loader
Foto

Қуръони каримнинг илмий эъжози

Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илм-маърифат, Мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Бу эса Набий алайҳиссалом илмий масалалардан мутлақо бехабар эдилар, деганидир. Лекин шунга қарамай, Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг сирини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан ниҳоятда тараққий этган бизнинг давримизга келиб, у нарсалар аён бўлди.

Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» деган ном билан аталувчи халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиб илмидагилар Қуръони Каримнинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари – кимёвий, тарихчилар – тарихий, физиклар – физик, мунажжимлар – фазовий ва ҳоказо ҳар бир илм соҳиби ўз илми доирасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Ғарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилганлар ва ҳануз қабул қилмоқдалар.

Баъзи мисолларни келтириб ўтишга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида шундай дейди: «Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлганини, бас, уларни очганимизни ва сувдан хар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?» (30-оят).

Бу оятда айтилишича, осмонлару ер аслида бир нарса бўлиб, сўнгра бир-биридан ажралган. Ушбу оят Қуръоннинг мўьжизаларидан бири эканини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади.

Олимларнинг айтишларича, бутун борлиқ бир газдан иборат бўлиб, кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтадиларки, ерда туқсон икки хил турли моддалар бўлиб, шундан олтмиш еттитаси қуёшда ҳам бор экан. Қуёшдаги кўп учрайдиган моддалар, масалан, азот, фосфор, темир, карбон ва бошқалар ерда ҳам учрар экан.

Яна уламолар ой жинсларини олиб, ўрганиб кўрганларидан сўнг, ойда ҳам ердаги моддалар борлиги маълум бўлди. Буларнинг ҳаммаси шуни кўрсатиб турибдики, Қуръонда айтилганидек, оламдаги барча нарсаларнинг асли бир экан.

Энди оятнинг «ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни» деган қисмига келсак, бу – уламолар сирини очган илмий ҳақиқатлардан энг каттасидир, десак муболаға бўлмас. Ҳаёт ва ўсиш учун зарур бўлган барча кимёвий ўзгаришлар, албатта, сувсиз бўлмайди. Сув хаётнинг давом этиши, барча коинот ва набототнинг яшаши учун асосий нарсадир.

Ер юзасининг тўртдан уч қисми сув билан ўралган. Сувнинг хусусиятларидан бири – ер юзидаги ҳароратнинг бир хил сақланиб туришини таъминлашдир. Агар шундай бўлмаганда, ер юзида ҳаёт бўлиши гумон эди. Сувнинг хусусиятлари жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни Ўз махлуқларига зарур нарса қилиб яраттанлигига далилдир.

Сув музлаганда зичлиги камайиб, ҳажми катта бўладиган ягона моддадир. Сувда яшайдиган ҳайвонлар учун ушбу хусусиятнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Шу хусусият сабабидан совуқ қаттиқ бўлганда, муз сувнинг устига кўтарилади. Бошқа модда бўлса, пастга кетиши керак эди. Муз сув ҳай- вонлари учун зарурий нарсадир. Паст даражали ҳароратда сув ўзига кислородни кўп миқдорда тортади. Музлаган сувдан эса ҳарорат ажралиб чиқиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаётини сақлашда ғоят қўл келади.

Қуръоннинг ҳикматини қарангки, озгина сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирларини баён қилди. Фақат мана шу оятнинг ўзиёқ Муҳаммад алайҳиссаломнинг хақиқий Пайғамбар, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига етарли далилдир.

Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Сен айт: «Сизлар ҳақиқатан ҳам, ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қиляпсизми?! Ахир бу оламларнинг Робби-ку! У Зот ўша(ер)нинг устида барқарор тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир». Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар» (9-11-оятлар).

Қуръони Каримнинг мана шу оятидан дунё яратилаётган вақтда осмон тутундан иборат бўлганлиги билиниб турибди. Ҳозирги уламолар дунёнинг яралиши ҳақида турли фикрларни илгари сурганлар. Жумладан, астроном олим Жеймс Жинс (James Hopwood Jeans) айтади:

«Борлиқ яралишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан».

Доктор Жамму эса:

«Дунё вужудга келаётган вақтда у тартибли тарқоқ газдан иборат бўлган. Унинг қалинлиги ва ҳароратини тасаввур қилиб бўлмайди ва шу газда турли моддаларнинг аралашуви натижасида атом парчаланиши вужудга келди. Мана шу ҳаддан ташқари иссиқ газга қаттиқ босимнинг таъсири натижасида борлиқ вужудга кела бошлади. Иссиқ ҳарорат пасайди, газларнинг ҳаракатланиши натижасида булутлар вужудга келиб, улар юлдуз ва бошқа сайёралар сифатида шаклланди», дейди.

Қуръони Каримда борликнинг яратилиши тутундан бўлган, дейилади. Ўша вактдаги арабларга мана шу сўз (яъни тутун) таниш бўлган. Бизга замондош олимлар эса тутунни «газ» деб атаганлар, холос. Моҳият битта!

Демак, яна савол туғилади: илм дарсларида бўлмаган, савод дарси ҳам олмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон зоти англаб етмаган ҳақиқатни қаердан олиб айтганлар? Шунинг ўзи ҳам Пайғамбаримизга нозил бўлган оят Аллоҳнинг сўзи эканининг исботи эмасми?

 Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади: «Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас» (40-оят).

Мазкур оят тўлқинларнинг остки ва усткига бўлинишига далолат қилади. Бу ҳақда Рэйчел Карсон исмли денгизшунос олима ўзининг «Атрофимиздаги олам» номли китобида шундай дейди:

«Океандаги тўлқинларнинг энг кучлиси ва хавфлиси кўринмайдигани, денгиз қаърида бўладиганидир».

Кўп йиллардан буён Шимолий денгизга сафар қиладиган кемалар йўлни жуда қийинчилик билан босиб ўтар эди. Энди маълум бўлишича, бунга ана шу остки тўлқин қаршилик қилар экан.

1900 йилнинг бошларида скандинавиялик денгизчилар кишилар эътиборини денгизнинг остида ҳам тулкин борлигига тортдилар. Ҳозирги кунда уларнинг қаердан келиб чиқиши номаълум бўлса-да, борлиги ва кенг тарқалганлиги, ўша тўлқинлар гоҳида сувости кемаларини йўлдан суриб юбориши ҳаммага аён.

Қуръон ояти эса бу нарсаларни неча асрлар илгари айтиб ўтган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, Қуръон нозил бўлган жой – Муҳаммад алайҳиссалом туғилиб-ўсган жойларда бундай воқеалар юз бермайди. Чунки у ерда океан ва улкан денгизлар йўқ, умуман, денгизчилик тўғрисида тасаввур ҳам бўлмаган.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» (12-14-оятлар).

Ушбу оятларни чуқурроқ ўрганган одам ундаги гаплар оддий эмас, илмий маълумотлар эканини, бу маълумотлар инсоннинг тупроқдан яратилганлигига ишора эканини билиб олиши қийин эмас. Ҳам эркак, ҳам аёлдаги уруғликлардан бола пайдо бўлади. Табиийки, уруғлик ейилган овқатлардан вужудга келади. Егулик озуқалар эса тупроқдан чиққан.

Уруғлик эркак кишидан чиқиб, аёл кишига ўтадиган тирик ҳужайралардир. Бу ҳужайралар урғочи ҳужайралар билан қўшилиш учун ҳаракатга тушади ва ниҳоят, улардан бири урғочи ҳужайранинг тухумини ёриб кириб, унга аралашиб кетади. Натижада онанинг қорнида бола пайдо бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда кейин ўша уруғликни «алақа»га айлантириши ҳақида хабар бермокда. Эрнинг манийси аёлнинг тухумчаларидан бирига етиб бориб, урчиганидан сўнг икковлари бирлашиб, аралашади ва бачадонга ёпишиб, ҳомила пайдо бўлади. У эса зулукка ўхшаш бўлади. Оятдаги «алақа»дан мурод шу.

«Алақа» сўзини бизнинг тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» деган маънони англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум чувалчангга ўхшаш, қон сқрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган зулук номли ҳайвонни араблар алақа дейдилар. Араб тилида «алақ» ўзаги «ёпи­шиб», «осилиб олиш» маъносини англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб – осилиб олгани учун «алақ» номини олган. Аммо барча қадимги тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган, лахта қон» маъносини берганлар. Чунки онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки эркакнинг манийси аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқибатида лахта қон пайдо бўлади, ана ўша ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан ҳамма уламолар «алақ»ни «қотган қон», «лахта қон» деб тафсир қилганлар.

Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар билан намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказилгандан сўнг, ҳомила илми бўйича энг олий халкаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги ҳужайраларнинг (сперматозоидларнинг) зулукка ўхшашини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғи аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ҳам ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ – зулук аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар.

Чунончи, канадалик олим Кейс Мур «Инсон яратилишининг босқичлари» деб аталган китобида Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини эътироф қилган ҳолда, қуйидагиларни ёзади:

«Ўрта асрларда илмнинг тараққий этиши жуда ҳам секин борар эди. Ўша пайтларда ҳомила ҳақидаги илмдан жуда ҳам оз нарса бор эди, холос. Аммо мусулмонларнинг муқаддас Китоби бўлган Қуръони Каримда инсон эркак ва аёлдан чикадиган суюқликлардан яратилиши туғрисида баҳс кетган. Шунингдек, инсон маний деб аталган нутфадан яратилиши туғрисида ҳам сўз юритилган. Ўша нутфа аёл кишининг бачадонида қарор топиши, худди уруққа ўхшаб қолиши, олти кундан кейин урчиши ҳакидаги гапларнинг Қуръони Каримда айтилиши улуғ бир нарсадир. Ўша тушган уруғлик – маний аста-секин ривожланиб, бир парча қонга айланади. Қотиб қолган қонга ўхшаб қолади. У «алақ» дейилади. Ана шу тухумдонда урчиган нарса кўпчий бошлайди ва каттариб бориб, зулукни эслатадиган бир шаклга киради. Биз ана шуни кўриб, шаклларини чизиб қўйган эдик. Ўша зулук деб аталаётган ҳайвон ҳомиланинг Қуръонда «зулук» деб аталган ҳолига солиштириб кўриладиган бўлса, орада ҳеч қандай фарқ сезилмайди. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳомиланинг бошқа васфлари ҳам – ҳаммаси баён қилиб берилган...».

Бу эса урчишдан кейин пайдо бўладиган бир ҳолат бўлиб, маълум муддатдан кейин алақа музғага айланади. Шу вақтдан бошлаб, эмбрион шакллана бошлайди. Унда суяк пайдо бўлиб, суяк атрофида гўшт пайдо бўлади. Оятдаги «сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» жумласи ҳам Қуръони Каримнинг ажойиб мўъжизаларидан биридир.

Олимларнинг кашф қилишларича, эмбрион иккинчи ойнинг аввалида инсонга эмас, балки янги пайдо бўлаётган бақага кўпрок ўхшар экан. Иккинчи ой давомида эса унда бутунлай бошқача ўзгаришлар содир бўлиб, сув хайвони даражасидан инсон шаклига ўтар экан. «Бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» дегани шудир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам хабар берилади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

«Нутфа аёлнинг раҳмига тушганидан сўнг қирк икки кеча ўтгач, Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборади. Фаришта унга инсон суратини киритади. Унинг кулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суягини қилади. Кейин айтади: «Эй Роббим, уғилми, қизми?» Роббинг нимани хоҳласа, ўшанинг ҳукмини қилади...».

Канадалик машҳур олим Ван Броусет ушбу ҳадисдаги гапларни текшириш ниятида тажриба олиб борган. Чунончи, у замонавий жиҳозлар ёрдамида она қорнидаги ҳомиланинг беш ҳафталик ва олти ҳафталик суратларини олиб, солиштириб кўрган. Ҳомиланинг беш ҳафталик – ўттиз беш кунлик суратига назар солинганда, ундан одам боласига, инсонга ўхшаш ҳеч бир аломат топилмаган. Бу умуман бошқа бир шакл, бошқа бир тус эди. Ҳомиланинг олти ҳафталик, яъни ҳадисда айтилганидек, қирк икки кун­лик суратида эса инсоннинг тўлик шакли кўриниб турарди. Ана ўша суратни Канададаги «Сиба» ширкати оламга тарқатган ва бутун олам табиблари, шифокорлари ҳадисда айнан шу ҳолат зикр қилинганига гувоҳ бўлганлар.

Муъминун сурасининг ушбу оятларида ва Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр қилинган ҳадисларида айнан бир хил ҳолат ҳақида ха­бар берилган. Фақат ҳадисда ҳомиланинг инсон шаклини олиш муддати аниқ кўрсатилган, холос. Бинобарин, Ван Броусетнинг олган суратлари Қуръони Каримнинг илоҳий Китоб эканини ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларини тасдиқдовчи бир далилдир. Зеро, бундан 1400 йил олдин хабар берилган ушбу воқеъликларнинг бугунги кундаги илмий тасдиғи Қуръони Ка­римнинг илоҳий Китоб эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар – Аллоҳнинг элчиси эканликларига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди.

Илмий адолат ва инсоф юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, бундан 1400 йил аввал ҳомиланинг турли ҳолатлари ҳақида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган маълумотларни ўша даврда оддий одамлар тугул, табиблар ҳам билиши мушкул эди. Колаверса, ҳомиланинг суратини олиш, унинг шаклини кўриш, унинг ривожланиш босқичларини текшириш фақат XX асрнинг охирига келибгина, янги яратилган жиҳозлар ёрдамидагина мумкин бўлиб қолди.

Юқорида айтилган нарсалардан кўриниб турибдики, Қуръони Каримда зикр қилинган эмбрионнинг ривожла­ниш жараёни ҳозирги замон илмий кашфиётларидан сўнг тасдиқланди.

Айтиб ўтилган мисоллар Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари денгизидан бир томчи, холос.

Ҳозирда Қуръони Карим эъжозининг кўплаб турлари бўйича алоҳида китоблар чиқмоқда. Биз бу ишни ўша китобларга ҳавола қилиб, сўзимизни шу ерда тўхтатамиз.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