loader
Foto

Ўғрилар шайх ҳазратларининг қўлларини кесмоқчи бўлганми?

ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Тўғри, рамазон ийди номози жумҳуриятимиз ойнаи жаҳони орқали бутун Ўрта Осиё халқларига кўрсатилишини эътиборга олиб, шу улуғ байрам куни қилинган ваъз — насихатни ҳозирги куннинг учта энг катта муаммоси — зино, ароқхўрлик ва ўғрилик масаласига бағишлаган эдик. Унда ўғрилар ва ўғрилик тўғрисида Қуръони Карим оятлари, Пайғамбар алайҳиссалоту васаллам ҳадислари асосида сўз юритиб, жиноятчиларни бу жирканч йўлдан қайтариш ва уларга нисбатан Ислом дини қабул қилган чораларни баён этган эдик. Бу ваъз-насиҳат ҳалол одамларда яхши таассурот қолдирганлиги ҳаммага маълум. Бироқ ўғриларга қандай таъсир қилди, буни Аллоҳнинг ўзи билади. Ҳеч бўлмаса, улар қилаётган ишларининг нотўғри эканини, мусулмончиликка асло тўғри келмаслигини бир оз тушунган бўлсалар ажаб эмас.

Лекин ғийбатчи, бўҳтончи, миш-мишчилар бу нарсадан ҳам ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уриниб кўришди. Улар ўғриларнинг қўлини кесиш керак деган фатво чиқаргани учун жиноятчилар муфтийнинг қўлини, оёғини қесиб кетибди, уйига ўт қўйиб, ўғлини ўлдиришибди ва бошқа-бошқа гапларни ҳар тарафлама тарқатдилар; кишиларнинг орасига парокандалик солдилар, ноқулай ҳолат туғдирдилар. Ҳаттоки, менинг ўйимга, ишхонамга ўзоқ-яқин жойлардан кишилар йиғлаб келиб Худога шукр, бут экан, дейишгача етишишди. Улардан, нима бўлди, деб сўрасам, одамлар: «Ўғрилар муфтийнинг қўлларини кесибди», дейишди. Мана шу ўринда ҳам миш-миш ва бўҳтонлар ҳақидаги Ҳадиси шарифнинг нақадар муҳим ва зарур эканини кўрдингизми?