loader
Foto

Муовиянинг исломга кириши ва фазилатлари

Муовия розияллоҳу анҳу отаси Абу Суфён ва акаси Язид билан Макка фатҳи куни исломни қабул қилди.  Муовиянинг ўзидан қилинган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар умра қилиш учун Маккага келганларида у исломни қабул қилган, бироқ отасидан қўрқиб исломини ошкор этмаган. Макка фатҳ этилгач, Расулуллоҳга байъат қилган. Набий алайҳиссалом уни табриклаб, ваҳий котиби этиб тайинлаганлар. Муовия розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ғазотида қатнашган. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам унга юзта туя ва қирқ уқия олтин берганлар.

Уламолар Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳадисларда келтирилган баъзи фазилатларини зикр этадилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига: “Аллоҳим уни яхшиликка далолат қилувчи ва ҳидоятланганлардан қил ҳамда уни тўғри йўлга бошла”, деб дуо қилар эдилар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, Муовияга Китобни ва ҳисобни ўргат ва уни азобдан сақла” деб дуо қилганлар.

Имом Бухорий Анас ибн Моликдан, у Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг холалари Умму Ҳаром бинти Милхондан қилинган ривоятда айтилишича: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳаромнинг уйига келиб, у ерда ухлаб қолдилар. Кейин Расулуллоҳ юзларида табассум билан уйғондилар. Шунда Умму Ҳаром бунинг сабабини сўради. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ йўлида ғазот қилгани кетаётган бир гуруҳ умматларимни туш кўрибман. Улар подшоҳлардек тахтда ўтирган холда денгиз бўйлаб кемада сузиб кетишаётган эдилар” деб жавоб бердилар. Умму Ҳаром: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолога дуо қилинг, мени ҳам ўшалар тоифасидан қилсин”, дедилар. Жаноб Расулуллоҳ холаларини шундай деб дуо қилдилар-да, муборак бошларини яна ёстиққа қўйдилар. Кейин яна табассум билан уйғондилар. Умму Милхон: “Ё Расулуллоҳ нима учун куляпсиз”, дедилар. Расулуллоҳ олдингидек жавоб қилдилар. Умму Ҳаром яна: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолога дуо қилинг, мени ҳам ўшалар тоифасидан қилсин”, дедилар. Набий алайҳиссалом: “Сиз аввалгилар (яъни кемада кетаётганлар) тоифасидансиз”, дедилар. Ҳадисда айтилган денгиз бўйлаб сузиб борувчи қўшиндан мурод Муовия ибн Абу Суфён бошчилигида 649 йили Кипрга борган қўшин назарда тутилади, чунки Умму Ҳаром ҳам ўша қўшин таркибида бор эди. Умму Ҳаром Муовия розияллоҳу анху қўшини билан Кипрга борган ва ўша ерда вафот этган.

Муовия розияллоҳу анҳу Тоиф ғазотидан кейин Мадинада уч йил давомида Расулуллоҳ соллалоху алайҳи ва салламнинг хузурларида ваҳий котибларидан бири бўлди. У ваҳий котиби бўлган вақтда Набий алайҳиссаломнинг турли қабилаларга йўллаган мактубларини ҳам ёзарди.

Муовия ибн Абу Суфён Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан 163 та ҳадис ривоят қилди. Имом Бухорий ва Имом Муслим шу ривоятлардан тўрттасига иттифоқ қилган бўлсалар, алоҳида ҳолда Имом Бухорий тўртта, Имом Муслим бешта ҳадис ривоят қилган. Қуйида улардан баъзилари келтирилади:

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”.

Зуҳрий Ҳамид ибн Абдураҳмондан ривоят қилади, у Мадинада Муовия розияллоҳу анҳунинг одамларга шундай деб хитоб қилаётганини эшитган: “Эй, Мадина аҳли, уламоларингиз қаерда? Мен Расулуллоҳдан: “Бу Ашуро куни, унда бизга рўза тутиш фарз қилинмади. Бироқ сизлардан ким рўза тутишни хоҳласа, тутиши мумкин. Албатта, мен рўзадорман”, деганларини эшитдим. Шундан кейин кўплар рўза тутдилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу Муовия ибн Абу Суфёндан қилган ривоятда у шундай дейди: Расулуллоҳнинг бундай деганларини эшитганман: “Мўминнинг жасадига азият еказувчи мусибатдан нима-ки етса, Аллоҳ таоло уни гуноҳлари учун каффорот қилади”.

Муовия ибн Абу Суфён айтади: Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким намозда бирор нарсани унутса, ўтирган вақтда иккита сажда қилсин” деганларини эшитдим.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳақида ботил ҳадислар ҳам тарқалган. Уларнинг баъзиси халифани мадҳ қилувчи ҳадислар бўлса, баъзилари Муовия ибн Абу Суфённи ёмонлаш учун тўқиб чиқарилган. Албатта, бу каби ҳадислар тўқима ҳадислар бўлиб, муҳаддислар уларни “мавзу ҳадислар” номи остида келтирганлар.

С.Умматалиевнинг

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан