loader
Foto

Журналистика одоби нима?

Журналистика одоби — бу журналистларнинг хулқ-атвори ва ҳаракатларини белгилайдиган умумий қоидалар ва тамойиллардир. Асосан, гап холислик ва адолатлилик, бошқаларнинг шахсий ҳаётига ҳурмат, мустақиллик, инсон ҳуқуқлари ва бошқалар ҳақида боради.

— Париж декларациясида журналистикадаги халқаро касбий одоб-ахлоқ тамойиллари акс этган.

— Журналистиканинг Европа деонтология кодекси*

•    деонтология — бу ахлоқ ва одоб ҳақидаги фан.

Шунингдек, ҳар бир мамлакатда деярли ўз Миллий журналистика одоби кодекслари мавжуд. Масалан, Польша журналистлари уюшмаси журналистика одоби кодексида қуйидагилар баён этилган:

— Журналистларнинг вазифаси аниқ ва холис ахборот тақдим этиш, шунингдек, жамоатчилик муҳокамасида қатнашиш ва уларни ёритишдан иборат.

— Сўз ва ифода эркинлиги матбуот, радио, телевидение ёки интернетдаги нашрлар учун жавобгарлик билан бирга бўлиши керак.

— Ўқувчилар, тингловчилар ва томошабинлар манфаатлари ҳамда жамоат манфаати муаллиф, муҳаррир, нашриётчи ёки эфир тарқатувчининг манфаатларидан устун туриши керак.

— Объектив ахборот талқин ва фикрдан аниқ ажратилган бўлиши керак. Ахборот мувозанатли ва аниқ бўлиши керак, шунингдек, ўқувчи фактни тахмин ва миш-мишлардан фарқлай олиши, маълумот эса тегишли кўринишда ва имконият даражасида ишончли ва турли манбалар асосида тақдим этилиши керак.

— Қандайдир рақамлар ёки фактлар ноаниқ бўлиши мумкин, аммо улар қасддан бузиб кўрсатилмаслиги ёки ташқи босим натижаси бўлмаслиги керак.

— Хатолар, муаллиф ёки таҳририятнинг хатоси бўлмаса ҳам, зудлик билан, имкони борича тезроқ тузатилиши шарт.

— Материалларни йиғишда ноқонуний ва ғайриодобий усуллардан, масалан, яширин камера ва микрофондан фойдаланишга йўл қўйилмайди. «Тинглаш» фақат жамоатчилик манфаатларига хизмат қилувчи журналистик суриштирувлар ўтказилаётган ҳолатлардагина рухсат этилади.

— Шахсий ҳаёт ва шахсий ҳудуд дахлсизлиги бузилмаслиги керак. Фақатгина тегишли вазиятларда — масалан, журналистик суриштирув доирасида истисно қилиниши мумкин.

— Журналист маълумот манбасини, информаторнинг исмлари ва ташқи кўриниши ҳақидаги маълумотларни сир сақлаши шарт, агар бу ҳақда улардан сўралса.

— Интервью ёки маърузачилардан олинган фикрларнинг мазмуни ўзгартирилишига йўл қўйиб бўлмайди.

— Интервью олинаётган кишига унинг баёнотлари қандай ишлатилиши ҳақида айтиб қўйилиши керак. Болаларнинг баёнотлари фақат ота-оналари ёки қонуний васийлари рухсати билан ишлатилиши мумкин.

— Журналистлар идеологик, маданий ёки маънавий фарқлардан қатъий назар, инсонларга ҳурмат кўрсатиши керак, бу уларнинг қарашларини қўллаб-қувватлашни англатмайди.

— Жисмоний ёки ақлан нотўлиқ, ёши улуғ, касал ва ночор одамларга зарар етказмаслик учун эҳтиёткорлик қилиш зарур.

— Эҳтиёткорлик билан турли янги даволаш усуллари ҳақида маълумот бериш керак, чунки улар тўлиқ синовдан ўтказилмаган ва ҳали тажрибавий ҳисобланади.

— Ўз фикрингизни ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик билан билдиринг, ҳақоратли ёки номаъқул терминлардан сақланинг.

— Жиноятлар ва гумон қилинувчилар ҳақида ёзганда энг эҳтиёткор бўлинг. Қайтадан ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш учун ишлатилиши мумкин бўлган тасвирлардан сақланинг. Шуни унутмангки, одам жиноятда айбдор эмас, то суд бошқача қарор чиқармагунча.

— Урушлар, тартибсизликлар ва намойишларни тасвирлашда журналистлар фақат кузатувчи бўлиб қолишлари керак, уларнинг ҳеч бирига қўшилмасликлари керак.

— Ўлим манзаралари ва урушлар, фалокатларнинг қонли оқибатларини олдинги планга чиқариш тақиқланади. Зўравонлик ва шафқатсизликни тасвирлаш ва кўрсатиш, аудиториянинг сезувчанлигига, айниқса, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва улар яқинида бўлганларга нисбатан ҳурмат сақлаган ҳолда, аниқлик ва эҳтиёткорлик мувозанатини сақлабгина амалга оширилиши мумкин.

— Журналистиканинг мустақиллиги қиммат бўлган совғалар билан мувофиқ келмайди. Ўзингизни сотиб олишга йўл қўйманг. (Пул учун келишиб ишламайди)

— Журналистлар реклама акцияларида иштирок этмасликлари керак. Истисно фақат ижтимоий фаолият ва хайрия ишларда иштирок этиш мумкинлигидир. Таҳририят мазмуни реклама ва рекламавий материаллардан аниқ ажратилиши керак.

— Жосуслик реклама ва ўз манфаати йўлида маълумотни яшириш қораланадиган ҳаракатлардир.

— Журналист ўз касбий фаолияти жараёнида олган ва жамоатчиликка ошкор қилинмаган маълумотларни ўз шахсий манфаатлари учун ишлатмаслиги керак.

— Журналистларни бевосита сиёсий фаолиятда иштирок этишга жалб қилиш ҳам шубҳали иш ҳисобланади. Журналистлар партиялар ва давлат фаолиятида иштирокдан озод бўлишлари керак.

— Ҳамкасблар ва ходимлар ўртасидаги муносабатларда журналистлар ҳамкор бўлишлари керак. Ношаръий рақобат ва бошқалар ишини эгаллаб олиш мумкин эмас.

— Нашриётчилар ва оммавий ахборот воситалари эгалари журналистни ўз ишончига зид иш қилишга мажбур қила олмайдилар. Журналист ўзининг қонуний ёки касбий одоб-ахлоқ қоидаларига ёки ишончларига зид топшириқларни рад қилиш ҳуқуқига эга.

— Журналистика одоби қоидаларини бузиш учун нашр муаллифи, муҳаррир ва оммавий ахборот воситалари эгаси жавобгар ҳисобланади.

Абу Муслим