиғиндим. Лекин бугун ўшалар менга туриб беролмади».
«Хўш, мен ҳақ пайғамбар эканимга амин бўлиш вақти келгандир энди?!»
«Тўғрисини айтсам, бу тўғрисида ҳали иккиланмокдаман», дейди.
Аббос розияллоҳу анҳунинг яна тушунтиришлари натижасида унинг иккиланиши ариб, Исломни қабул қилди.
Абу Суфённинг ўзи, ўғли Муовия, аёли Ҳинд бинту Утба ҳаммалари Расулуллоҳ ҳаётликларида Ҳунайн, Тоиф қамали, Ярмук жанг-ларида қатнашганлар.
Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижрий 31-34 йиллар оралиғида ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудаврида саксон саккиз ёшда вафот этганлар.
Абу Собит (ёки Абу Саид ёки Абулвалид) Саҳл ибн Ҳунайф (у киши Бадр жангида қатнашганлар) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким Аллоҳ таолодан шаҳидликни сидқидилдан сўраса, Аллоҳ уни шаҳидлар манзилига етказади. Агар у тўшагида вафот этса ҳам», дедилар» (Муслим ривояти).
Шарҳ. Бадрда қатнашганлик саҳобалар ўртасида ўзига хос жиҳат бўлгани учун ҳадис ривоят қилган вақтида уларнинг Бадрий эканига алоҳида урғу бериб ўтилади. Бошқа бир ҳадисда Аллоҳ таоло Бадр аҳлига алоҳида марҳамат кўрсатиб: «Энди нима қилсангиз қилаверинглар, сизлар учун жаннат тайин бўлди», деб айтгани ҳам бор.
Ҳадисдан маълум бўладики, рост ният, рост амал орқали ҳам шаҳидликка эришиш мумкин. Аксинча, ният яхши бўлмаса, уруш майдонида жанг қилиб ҳалок бўлса ҳам сиртдан шаҳид деб қаралсада, лекин ҳақиқий шаҳид бўлолмайди.
Ровий саҳоба Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу. Кунялари ҳақида бир неча фикрлар бўлгани учун Абу Собит, Абу Саид ва Абул-валид деб, учта қарашни келтирадилар. Бадр ва бошқа барча ғазотларда иштирок этган. Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўраб олиб мудофаа қилган бир неча саҳобалар қаторида бўлган. Жамал ҳодисасидан кейин Басра шаҳрига волий бўлганлар.
Сиффин жангида ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу тарафда бўлганлар. Кўринишлар чиройли бўлган. Бир куни чўмилаётганда уни ансорийлардан бир аёл кўриб қолиб, беихтиёр: «Бунча гўзал бадан бўлмаса! Бунақа баданни кўрмаган эдим» деб юборади. Кўзи тегиб Саҳл касал бўлиб қолади. Бу гап Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етганда, «Одамлар биродарининг жисмига ё мол-давлатига қараганда дуо қилмайди-да, кейин кўзлари тегиб қолади» деган мазмунда изоҳлаганлар бу ҳолатни.
Ҳижрий ўттиз саккизинчи йил Куфада вафот этганлар, жанозаларини ҳазрат Алий ўқиганлар. Аслида жаноза намозида тўртта такбир айтилади. Лекин бу киши бадрий бўлганлари учун олтита такбир айтилган. У кишидан жами қирқта ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Пайғамбарлардан бири (уларга Аллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин) жангга чиқар экан, қавмига айтди: «Қовушиш истагида хотин олиб, лекин ҳали қовушмаган эркак, уй қуриб томини ёпмаган киши, қўй-туялар сотиб олиб, болалашини кутиб турган киши менга эргашиб чиқмасин». Сўнгра жангга чиқиб кетди. Аср намози ё шунга яқин вақтда кўзлаган қишлоққа етиб борди. Шунда қуёшга қарата: «Сен (ўз ишингга) масъулсан, мен (ҳам ўз ишимга) масъулман. Эй Аллоҳ, уни устимизда тутиб тургин», дея дуо қилди. Шунда қуёш тутиб турилди. Натижада Аллоҳ у пайғамбарга фатҳни насиб этди. Кейин ўлжаларни тўплагач, уларни ейиш учун ўт тушди. Бироқ олов уларни емади. Шунда пайғамбар: «Орангизда (ўлжага) хиёнат бор. Ҳар бир қабиладан бир киши келиб, менга байъат қилсин», деди. Шунда (қўл бериб байъат қилаётганлардан) бир кишининг қўли унинг қўлига ёпишиб қолди. «Хиёнат сизларнинг орангиздан. Қабиланг менга байъат қилсин», деди (пайғамбар). Шунда икки ё уч кишининг қўли унинг қўлига ёпишиб қолди. «Хиёнат сизлардан бўлган», деди. Шунда улар сигирнинг бошидек олтин келтирдилар. Пайғамбар уни қўйгач, олов уларни еди. Биздан олдинги ҳеч кимга ўлжа ҳалол эмасди. Кейин биздаги кучсизлик ва ожизликни кўргани учун Аллоҳ уни бизга ҳалол қилиб берди» (Муттафакун алайҳ).
