loader
Foto

Ғарб Ислом билан муроса қилиши мумкинми?

 Ислом ва Ғарб азалдан узвий ришталар билан боғланган. Аммо лекин узоқ вақт давом этган маданий ва фалсафий алоқаларга қарамай, Ғарб ҳазораси Исломни Европа қадриятларига бўлган таҳдид сифатида қабул қилиб, уни кескин рад этади. Исломга нисбатан адоват ёки бошқа сўз билан айтганда исломофобия ғарб дунёси учун янгилик эмас, балки сўнгги йигирма йил давомида қалқиб чиққан феноменга кўпроқ менгзайди. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг янги “глобал таҳдид”нинг пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлиб, кўплар янги муқобил “ёвузлик империясини” излашга тушиб қолдилар. Баъзи тортишувлар ҳамда 1979 йилги Эрон иқилобига ўхшаш ҳодисалардан сўнг эътибор Исломга қаратила бошланди.

11 сентябр 2001 йилги ҳужум, Лондон ва Мадриддаги портлатишлар сиёсатчилар, манфаатдор кучлар ва Исломга қарши бўлган гуруҳларнинг ҳийла-найранглари (манипуляция) оқибатида, яъни Исломни Ғарб учун экзистенциал хавф сифатида гавдалантириш йўли билан Ғарбда исломофобиянинг ўсишига олиб келинди. Шундай бўлса ҳам, бугун “мусулмонлар муаммоси” бор деб тасаввур қилган тақдирда ҳам Европада истиқомат қилаётган миллионлаб мусулмоларнинг ўзларининг бир қисми деб қабул қила олмаётганидан дарак беради. Бу Европада сақланиб келинаётган ва ўз ҳудудларида ҳар қандай ижтимоий ҳамжиҳатлик асосида яшашга бўлган урнишнинг беҳудага кетиши, яъни "аутсайдерства" ҳолатига бир мисолдир. Бугун европа мамлакатлари ўзининг омма олдидаги соҳаларида илк бор “бегоналар” билан дуч келмоқда. Европа ўзининг евромарказ мафкурасидан воз кечиб, бошқалар билан ҳамжиҳат бўлиб яшаш усулларини ишлаб чиқиши топшириши лозим бўлган имтиҳон синовидир.

Европада нималар рўй бермоқда? Эҳтимол, Европа сиёсати Холокост оқибатларини унутганлар ва озчилликка нафрат қўзитиш орқали сиёсий ҳокимиятни қўлга олишга интилаётганларнинг қўлидадир!? Бу сиёсатчилар жамиятда мусулмонлардан қўрқиш уруғини сочиб, барча ижтимоий ва иқтисодий муаммолар манбаси эканини кўрсатишга уринишмоқда. Давлат ва сиёсатчилар мусулмонлар жамоаларига хавфсизлик нуқтаи назарлари билан қарашмоқда. Хавфсизлик масаласи энди давлат ҳимояси ва унинг миллий чегараларини қўриқлаш билан чекланиб қолмай, иммиграция, этник ва диний идентификация муаммолари билан шуғулланган ҳолда ушбу чекловлар доирасидан чиқмоқда.

Исломофобия - бу аҳолининг фуқаролик, диний эркинлик ҳуқуқлари сақлаш билан боғлиқ бўлган муаммодир. Бу маълум маънода Ислом ва мусулмонларга нисбатан душманлик демакдир. Жамиятда мусулмонлар ўзларининг ибодатлари, ахлоқ-одоби, яшаш тарзлари ёки ўз либослари билан мавжудлиги баъзилар учун тоқат қилиб бўлмас нарсага айланди. Шариат қонун қоидаларига кўра жонлик сўйишга қаршилик, жамоат жойларида ҳижоб ўраш учун белгилаб қўйилган жарималар, баъзи сиёсатчиларнинг (Герт Вилдерс каби) чиқишлари, карикатуралар, Швецариядаги миноралар қуришга қаршилик, Белгиядаги ҳайвонларни шаърий сўйиш учун жорий қилинган солиқлар, шунингдек бу нарсалар баъзи мактаб ва компаниялардаги дискриминацион ҳаракатларида ҳам яққол намоён бўлди. Бу ҳақиқий сабр ва тоқатни синаш учун бўлаётган очиқдан очиқ синовнинг ўзгинасидир.

Европа давлатларида ёнаётган исломофобия гулханига ОАВ ҳам ўтин қаламоқда. ОАВнинг муаммоси шундаки, улар исломофобия муаммоси билан қандай муомала қилишни билишмайди. Кўпгина Ғарб нашрлари мусулмонларни қонхўр бир қиёфада тасвирлаши ҳам тарихий илдизга эга. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда  Усмонийлар акс эттирилган лавҳалар (комикслар), тарихий комедия ва черков қайдномаларида, ғарб пьесаларидаги кўринишларига назар солсак бу нарсаларнинг ифодасини яққол қўра оламиз. Демак, санъатда ҳам, ОАВда ҳам аллақачон мусулмонлар ҳақидаги тарихий тасаввурлар ҳукмронлик қиляпти. (Яъни ғарб ҳалигача ўша эски тасаввурлар билан яшаяпти).

Оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ муаммолар биринчи ўринга чиқмоқда. Газеталар аудитория нимани ёқтирса ўша нарсани босиб, сотмоқда. Улар аввало харбий конфликтларни ёритади, сўнг эса сиёсий масалалар. Экстремизм ҳақида гап очилгудек бўлса, оммавий ахборот воситалари мусулмонлар ҳақида гапиришни бошлайди. Ҳақиқатдан ҳам экстремизм бугунги куннинг долзарб маслаларидандир ва бу нарса барча динга тегишли. Муаммо шундаки, мусулмонлар ҳақида гап очганида Ғарб ОАВлари уларни ягона экстремистлар сифатида кўрсатишга диққат қилишади.

2001 йилда ОАВ хабарларининг 2 фоизида экстремизм масалалари ёритилган бўлиб, кенг миқёсдаги мусулмонлар ҳаёти фақат 0,1 фоизни ташкил қилган. 2011 йилга келиб, мусулмон дунёси ҳақидаги хабарлар улуши аввалгидек 0,1 фоиз қолгани ҳолда, экстремизм мавзуси хабарларнинг 25 фоизини ташкил қилган. ОАВ ўзининг диққат эътиборини мусулмон экстремизмига қаратиши инсонлар онгида исломофобиянинг шаклланишига ёрдам берди. Аслида, экстремистик ҳаракатларни танқид қилишнинг ёмон жойи йўқ, аммо ОАВлари бундай ҳаракатларни бир динга ёки бутун бошли бир жамоага нисбат бериб, талқин қилиши  бу масалада жиддий муаммо мавжудлигидан дарак беради.

Агар оммавий тартибсизликлар Европа мамлакатларининг бирида содир бўлса, бутун дунё диққати шу ҳодисаларга қаратилган бўлади. Мисрда шундай нарсалар содир бўлганида Франция ва Оллмониянинг жуда кўп газеталари бу нарсаларни оддий ҳодиса сифатида тақдим қилдилар. Баъзи мамлакатлар эса, фаолиятсиз сиёсатини танлашди, яъни бу ҳодисаларга умуман муносабат билдиришгани йўқ (Жон Эспозито айтмоқчи: “ҳаракатсизлик – ҳаракат деганидир”). Жим туришлик жараённинг фақат давом этишига хисса қўшади, Мисрдаги ҳодисаларга кўз юмиш эса, яширин исломофобия важининг ифодасидир.

Эҳтимол, мусулмонларнинг исломофобия асосидаги ҳужумларнинг ҳар бирига жавоб беравериши ҳам ўринли эмасдир. Бироқ, мусулмонлар бераётган жавоблари асосида исломофобияни легетим қилишга уринишда сиёсий қасд борга ўхшайди. Мақсад – мусулмонлар жамоасини намойишлар уюштириш, ҳатто зўровонликка қўл уришга мажбурлаш ва оқибатда уларни агрессив ва хавфли қилиб кўрсатиш фитнаси, иғвосидир. Бу фитнадан барча мусулмонлар, айниқса Ғарбда яшовчи мусулмонлар огоҳ бўлиши ва ўйинлардан узоқда туришлари лозим бўлган нарсадир.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан энг муҳим масала бу фикр эркинлиги ва нафрат қўзғаш орасидаги фарқдир. Фикр эркинлиги аксар ҳолатларда нафрат  ва тоқатсизликни уйғотиш учун баҳона қилинмоқда. Яъни, фикр эркинлиги душманчилик йўлида қурбон қилинмоқда. Камситишга қарши қонунлар жуда кўп мамлакатларда кучга киришига қарамай жамиятда тақатсизликка қарши ҳамда тинч ва осуда ҳаёт кечириш учун керак бўлган қонунларга талаб ҳали ҳам бор. Бу асосий талаб одамларнинг сиёсий-маданий майдонда бир-бирларининг қадриятларига зарар келтиришнинг олдини олиши мумкин. Сўз ва фикр эркинлиги нафрат асосидаги чиқишларда тарғибот қуролига, воситасига айланмаслиги керак. Шунинг учун ҳам исломофобик асосидаги чиқишлар ижтимоий майдонда тинчликка асос бўлган мусулмон ва европаликларнинг ҳамжиҳат бўлиб яшашлари учун тўғридан тўғри катта хавфни келтириб чиқаради. Чунки, нафрат асосидаги  жиноятлар нафратни тарғиб қилувчи тарғиботлардан кейин содир этилади. Фикр ва ғояларни билдириш ва камситиш оҳангидаги гап сўзлар орасида аниқ-тиниқ чегара бўлиши керак. Ўзга миллатлар қадриятларни ҳақорат қиладиган гап-сўзлар, чиқишлар, барча ижтимоий мауммолар илдизи сифатида бошқа миллат ва жамоалар кўрсатилса ҳамда бу кўрсатмалар асосида одамларни бир бирига ҳужум қилишга мажбур қиладиган нарсалар ҳеч ҳам ўз фикрини эркин ифода қилиш дегани эмасдир. Нафрат ва тоқатсизлик асосидаги жиноятлардан сиёсий иғво воситаси сифатида фойдаланиш тинчликка олиб борадиган йўл эмас, билакс бу “психологик террор”нинг бир кўринишидир.

Мусулмон жамоалари Европа мамлакатларининг мусулмонларга бўлган қарши муносабатларининг ўзгариши ҳамда уларни ўз фуқаролари сифатида қабул қилишлари маъносида  маънавий ва сиёсий ёрдамга мухтождир. Ғарб Дон Кихот синдромидан халос бўлиши керак. Бу жараённинг муваффақияти Европа ўзининг ўзлигини қайта кўриб чиқиши ва том маънода маданиятлараро жамият қуришига ёрдам бериши мумкин.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади