loader
Foto

The New York Times: Си Цзиньпин уйғур мусулмонларини сиқувга олишга тўлиқ карт-бланш берди

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, маълум бўлишича, партияни «диктатура органлари»дан мусулмон халқларига қарши қаттиқ сиёсат олиб боришга чақирди ва ҳатто маълум мақсадлар учун фуқаролик эркинликларига эътибор бермасликнинг мисоли сифатида 11 сентябр воқеаларидан кейин Американинг «терроризмга қарши уруш»ини эслатиб ўтди.

Си Цзиньпин сепаратистик ёки радикал қарашларга алоқадор фуқароларга «бир томчи ҳам шафқат кўрсатмаслик» кераклигини айтди (маълумки, Хитойда булар қаторига диний қарашларнинг кенг доираси киритилади).

Ошкор бўлган ёпиқ ҳужжатларда мусулмонлар қандай қилиб лагерларга жойлаштирилгани, хитойлик амалдорлар ҳибсга олинган уйғурлар фарзандлари билан қандай алоқа ўрнатиши кераклиги ва бошқа нарсалар ҳақида батафсил маълумот берилган, дея хабар беради IslamNews.

Хусусан, хитойлик расмийларга таътилда уйга қайтаётган ҳамда ота-оналари ва оила аъзоларининг йўқлигини кўрган талабаларни уларнинг қариндошлари «ўз фойдалари учун» лагерга жойлаштирилгани тўғрисида хабардор қилиш топширилди. Расмийлар мусулмонларга лагерлардаги қариндошлари уйдагидан яхшироқ эканлигига, давлат уларнинг овқатланиши ва турар жой ҳаражатларини сахийлик билан қоплашига ишонтириши лозим.