Шарҳ. Мазкур пайғамбар Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом бўлган. Ҳадисда айтилган ҳолатдаги кишиларни жангга олиб кетмаганининг сабаби улар урушда хотиржам бўлолмасдилар. Хаёллари ватанда қолганларда, уйларида ёки мол-давлатлари билан банд бўларди. Бундан хулоса қилинадики, инсон дин ишини қилаётганда хаёли жойида бўлиши керак. Чалғитадиган ҳар қандай тўсиқларни олдиндан чорасини кўриб қўйиши лозим.
Жангга жума куни аср вақтида етиб борганлар. Қуёш ботишига оз қолганди. Шанба куни эса у умматнинг шариатига кўра уруш таъқиқланганди. Шу сабабдан пайғамбар Аллоҳ таолодан қуёшни тўхтатиб туришини сўрайди. Шундай бўлади ҳам, натижада қуёш ботмасидан аввал ғолиб бўладилар.
«Мавоҳиб ладуния»да айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам мўъжиза ўлароқ қуёш икки маротаба тўхтатиб турилган. Бири Хандақ ғазотида бўлган. Ушанда қуёш ботади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилгач, Аллоҳ қуёшни қайтаради. Шунда У зот аср намозини ўқиб олганлар.
Утган умматларга жорий қилинган қонун-қоидаларга кўра улар жангда ўлжа олинган нарсаларни бир жойга йиғишлари, кейин ос-монда олов тушиб куйдириб ташлаши керак эди. Бироқ бу гал ўша жангда ундай бўлмай қолди. Сабаби тўплаб қўйилган ўлжалардан нимадир ўмарилганди.
59. Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олди-сотди қилувчилар ажралиб кетмаган бўлса, ихтиёрли бўлади. Агар рост гапирсалар, очиғини айтсалар, савдоларига барака берилади. Агар яширсалар, ёлғон сўзласалар, савдоларининг баракаси йўқ қилиб юборилади», дедилар» (Муттафакун алайҳ).
Шарҳ. «Очиғини айтсалар», «яширсалар» деган гап билан агар бирор айби-камчилиги мавжуд бўлса, ўшани айтган-айтмаган ҳолатни назарда тутмоқдалар.
Савдода молининг айбини яшириб сотган киши ҳақида бошқа ҳадисларда «Доим Аллоҳнинг норизолигида бўлади», «Фаришталар тинмай лаънатлаб туради», деганлар Пайғамбар алайҳиссалом.
Ровий Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Қурайшнинг Асад қабиласига мансуб бўлганлар. Хадича розияллоҳу анҳо онамизнинг жияни. Фил воқеасидан ўн уч йил олдин туғилганлар. Жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам халқ ҳурмат қиладиган, обрў-эътиборли киши бўлганлар. Жоҳилиятда юзта, мусулмон бўлгандан кейин яна юзта қул озод қилганлар.
Ҳижрий эллик тўртинчи йилда Мадинадаги уйларида бир юз йигирма ёшда вафот этганлар. Олтмиш йили куфрда, олтмиши Ислом-да ҳаёт кечирганлар. У зотдан қирқта ҳадис ривоят қилинган.
"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан